Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Сентябр, 2026   |   23 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:31
Қуёш
05:53
Пешин
12:22
Аср
16:56
Шом
18:54
Хуфтон
20:11
Bismillah
05 Сентябр, 2026, 23 Рабиъул аввал, 1448
Мақолалар

Ҳадислар ҳам Аллоҳ муҳофазасидадир

04.06.2026   16431   12 min.
Ҳадислар ҳам Аллоҳ муҳофазасидадир

Ҳадисларнинг исломдаги юксак аҳамияти ва асосий йўриқнома экани, муқаддас динимизнинг барча жиҳатлари Суннатга боғлиқлиги худди Қуръони каби ҳадисларни ҳам Аллоҳ ҳимоя қилишини тақозо этади. Буни қуйидаги далиллар мисолида кўриш мумкин.

Биринчидан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам – охирги Пайғамбар, у зот келтирган шариат қиёматгача қолувчи сўнгги шариатдир. Бу шариат ҳадислар билангина мукаммал бўлиб, унга фақат Суннат орқали комил амал қилиш мумкин. Демак, шариат қиёматгача ўзгаришларга учрамай сақланиши учун унинг икки асоси бўлмиш Қуръон ҳам, ҳадислар ҳам муҳофаза қилинган бўлиши шарт.

Иккинчидан, Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларида бунинг тасдиғи яққол намоён бўлади: «Улар Аллоҳнинг нурини оғизлари билан ўчирмоқчи бўлурлар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар ёқтирмаса ҳам, ўз нурини батамом қилишдан бошқа ҳар нарсадан бош тортадир. У гарчи мушриклар ёқтирмаса ҳам, Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан ҳамма диндан устун қилиш учун юборган Зотдир» [Тавба сураси, 32-33-оятлар].

«Аллоҳнинг нури» – Расулига юборган ҳидоят ва ҳақ дин. Бунга ҳам ваҳийнинг икки тури – Қуръон ва ҳадис киради. Бу нурни фақат Қуръон билан чеклашга ҳеч қандай асос йўқ, чунки ислом дини ҳадиссиз тўлиқ бўлмайди. Чунки, уни ҳадислардан айро ҳолда тасаввур қилиш имконсиздир.

Юқоридаги оятнинг маъносини қуйидагича тушуниш мумкин: «Кофирлар Аллоҳнинг динини ёлғон ва урушлар билан йўқ қилмоқчи бўлади, лекин буни уддалай олмайди. Улар қуёш нурини пуфлаб ўчирмоқчи бўлган нодонларга ўхшайди. Аллоҳ таоло Ўз динини муқаррар ғолиб қилади».

Учинчидан, Аллоҳ таолонинг мана бу каломи: «Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз» [Ҳижр сураси, 9- оят].

Ушбу далил “зикр” сўзининг маъносига боғлиқ. Луғат китобларида, хусусан, «Ал-Қомус»да бу калима “дин тафсилотлари ва қонун-қоидалари баён қилинган китоб” деб таърифланган. Имом Роғибнинг «Муфрадот» асарида: «Ҳар бир ҳақ сўз зикр дейилади», деб айтилган.

Ибн Форис “китоб” сўзининг асли бир нарсани бошқасида жамлашни англатишини айтиб ўтган. Имом Роғиб эса, ёзувда ҳарфларни бир-бирига қўшиб тизиш «китобат» (ёзиш) дейилишини, бу сўз баъзан оғзаки нутққа нисбатан ҳам ишлатилишини қўшимча қилган. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолонинг каломи, гарчи ўша кезлари ҳали қоғозга туширилмаган бўлса-да, оятларда «китоб» деб номланган.

«Дин тафсилотлари баён қилинган китоб» сўзларига кўра, «Албатта, зикрни Биз нозил қилдик» оятидаги “зикр” Қуръони карим экани аён бўлади. Кўпчилик уламо ва муфассирлар шу фикрда якдилдир. Бироқ “зикр” сўзи фақат Қуръонга хос эмас, балки кенг маъноли бўлиб, у бошқа нарсаларга нисбатан ҳам ишлатилади. Масалан, «Билмасангиз, зикр аҳлидан сўрангиз» оятидаги «зикр аҳли» олимлардир.

