Шу йилнинг 3 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги «Кўкалдош» ва «Хожа Бухорий» ўрта махсус ислом таълим муассасалари талабалари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлишди. Билим юрти мударрислари бошчилигида ташкил этилган ушбу маърифий саёҳатдан кўзланган асосий мақсад ёшларни юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва аждодларимизнинг бой илмий мероси билан яқиндан таништиришдан иборат бўлди.
Саёҳат доирасида марказ мутахассислари томонидан талабалар учун махсус маҳорат дарси ташкил этилиб, унда Ислом цивилизацияси ривожи, юрт алломаларининг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси ва қадимий қўлёзмалар билан ишлаш усуллари ҳақида муҳим маълумотлар берилди.
Сўнгра талабалар марказда сақланаётган ноёб қўлёзмалар, замонавий интерактив кўргазмалар ҳамда Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий каби улуғ зотлар ҳаётига бағишланган бўлимларни катта қизиқиш билан кўздан кечирдилар.
Бу каби тадбирлар бўлажак диний соҳа ходимларини ватанпарварлик, илмга муҳаббат ва аждодлар меросига садоқат руҳида тарбиялашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Муваффақиятга эришганлардан бири шундай ҳикоя қилади: “Мен фақир бўлиб туғилдим, бешикдалигимдан йўқчилик мен билан бирга бўлди. Онамнинг қўлида ҳатто қотган нон ҳам йўқ бўлган пайтларда бир бурда нон сўраш аччиқлигини туйдим. Ўн ёшга етганимда кўчага ишлаш учун чиқа бошладим, йилда бир ойгина ўқирдим. Ўн бир йиллик оғир меҳнатдан сўнг йигирма бир ёшга етган вақтимда саксон доллар эвазига биргина ҳўкиз ва олтита қўзичоққа эга бўлдим. Шу ёшга етгунимга қадар роҳатланиш учун бир сўм ҳам сарфламадим, топган барча пулларимни жамлар эдим. Ҳақиқий машаққатни бошдан кечирдим, яшаш учун узоқ иш изладим, охири аравага ҳўкизни қўшиб ўтин теришга ўтдим. Бир ойда олти долларга эга бўлиш учун эртадан кечгача бор кучим билан ишлар эдим. Ушбу олти долларнинг ҳар бири менга қоронғу зулматдаги тўлин ойдек гўзал кўринар эди”.
Шуъла: Агар ўтмишда хатоларга йўл қўйган бўлсангиз энди улардан таълим олинг. Улардан ибрат олганингиздан сўнг барчасини унутинг.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан