2 июнь куни "Ҳаж – 2026" мавсумининг навбатдаги гуруҳ зиёратчилари, хусусан, улар сафидаги 100 нафар "Президент ҳожилари" муборак диёрда ҳаж амалларини тўлиқ адо этиб, юртимизга эсон-омон етиб келишди.
Ҳожиларни Президент Администрацияси Диний-маърифий масалалар бўйича департаменти бошлиғи Музаффар Камилов, “Ҳаж - 2026” ишчи гуруҳи раҳбари - Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов шунингдек, таниқли уламолар, имом-домлалар, мутасаддилар ва ОАВ вакиллари эҳтиром ила кутиб олишди.
Эслатиб ўтамиз, ҳожиларимиз муборак диёрда ҳар бир қадамда кўрсатилган эътибор ва ғамхўрликни ҳис этишди. Муқаддас жойларда ҳаж арконларини ихлос билан бажарган зиёратчилар сафар давомида муҳтарам Юртбошимиз, меҳридарё халқимиз ҳақига дуолар қилиб келишди.
Она Ватан бағрига соғ-саломат қайтиб, яқинлари билан дийдорлашган ҳожиларимизнинг юз-кўзларида шукроналик, мамнунлик ҳисси дилларга янада хурсандчилик улашди.
Аллоҳ таоло барча ҳожиларимизнинг ҳажларини мабрур, ибодату дуоларини мақбул айласин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллиги, «Вақф хайрия» жамоат фонди ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида кам таъминланган оилаларнинг 35 нафар фарзанди учун суннат тўйи ўтказилди.
Хайрли тадбир давомида болажонларга кийим-кечаклар ва совға-саломлар тақдим этилиб, уларнинг қувончига қувонч улашилди. Тўйхонада ош дамланиб, меҳмонлар ва юртдошларга дастурхон ёзилди.
Бундай хайрли ва саховатли ишлар мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида амалга оширилиб, халқимизга бўлган меҳр-эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Сирдарё вилояти вакиллиги матбуот хизмати