Шунга кўра, «Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз» ояти Қуръони каримнинг ўзгаришдан сақланишини очиқ-ойдин билдиради. Лекин фақат Қуръонни сақлашини англатмайди. Чунки Ҳақ таоло бошқа нарсаларни ҳам сақлаган, масалан, Пайғамбаримизни душманлар суиқасдидан асраган, шунингдек, Аршни, осмонлар ва ерни заволга юз тутишдан сақлаб туради.

Оятдаги муҳофаза қилиш ваъдаси аввалги илоҳий китобларга нисбатан қўлланган бўлиши ҳам мумкин. Чунки Аллоҳ таоло аввалги китобларни сақлашни ўша қавмларнинг ўзига топширган, улар эса буни уддалай олмаган эди. Оқибатда олдинги илоҳий китоблар ўзгартириб юборилганди. Қуръонни сақлашни эса Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олди.

Оятнинг маъно ва мақсадига қаралса, у исломни барча жиҳатлари билан сақлашни ўз ичига олади. Муқаддас динимизнинг иккинчи асоси бўлган ҳадислар ҳам шулар жумласидандир. Чунки Қуръонни сақлашдан мақсад исломни муҳофаза қилиш экан, у ҳадиссиз тўлиқ сақланиб қолмайди.

Қуръони каримни муҳофаза қилишдан асосий мақсад бандаларнинг унга амал қилишидир. Мусҳафи шарифдаги кўплаб ҳукмлар умумий ва қисқа берилган, уларни уларга ҳадис орқали батафсил тушунгачгина амал қилиш мумкин. Масалан, Аллоҳ азза ва жалла: «Ва сизга (эй Муҳаммад!) одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришингиз учун зикрни нозил қилдик», деган. Бу Қуръон билан бирга унинг “баёни”ни – маъносини, тафсилотларини, яъни ҳадисларни ҳам Аллоҳ сақланишини тасдиқлайди.

Айнан шунинг учун ҳам улуғ имом Абдуллоҳ ибн Муборак ҳадиснинг муҳофаза қилинишига мана шу оятни далил қилиб келтирган. У кезларда уйдирма ҳадислар кўпайиб кетган эди. Бир куни одамлар: «Бу тўқилган ҳадислар нима бўлади?» деб сўрашганида, у: «Улар учун билимдон мутахассислар бор», деб жавоб бериб, «Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз» оятини қироат қилган.

Бу билан улуғ имом ҳадислар ҳам худди Қуръони карим каби Аллоҳ таолонинг ҳимоясида эканини тушунтирган. Ҳадислар мажмуидан ташкил топган Суннатни сақлаш эса билимдон муҳаддис олимлар орқали амалга оширилади. Улар ҳадисларни илм элагидан ўтказиб, саралаб, саҳиҳини заифидан, аслини уйдирмасидан ажратиб беради. Ислом тарихи давомида муҳаддислар айнан шу ишни қилди ва бу Аллоҳнинг ҳадисни сақлаш ҳақидаги ваъдасининг исботи бўлди.

Суннатнинг муҳофаза қилинишига бошқа далиллар ҳам бор.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўнгги пайғамбар эканлари, у зотнинг дини қиёматгача боқий бўлиши учун исломнинг асоси бўлган ҳадислар ҳам сақланиши шарт.

Диннинг мукаммал қилингани Аллоҳ таолонинг «Бугун динингизни мукаммал қилиб бердим» [Моида сураси, 3-оят] деган сўзлари билан собит бўлган. Бу хитоб қиёматгача бўладиган барча замонларга тегишли. Диннинг мукаммаллиги эса ҳадислар сақлангандагина тамомига етади.

Аллоҳ Ўз нурини батамом қилиши – «Аллоҳ эса, гарчи кофирлар ёқтирмаса ҳам, ўз нурини батамом қилишдан бошқа ҳар нарсадан бош тортадир» [Тавба сураси, 32-оят] ояти ҳам исломнинг барча асослари сақланишини англатади.

Ҳадиснинг ваҳий экани бундай тасдиқланади. Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Мен сизларни фақат ваҳий орқалигина огоҳлантирурман. Гунглар огоҳлантирилган вақтда даъватни эшитмаслар денг» [Анбиё сураси, 45-оят], деган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни ҳам Қуръон, ҳам ҳадис билан огоҳлантирганлар. Демак, ҳадис ҳам Қуръон каби ваҳийдир. Суннатдан эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу сўзлари далил бўлади: “Менга Қуръон билан бирга унинг мислича берилди”.

Қуръони каримдаги кўплаб ҳукмлар умумий бўлиб, улар ҳадисларда келган тафсилотларга муҳтож. Суннат муҳофаза қилинмаганида, Қуръон ҳукмларига амал қилиб бўлмас эди.

Аллоҳ таоло: «Ва сизга (эй Муҳаммад!) одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришингиз учун зикрни нозил қилдик», деган. Бу оят ҳам ҳадиснинг сақланишини тақозо қилади, чунки тушунтирувчи манба йўқолса, Қуръони каримнинг мақсади амалга ошмай қолади.

Ҳақ таоло бундай марҳамат қилган: «Ким исломдан бошқа динни хоҳласа, бас, ундан бу ҳаргиз қабул қилинмас ва у охиратда зиён кўргувчилардан бўладир» [Оли Имрон сураси, 85-оят]. Бу ҳукм қиёматгача яшайдиган барча инсонларга тааллуқли. Уларнинг дин бўйича ҳужжати тўлиқ бўлиши учун у аввало ўша авлодларга тўлиқ ҳолида етиб бориши керак. Ислом дини эса ҳадиссиз тўлиқ етиб бормайди. Демак, қиёматгача дин сақланиши учун ҳадислар муҳофаза қилиниши шарт.

Ҳадиснинг илоҳий муҳофазаси фаразнамо таъкид эмас, балки олимлар, айниқса, ҳадис илми ва ровийлар бўйича мутахассислар аниқ биладиган ҳаётий ҳақиқатдир. Ислом уммати ҳадисларни сақлашга, тўғрисини хатосидан ажратишга мисли кўрилмаган даражада катта аҳамият берган. Ҳадисларнинг мукаммал сақланганига фақат бу илмлардан бехабар бўлган жоҳиллар ё исломга зарар етказишни кўзлаган ғаламисларгина шубҳа қилади. Бу шубҳа замирида аслида илмий-мантиқий шубҳа-гумон эмас, ғараз ётган бўлади.

Ислом уламолари юқоридагилардан келиб чиқиб, Суннат ҳам худди Қуръони карим каби Аллоҳнинг ҳимоясида, деган хулосага келган.

Имом Шофеий таъкидлаганидек, Суннат уламолар орасида тўлалигича сақланган. Тўғри, бир олим барча ҳадисларни билмаслиги мумкин, лекин у бехабар бўлган ривоятдан бошқа бир олим, албатта, бохабар бўлади. Шу тариқа барча олимларнинг билганлари жамланса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатлари тўла-тўкис намоён бўлади. Ҳеч бир ҳадис бутунлай йўқолиб кетмайди.

Имом Ибн Ҳазм ҳадисларнинг Қуръони карим каби Аллоҳ томонидан сақланишига бир қанча оятларни далил қилиб келтирган. Аввало айтиш керакки, у ҳам «Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз» оятидаги зикр сўзини барча ваҳийларга тегишли деб билади.

Олимнинг фикрича, Қуръон ва ҳадислар бир-бирини тўлдиради. Иккаласи ҳам Аллоҳ таолонинг ҳузуридан келгани учун ҳам шундай. Мана шундан келиб чиқиб, иккисидаги ҳукмларга бирдек итоат қилиш лозим.

Мен сизларни фақат ваҳий орқалигина огоҳлантирурман. Ҳақ таоло инсонларни тўғридан-тўғри эмас, пайғамбарлар орқали огоҳлантиради. Пайғамбарлар, хусусан, Набий алайҳиссалом инсонларни нафақат оятлар билан, балки ҳадислар билан ҳам огоҳлантирганлар. Демак, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари ваҳийдир. Ваҳий (зикр) эса Қуръондаги илоҳий ваъда билан муҳофазага олинган.

Аллоҳ таоло бир нарсани сақлашни ўз зиммасига олдими, демак, у йўқолиб ҳам кетмайди, ўзгариб ҳам қолмайди. Диннинг қайсидир бир жиҳати йўқ бўлиб кетса ёки у ҳақ билан ботилни ажратиб бўлмайдиган даражага тушиб қолса, илоҳий ваъда қуруқ гап бўлиб қолар эди. Ваҳоланки, Қодир Парвардигордан Унинг Ўзига маломат келтирадиган калом нозил бўлиши ҳар қандай мантиққа зиддир.

Шунинг учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин қандай бўлган эса, қиёматга қадар шундайлигича қолади. У зот айтган динга оид бирор сўз йўқолиши ёки унга биронта уйдирма гап мутлақо ажралмайдиган бўлиб аралашиб қолиши асло мумкин эмас.

Яна бир муҳим жиҳат шуки, Аллоҳ таоло Мусҳафи шарифда намоз, закот ва ҳаж каби амаллар қисқа тарзда айтилган, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръонни одамларга тушунтириб беришни буюрган. Эътибор берсак, уларнинг қандай бажарилиши фақат ҳадислар орқали маълум бўлади. Бу кўрсатмалар сақланмаганида, ишончли бўлмаганида эди, дин арконларига амал қилишнинг имкони қолмас, фарз амаллар қатъий қоидалар асосида эмас, пала-партиш ва бетартиб бажариладиган бўларди. Баъзилари ҳатто бекор бўлиб ё унутилиб, йўқолиб ҳам кетиши ҳам ҳеч гап эмасди.

Бу шуни англатадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дин борасида айтган ҳар бир сўзлари Аллоҳ таолонинг ҳимоясида бўлиб, унга ҳеч қачон ёт нарсалар ажратиб бўлмайдиган даражада аралашиб кетмайди.

Сўз сўнгида халқ орасидаги “жўн гап”га ҳам мурожаат қилсак. Исломда “Қуръонда зикр қилинган нарса қиёматгача йўқолмайди” деган тушунча бор. Бунинг маъноси шуки, Қуръони карим муҳофазада экан, унда қайд этилган нарсалар келгуси авлодлар учун тушунарсиз, мавҳум, унутилган бўлиб қолмайди, балки Мусҳафи шарифдек сақланади. Шунга мувофиқ фикр юритадиган бўлсак, Қуръони каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш – буюрганларини бажариш, нимадан қайтарган бўлсалар, уларни тарк қилиш – амри бор. Бу илоҳий амр ҳам – Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатлари қиёматгача сақланишини англатади. Негаки, Суннат сақланмаса, унга амал қилишни амр этишда маъно ва мантиқ қолмасди. Ҳақ таолонинг амри эса, боя таъкидланганидек, Унинг Ўзига маломат келтирадиган гап эмас, балки илоҳий ҳикматдир.

Нурмуҳаммад МАТКАРИМОВ
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими

Бошқа мақолалар

МУҚАДДАС ҚАДРИЯТ ВА УНИ НИҚОБ ҚИЛГАН МАНФУР СИЁСАТ: ШАҲИДЛИК МАСАЛАСИНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ ТАЛҚИНИ

04.09.2026   40872   8 min.
МУҚАДДАС ҚАДРИЯТ ВА УНИ НИҚОБ ҚИЛГАН МАНФУР СИЁСАТ: ШАҲИДЛИК МАСАЛАСИНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ ТАЛҚИНИ

“Шаҳид” сўзи “ҳозир”, “гувоҳ”, “ўз билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларини ифодалайди. Шунингдек, “Шаҳид” Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлиб, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” деган маъноларни англатади.

“Шаҳид” сўзи умумий тарзда Аллоҳнинг йўлида ҳалок бўлган шахсга нисбатан ишлатилади.

Шаҳидлик – Аллоҳнинг розилиги йўлида жонини фидо қилган, иймон-эътиқоди ва номусини сақлаш йўлида золим душман қўлида қатл қилинган кишиларга Аллоҳ томонидан бериладиган даражадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида вабодан, ички касалликлардан, фожиали фалокатдан вафот этганларни ҳам шаҳидлик даражасини топиши хабар берилган.

Ислом динида шаҳидларнинг мартабаси ва уларнинг мақоми алоҳида қадрланади. Бироқ айрим кимсалар шаҳидликни уруш-жанжаллар майдонида ўлган одам билан чегаралаб қўйиб, хато тасаввурга эга бўлиб юришади. Зотан, жангу жадалда ўлиш шаҳидликка шарт қилинган эмас!

