Бир танга отамнинг столида ўнлаб йиллар давомида турар эди. Унда Қуръони каримдаги ушбу оят битилганди:
﴿وَٱللَّهُ خَيْرُ ٱلرَّٰزِقِينَ﴾
“Ва Аллоҳ энг яхши ризқ берувчидир” (Жума сураси, 11-оят).
Отам бу оятнинг маъносига қаттиқ ишонарди. Ризқ ҳақидаги эътиқоди ҳар куни такрорлайдиган ушбу дуосида ҳам мужассам эди:
اللهم ارزقني وارزق مني
“Эй Роббим, менга ризқ бер ва мени бошқаларга ризқ етишига сабабчи қил!”.
Бу дуо қалбимга чуқур ўрнашиб қолган. Отам уни менга ёшлигимдан ўргатган ва ҳар доим бундай дерди:
— Ўғлим, доимо: “Эй Роббим, менга ризқ бер ва мени бошқаларга ризқ етишига сабабчи қил”, деб дуо қил. Аллоҳ сени ризқлантирсин ва сен орқали бошқаларни ҳам ризқлантирсин.
Отамнинг бу узлуксиз дуоси ижобат бўлган эди. Чунки Аллоҳ таоло унга кутмаган жойлардан ризқ ато этарди. У эса бу неъматни фақат ўзи учун эмас, балки бошқаларга манфаат етказиш воситаси деб биларди.
Отам доимо яхшилик оқими бўлишга интилар, неъматларни ўзида тўплаб қўйишни истамасди.
Бир куни у фарзандларидан бири учун ер майдони сотиб олмоқчи бўлди. Ўзига маъқул бўлган ерни танлаб, воситачига:
— Бу ерни олдим, — деди.
Воситачи дастлабки келишувни қайд қилиш учун дафтарини чиқарганида, отам:
— Ҳожати йўқ. Бир ҳафта ичида нотариус ҳузурида шартномани расмийлаштирамиз, — деди.
Орадан бир-икки кун ўтиб, унга аввалгисидан ҳам яхшироқ ва уйга яқинроқ бўлган бошқа ер таклиф қилишди. Шунда отам иккиланиб қолди. Чунки аввалги ерни сотиб олишга сўз берган эди.
Унинг олдида икки йўл бор эди: воситачига қўнғироқ қилиб, узр сўраб, янги ерни олиш ёки берган сўзида туриш.
Кўпчилик эҳтимол биринчи йўлни танларди. Ахир келишув ҳали оғзаки эди, расмий шартнома тузилмаган, орадан икки кунгина ўтган эди.
Лекин отам бошқача қарор қилди. У берган сўзига вафо қилиб, биринчи ер майдонини сотиб олди.
Бу воқеани эшитганимда отамдан сўрадим:
— Ота, воситачига қўнғироқ қилиб, узр сўрасангиз бўлмасмиди? Ахир ҳеч ким зарар кўрмасди-ку.
У жавоб берди:
— Йўқ, бўлмайди. Мен инсонга берган ваъдамни бузган бўлардим.
Мен:
— Лекин бу унчалик катта масала эмас-ку, — дедим.
Шунда у менга ҳаётим давомида унутмайдиган бир гапни айтди:
— Ўғлим, инсоннинг қадри унинг сўзи билан ўлчанади. Доимо сўзингнинг қадрига ет. Сўзи енгил одамлардан бўлма!
Отам, Аллоҳ раҳмат қилсин, оғзаки айтилган сўзни ҳам имзоланган шартнома каби мажбурият деб биларди. Унинг наздида сўз — шартнома эди.
Орадан вақт ўтди. Кейинчалик отам сотиб олган ўша ер майдони учун анча юқори нарх таклиф қилинди. У ерни яхши фойда билан сотди ва яна кутмаган жойдан ризқ эшиклари очилди.
Бу воқеадан катта сабоқ олдим.
Менинг ишончим шундаки, инсон ҳатто оғзаки бўлса ҳам ваъдасига вафо қилишга ҳаракат қилса ва бошқаларнинг ризқига сабаб бўлишни истаса, Аллоҳ таоло унга кутмаган жойлардан барака ва ризқ ато этади.
“Кутмаган жойдан” дегани шуки, инсон қанча режа тузмасин, ҳисоб-китоб қилмасин, ризқ баъзан умуман ўйламаган томондан келади. Гўё бу яхшиликка берилган илоҳий мукофотдек.
Қуръони каримда марҳамат қилинганидек: “Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир”.
Отам энди орамизда йўқ. Аммо унинг ҳаёти, сўзга вафоси ва инсонларга қилган яхшиликлари ҳамон қалбимизда яшайди.
У ҳақида қанча шеър ёзмай, қанча гапирмай, унинг ҳақиқий қадрини тўлиқ ифода этиб бўлмайди.
Унинг вафотидан кейин кўз ёш тўкишдан кўра, ҳаётидан ибрат олиш муҳимроқ. Чунки инсонни абадий яшатадиган нарса – унинг ортидан қолган яхши номи ва эзгу амалларидир.
