Тошкент ислом институти қошида фаолият юритаётган Жиззах шаҳридаги “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсининг навбатдаги битирувчилари ва соҳа мутасаддилари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда Жиззах вилояти бош имом-хатиби Меҳмонхон домла Жабборов, Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров, институт проректори Жаҳонгир қори Рўзиев ҳамда диний соҳа вакиллари иштирок этди.
Учрашув давомида юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик неъматининг қадри ҳамда бу эзгу неъматларга шукроналик келтиришнинг аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритилди. Инсонларни, айниқса, ёшларни илм-маърифатга тарғиб қилиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан экани алоҳида таъкидланди.
Тадбир якунида ўқув курси фаолияти ва ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган масъуллар ҳамда ҳамкор ташкилот вакиллари институт номидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шундан сўнг ўқув курсини муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга сертификатлар тантанали равишда топширилди.
Маросим сўнгида юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва илм аҳлининг ривожини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мадина минтақасидаги Ал-Маҳд маъмурий туман (муҳофаза)да олиб борилган йирик археологик тадқиқотлар давомида илк Ислом даврига оид, иккинчи халифа Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу номи битилган қоятош топилди.
Бу ҳақда Саудия Арабистони Маданий мерос комиссияси маълум қилди.
Тошга қуйидаги дуо сўзлари ўйиб ёзилган:
الله ولي عمر بن الخطاب في الدنيا والآخرة لا إله إلا الله
“Аллоҳ Умар ибн ал-Хаттобнинг бу дунё ва охиратдаги дўстидир (ҳимоячиси). Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир”.
Матн қадимий ҳижозий хатида ёзилган.
Олимларнинг таъкидлашича, бу ёзув халифанинг ушбу ҳудудга шахсан ташриф буюрганини англатмайди. Аммо у исломнинг илк ўн йилликларида диний рамзлар ва раҳбарлар номлари савдо ҳамда зиёрат йўллари орқали қанчалик тез тарқалганини исботловчи муҳим далилдир.
Даврон НУРМУҲАММАД