Баъзилар эса ўз-ўзини ўлдириб, портлатиб юборишни ҳам шаҳидлик деб одамларни алдайдилар. Ўз-ўзини ўлдириш шаҳидлик эмас. Аслида, бу икки ҳолатсиз ҳам инсон шаҳидлик мартабасига эга бўлиши мумкин. Зеро, Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадиси шарифда қуйидагиларни кўришимиз мумкин.

Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи кўрпасида ўлса ҳам, Аллоҳ уни шаҳидлар мартабасига етказади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

Имом Термизий келтирган ривоятда: “Ким Аллоҳдан Унинг йўлида содиқлик ила, чин қалбдан қатл бўлишни сўраса, Аллоҳ унга шаҳиднинг ажрини беради”, дейилган.

Ниятни холис қилиб, жамиятдан ажралмаган ҳолда, ота-онаси бағрида, оиласи даврасида, дўсту ёрлари билан биргаликда, ватанига хизмат қилиб юриб ҳам шаҳидлик мартабасига эга бўлиб, обрў-эътибор ва ёруғ юз билан дунёдан ўтаётган табаррук шаҳид зотлар жуда кўп. Шулардан ўрнак олишимиз лозим бўлади.

Шаҳидлик ҳақида бир қанча шаръий ҳукмлар, фатволар, баёнотлар мавжуд.

Аввало, шуни билиш лозимки, шаҳидлар икки хил бўлади:

1. “Шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид”. Ватан учун бўлган жангу жадалда, душманлар билан бўлган урушда, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун бўлаётган жиҳодда ўлганлар. Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров зулм қилиб ёки оиласини ҳимоя қилиш натижасида қасддан тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан ўлдириб кетса, у “шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид” бўлади.

2. “Шаҳиди ҳукмий” – “шаҳид бўлган деб ҳукм қилинган”. Жангу жадалда тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан яраланиб, уруш майдонидан чиқарилгандан кейин ўлганлар. Бу ҳолатда касалхонага олиб борилса, дори-дармон ёки таом еб-ичса, намоз вақти бўлганини билса, васият қилса, ана ундан кейин вафот қилса, “шаҳиди ҳукмий” бўлади.

Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров томонидан зулм қилиб, қасддан тош ва таёқ (тиғсиз нарсалар) кабилар билан қатл этилганлар ёки бўғиб ўлдириб кетилганлар ҳам “шаҳиди ҳукмий” ҳисобланади.

Таниқли ҳанафий олими Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Раддул муҳтор”да келтиришича, гуноҳ сабабли ўлган кимса шаҳид, деб ҳукм қилинмайди. Гуноҳ оқибатида вафот қилган одам шаҳид ҳисобланмайди.

Масалан, ноҳақ одам ўлдираётиб, уни ҳам ўлдиришса, у шаҳид бўлмайди. Бегуноҳ одамларни ўлдириб юрган кимса жангда ўлдирилса, у шаҳид ҳисобланмайди. Бу худди ўғрилик қилаётиб, йиқилиб ўлган кимсага ўхшайди. Ароқ ичавериб-ичавериб, ароққа ёрилиб ўлса, у ҳам шаҳид бўлмайди. Биров зино сабабли ҳомиладор бўлиб, бола туғаётиб ўлса, шаҳид бўлди, деб ҳукм қилинмайди. Бу Имом Рамлий раҳимаҳуллоҳнинг ҳам қарашидир (Ибн Обидин. “Раддул муҳтор”).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек қуйидаги кишилар шаҳидлик мақомига эга бўладилар. Аммо булар ичида ўзини ўзи портлатган, ўзгани ўлдирганлар йўқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Вабога йўлиқиб ўлиш, сувга чўкиб ўлиш, қорин оғриғи билан ўлиш, оловга куйиб ўлиш, аёллар нифос пайтида, яъни бола туғаётганида ўлиши умматимнинг шаҳидлигидир!” (Имом Суютий “Жомеъ ас-сағир”).