Даврон НУРМУҲАММАД
Ўзбекистон элчихонаси томонидан Бобур номли халқаро жамоат фонди билан ҳамкорликда ўзбекистонлик тарихшунос ва бобуршунос олимлардан иборат делегациянинг Покистонга ташрифи амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф Бобур ва Бобурийлар даврига оид тарихий-маданий меросни ўрганиш, Покистон ҳудудида сақланаётган мазкур даврга оид тарихий манбалар, қўлёзмалар, экспонатлар ва артефактлар билан танишиш, шунингдек, икки мамлакатнинг илмий-тадқиқот ва маданий муассасалари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил эилди.
Делегация аъзолари дастлаб Лаҳор шаҳрида Бобурийлар даврига оид тарихий обидалар ва манзилгоҳларга ташриф буюриб, ўрганишлар олиб борди. Хусусан, Лаҳор музейи, Ислом галереяси ҳамда қатор илмий-тадқиқот муассасаларида бўлиб, мазкур муассасаларда қатор илмий учрашувлар ўтказди ва бобурийлар даврига оид тарихий манбалар билан танишди.
Лаҳор шаҳридаги Панжоб университети раҳбарияти билан илмий ва академик ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Сафар давомида мазкур университет ҳузуридаги Бобурийлар мероси маркази билан ҳамкорликда Бобурийлар сулоласининг 500 йиллигига бағишланган илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Иштирокчилар Бобур ва Бобурийлар тарихи, уларнинг Марказий ва Жанубий Осиё тамаддунидаги ўрни, мазкур даврнинг сиёсий, маданий ва илмий меросини ўрганиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон олимлари Исломобод шаҳрида Покистон Миллий тилни ривожлантириш департаменти раҳбарияти Қуаид-и-Аъзам университети, Аллома Иқбол университети, Покистон Миллий кутубхонаси ҳамда қатор илмий-тадқиқот муассасаларига ташриф буюриб, қўлёзмалар, бобурийлар даврига оид экспонатлар ва бошқа тарихий манбалар билан танишди.
Ўзбекистон вакиллари Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Илмий ва технологик ҳамкорлик бўйича доимий қўмитаси бош координатори Муҳаммад Иқбол Чоудҳари томонидан қабул қилинди.
Унда Бобур ва Бобурийлар меросини чуқур ўрганиш, уни асраш ва мусулмон дунёси илмий доиралари ҳамда кенг жамоатчилик ўртасида тарғиб қилиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
Келгусида мазкур ташкилот билан ҳамкорликда Бобурийлар меросига бағишланган йирик халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Ташрифнинг асосий тадбири Исломобод шаҳрида «Заҳириддин Муҳаммад Бобур: муштарак цивилизациявий мерос ва Ўзбекистон-Покистон муносабатлари кўприги» мавзусида ташкил этилган бўлди.
Конференцияда Покистон Миллий мерос ва маданият вазирининг ўринбосари Фараҳ Наз Акбар, Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев, Покистондаги «Бобур форуми» раҳбари Рамзан Муғал ҳамда тарихчи ва бобуршунос олимлар ҳамда ёш тадқиқотчилар иштирок этди.
Дипломатик ваколатхона раҳбари ўз нутқида икки мамлакат ўртасидаги тарихий, маданий, маънавий ва цивилизациявий алоқалар узоқ тарих ва чуқур илдизларга эга эканини қайд этди.
– Ушбу муштарак тарихда Заҳириддин Муҳаммад Бобур Жанубий Осиёда улкан давлатчиликка асос солгани халқларимизни бирлаштирувчи муҳим тарихий омил бўлди, – деди Ўзбекистон элчиси. – Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон-Покистон муносабатлари барча соҳаларда изчил ривожланиб бормоқда. Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги мунтазам ва яқин дўстона мулоқот натижасида икки томонлама муносабатларимиз стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Алоқаларнинг бундай даражасида умумий тарихий ва маданий меросни ўрганишнинг нақадар муҳимлиги, бу борада яқиндан ҳамкорлик қилиш икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бобур номли халқаро жамоат фонди раиси ўринбосари Рустам Мамасолиев ўз чиқишида Бобур ва унинг илмий-адабий мероси бутун минтақа тарихида алоҳида ўрин тутишини урғулади.
– Ўзбекистонда Бобур ва бобурийлар меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш борасида жуда катта ишлар амалга ошириляпти, – деди у. – Бобурийлар меросини чуқур ўрганишда покистонлик олимлар ва илмий муассасалар билан қўшма тадқиқотлар, илмий анжуманлар, нашриёт лойиҳалари ва академик алмашинувларни кенгайтириш жуда муҳим.
Покистон Миллий мерос ва маданият вазирининг ўринбосари Фараҳ Наз Акбар, ўз навбатида, бобурийларнинг Покистон тарихидаги муҳим ўрнига тўхталди.
– Бобурийларнинг Покистондаги тарихий-маданий меросини асраш ва келажак авлодларга етказишга ҳукумат даражасида эътибор қаратиляпти, – деди Фараҳ Наз Акбар. – Биз Ўзбекистон билан тарихий алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш, илмий ҳамкорлик ва маданий алмашинувларни қўллаб-қувватлашга, буюк аждодларимиз қолдирган меросни биргаликда ўрганиш ва тарғиб қилишга тайёрмиз.
Бобур номли халқаро жамоат фонди делегацияси ташрифи давомида Панжоб вилоятида жойлашган Бобурийлар даврига оид қатор тарихий қадамжоларда ўрганишлар олиб бориши режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати