Ибратли ҳикоялар
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу
Ҳикоямиз мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайдиган аёл ҳақида. Унинг турмуш ўртоғи фабрикада ишлайдиган жуда банд инсон эди. Унинг кундузи ҳам, кечаси ҳам деярли бўш вақти бўлмасди.
Кунларнинг бирида ўқитувчи ўқувчиларига ўз орзулари ҳақида иншо ёзиш вазифасини берди. Болалар иншо ёзишга киришдилар. Дарс тугагач, устоз барча иншоларни йиғиб олиб, баҳолаш учун уйига олиб кетди.
Ўқитувчи иншоларни бирин-кетин ўқиб чиқар экан, тўсатдан бир иншога кўзи тушиб, қаттиқ йиғлаб юборди. Шу пайт эри хонага шошилиб кириб:
— Нима бўлди? — деб сўради.
Аёл:
— Мана шу иншони ўқиганим учун йиғлаяпман, — деди.
— Нега? Иншо нима ҳақида экан? Қани, бир кўрайчи.
— Сизга ўқиб берайми?
— Майли, ўқинг.
— Бир боланинг орзуси телефон бўлиш экан.
— Нима?!
— Ҳа, у шундай деб ёзибди: «Телефон бўлишни хоҳлайман».
Аёл иншони ўқишда давом этди:
«Аллоҳим, мени телефонга айлантириб қўй. Шунда бутун оилам — ота-онам, ака-укаларим ва опа-сингилларим менга эътибор беришади.
Аллоҳим, мени телефонга айлантир. Чунки отам ишдан уйга келганда менга қарамайдилар, аммо телефондан бошларини кўтармайдилар. Соатлаб видеолар томоша қиладилар.
Аллоҳим, мени телефонга айлантир. Шунда онам уйга келганларида менга бақирмайдилар. Ахир телефон билан кулиб, мамнун бўлиб вақт ўтказадилар-ку!
Аллоҳим, мени телефонга айлантир. Токи телефоннинг ўрнини мен эгаллай.
Аллоҳим, мен кўп нарса сўрамайман. Фақат оилам атрофимда тўпланиши учун телефон бўлишни хоҳлайман, холос».
Ота аёлининг йиғлаётганини кўриб:
— Қандай бечора бола экан! Унинг ота-онаси жуда ҳам бепарво кўринади, — деди.
Бу гапни эшитган аёл янада қаттиқроқ йиғлай бошлади.
Эри ҳайрон бўлиб:
— Нега яна йиғлаяпсиз? — деб сўради.
Аёл кўз ёшлари ичида жавоб берди:
— Ўғлимиз менинг синфимда ўқишини ва мен унинг ўқитувчиси эканимни унутдингизми? Бу иншони сизнинг ўғлингиз ёзган...
Ҳурматли ота-оналар!
Илтимос, фарзандларингизга вақт ажратинг. Ҳеч қачон уларни ҳис-туйғулардан маҳрум деб ўйламанг. Болалар жуда таъсирчан бўладилар. Улар ҳатто энг кичик нарсаларга ҳам эътибор берадилар.
Фарзандингизнинг юзидаги умид ва қувонч табассумини кўришни хоҳлайсизми? Бу сиз уларга қанча пул берганингизда ёки қандай ўйинчоқ, велосипед олиб берганингизда эмас. Балки уларга кўрсатадиган меҳрингиз, эътиборингиз ва ажратадиган вақтингиздадир.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бирингиз мутасаддидир ва ҳар бирингиз қўл остидагилари учун масъулдир”, деганлар.
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисни ёдлаб, бошқаларга етказган кишилар ҳақида бундай деганлар:
نَضَّرَ اللَّهُ امْرَأً سَمِعَ مِنَّا شَيْئًا فَبَلَّغَهُ كَمَا سَمِعَهُ
"Биздан бир сўз эшитиб, уни қандай эшитган бўлса, шундай етказган кишининг юзини Аллоҳ ёруғ қилсин" (Имом Термизий ривояти).
Бу муборак дуо асрлар давомида муҳаддис уламоларга куч ва ғайрат бағишлади. Улар ҳадисларни тўплаш учун чўл-саҳроларни кездилар, узоқ мамлакатларга сафар қилдилар, очлик ва қийинчиликларга сабр қилдилар. Баъзи муҳаддислар атиги бир дона ҳадисни текшириш учун ойлаб йўл босганлар.
Имом Шарафуддин Тийбий раҳматуллоҳи алайҳ мазкур ҳадисни шарҳлар экан, жумладан, бундай дейдилар:
وَإِنَّمَا خَصَّ حَافِظَ سُنَّتِهِ وَمُبَلِّغَهَا بِهَذَا الدُّعَاءِ؛ لِأَنَّهُ سَعَى فِي نَضَارَةِ الْعِلْمِ وَتَجْدِيدِ السُّنَّةِ، فَجَازَاهُ فِي دُعَائِهِ لَهُ بِمَا يُنَاسِبُ حَالَهُ فِي الْمُعَامَلَةِ
“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатни кўз қорачиғидек асраб, уни одамларга етказган зотларни айнан мана шу дуо (юзнинг нурли ва гўзал бўлиши) билан сийлаганлари бежиз эмас. Зеро, муҳаддислар илмнинг тароватини сақлаш ва суннатни қайта жонлантириш йўлида бутун борлиқлари билан ҳаракат қилдилар. Сарвари коинот ҳам уларнинг қилган мана шу гўзал амаллари эвазига, юзларига икки дунё гўзаллиги ва нурини тилаб, дуо қилдилар” ("Шарҳу Мишкотил масобиҳ" китоби).
Суфён ибн Уяйна роҳимаҳуллоҳ ҳам мазкур ҳадисни шарҳлаб, айтадилар:
لَيْسَ مِنْ أَهْلِ الْحَدِيثِ أَحَدٌ إِلَّا وَفِي وَجْهِهِ نَضْرَةٌ لِهَذَا الْحَدِيثِ
“Муҳаддислардан ҳар бир кишининг юзида ушбу ҳадис(даги дуо) сабабли нур ва тароват бўлади”.
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ муҳаддисларнинг мақоми ҳақида айтганлар: "Ҳар бир замондаги муҳаддислар ўз замонидаги саҳобаларга ўхшайдилар. Мен бирор муҳаддис олимни кўрсам, гўё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бирини кўргандек бўламан".
Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан динни қабул қилиб, кейинги авлодга етказган бўлсалар, муҳаддислар ҳам шу омонатни асраб келган ворислардир.
Шунинг учун суннатни ўрганиш, муҳаддисларни ҳурмат қилиш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларига эргашиш ҳар бир мўмин учун шарафли вазифадир.