Ёки бешта шаҳидликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича санаганлар: “Аллоҳ йўлида юрганида ўлдирилган кимса шаҳиддир, қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир, ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир, сувга ғарқ бўлиб ўлган шаҳиддир, аёллар туғаётганида ўлса шаҳиддир” (Имом Табароний ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳидликнинг етти турини ҳам санаганлар. Улар орасида ҳам ўзини ўзи ўлдириш йўқ, мусулмонларни ўлдириш ҳам йўқ: “Шаҳидлик Аллоҳ йўлида юрганда ўлдирилишдан ташқари еттитадир. Ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир; қорин оғриғи билан ўлган киши шаҳиддир; ғарқ бўлиб ўлган киши шаҳиддир; вайронагарликда қолиб кетган (масалан, зилзилада) киши шаҳиддир; зотилжам касалидан ўлган киши шаҳиддир; оловда куйиб ўлган киши шаҳиддир; туғаётиб ўлган аёл шаҳиддир” (Имом Насоий, Имом Табароний ривояти).

Хуллас, “Дуррул мухтор” ва “Раддул муҳтор” асарларида қуйидагиларни шаҳидлар қаторида бўлиши санаб ўтилган:

⏺ Зотилжам касалига йўлиқиб вафот этганлар.

⏺ Илм талабида юрганда ўлганлар.

⏺ Душман билан курашиб ўлганлар.

⏺ Ғарқ бўлганлар.

⏺ Оловда куйиб, тасодифан ўт ичида қолиб ўлганлар (ўзини ёққанлар эмас).

⏺ Мусофирчиликда қийналиб ўлганлар.

⏺ Девор остида, зилзилада қолганлар.

⏺ Қорин оғриқ билан ўлганлар.

⏺ Бола туғиб, нифос қони кўраётган аёллар.

⏺ Жума кечаси вафот топганлар.

⏺ Сил касалидан ўлганлар.

⏺ Қаттиқ иситма таъсирида вафот топганлар.

⏺ Оиласи, мол-дунёси ва қонини ҳимоя қилаётиб ўлганлар.

⏺ Гуноҳ бўлмаган кучли ишқ-муҳаббат оқибатида ўлганлар.

⏺ Йиртқич ва ваҳший ҳайвон ёргани ва шохлагани оқибатида ўлганлар.

⏺ Подшоҳнинг зулмига учраб, ноҳақ қамалгани сабабли қамоқда ўлганлар.

⏺ Золимлар уриб-уриб ўлдириб қўйганлар.

⏺ Чаён ёки илон чақиб ўлганлар.

⏺ Холис муаззинлик қилиб вафот топганлар.

⏺ Тўғрисўз ва ҳалол савдогар бўлиб вафот топганлар.

⏺ Оиласини таъминлаш мақсадида ҳалол касб-кор қилиб юрганида вафот топганлар.

⏺ Қайт қилиш касалига мубтало бўлиб, кучли қайт қилавериш оқибатида қийналиб вафот топганлар.

⏺ Эрига рашк қилавериб, бу рашкига сабр қилиб вафот топган аёллар.

⏺ Ҳар куни: “Аллоҳумма, барик лий фил-мавти ва фийма баъд ал-мавти!” (“Аллоҳим, менга ўлганимда ҳам, ўлгандан кейин ҳам барака бер!”) деб 25 марта айтиб юрганлар.

⏺ Ҳар куни “зуҳо” – чошгоҳ намозини ўқишни одат қилганлар.

⏺ Рамазонда тўлиқ ва ҳар ой 3 кун рўза тутишни одат қилганлар.

⏺ Уйда ҳам, сафрада ҳам, ҳар куни витр намозини канда қилмаганлар.

⏺ Фисқу-фасод кўпайган замонларда суннатларни маҳкам тутганлар.

⏺ Касал ва бемор бўлганида 40 марта “Лаа илаҳа илла анта! Субҳанака, инний кунту миназ-золимийн” (“Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен жуда ҳам поксан! Мен эса ўзимга зулм қилувчиларданман!”) дейишни одат қилганлар.

⏺ Вабо, ўлат каби касалликлардан ўлганлар.

Демак, мусулмон банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлиши керак эмас. Инсон ўз уйида, ўз тўшагида жон берса ҳам, шаҳидлик мақомига муяссар бўлаверади. Аллоҳнинг марҳамати кенг, бандасига шаҳидлик мақомини бериб ҳам охиратдаги мартабасини юксак қилаверади. Юқорида таъкидланганидек, инсон ноҳақ одам ўлдириш билан ёки ўз-ўзини қурбон қилиш билан шаҳид бўла олмайди.

Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси

“Ботил даъволарга асосли раддиялар” китоби асосида тайёрланди.