Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳасан ибн Абу Синан раҳимаҳуллоҳ олтмиш йил давомида ётган ҳолатда ухламаган эканлар, ёғли таомлар истеъмол қилмаган ҳамда совуқ сув ичмаган эканлар. Вафот этганларидан сўнг у зот бир кишининг тушига кирдилар ва у киши: “Аллоҳ таоло сизни қандай қабул қилди?” — деб сўради.
Ҳасан ибн Абу Синан раҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳ таоло мени жуда яхши қабул қилди, аммо ҳаётимда бир кишидан игна қарзга олиб, қайтариб бермаган эдим. Шу сабаб жаннатга кира олмаяпман”, деган жавобни бердилар.
“Руҳул-баён” тафсири, 2-жилд, 171-саҳифа
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Оз қийинчилик етса нолиманг асло,
У етгунча юрдингиз неъматлар аро.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда уч киши ғорда ётган вақтида катта харсанг силжиб ғор оғзи беркилиб қолади. Шунда улар ўзаро келишиб ўзларининг энг яхши амалларини васила қилиб дуо қилишади. Шунда улардан иккинчи дуо қилгани айтади: “Аллоҳим, менинг аммамнинг қизи бор эди. Уни жуда қаттиқ яхши кўрар эдим. У эса мени рад этди ва то бир йили (қийинчилик) уни қуршаб олгунга қадар мендан бош тортиб юрди. Сўнг у (қийинчилик сабабли) менинг ёнимга келди ва менга ўзини бошқаришга имкон бериши эвазига 120 динор бердим, у шу ишни қилди. Унга эга бўлган (бир ривоятда: икки оёғи ўртасига ўтирган) вақтимда у менга: “Аллоҳдан қўрқ, муҳрни ноҳақдан бузма!” деди. Бу узун бир ривоятдан бир парчадир.
Ривоятдан аёл жуда тақволи эди, аввалига зино жуда катта гуноҳ бўлгани учун умуман рози бўлмади. Кейинчалик эса жуда қийин аҳволга тушиб қолиб ўша киши талаб қилган нарсага рози бўлишга мажбур бўлди, лекин буни умуман хоҳламасди. Шунинг учун ҳам унга Аллоҳни ва Ундан қўрқишини эслатди. Бу гапдан иймоний ҳислар жўшиб кетди, агар йигит хоҳласа никоҳ йўли билан бу ишни ҳалол қилиши мумкин эди, зино қилмасди. Шунинг учун ҳам йигит бу ишидан қаттиқ афсусланди ва Аллоҳга тавба қилди. Ушбу аёлнинг иймоний ва тақво ила айтган сўзи сабаб тавба қилган йигитнинг дуоси ғор оғзидаги харсанг тошнинг силжишига сабаб бўлди.
Шуъла: Қўрқув билан яшасангиз тез орада шу қўрқувдан ҳалок бўласиз.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан