Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Кўп кўрдим узоқ йиллар тажрибамда шуни,
Сабрда гўзал хотима бўлар бир куни.
Ушбу оятлар ҳақида бироз тафаккур қилиб кўринг. Аллоҳ таоло айтади:
﴿سَيَجْعَلُ اللَّهُ بَعْدَ عُسْرٍ يُسْرًا﴾
"Аллоҳ қийинчиликдан сўнг тезда осонликни берадир" (Талоқ сураси, 7-оят);
﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اصْبِرُوا وَصَابِرُوا وَرَابِطُوا وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ﴾
"Эй иймон келтирганлар! Сабр қилинг. Сабр ила ғолиб келинг. Курашга бел боғлаб туринг. Аллоҳга тақво қилинг. Шоядки ютуққа эришсангиз" (Оли Имрон сураси, 200-оят).
﴿وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ الَّذِينَ إِذَا أَصَابَتْهُمْ مُصِيبَةٌ قَالُوا إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ﴾
«Ва сабрлиларга башорат бер. Улар мусибат етганда: "Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз", дерлар» (Бақара сураси, 155-156-оятлар).
﴿وَهُوَ الَّذِي يُنَزِّلُ الْغَيْثَ مِنْ بَعْدِ مَا قَنَطُوا وَيَنْشُرُ رَحْمَتَهُ وَهُوَ الْوَلِيُّ الْحَمِيدُ﴾
«У зот (одамлар) ноумид бўлганларидан кейин ёмғирни нозил қилур ва Ўз раҳматини таратур. У валий ва мақталган зотдир» (Шуро сураси, 28-оят).
﴿قُلْ يَا عِبَادِ الَّذِينَ آَمَنُوا اتَّقُوا رَبَّكُمْ لِلَّذِينَ أَحْسَنُوا فِي هَذِهِ الدُّنْيَا حَسَنَةٌ وَأَرْضُ اللَّهِ وَاسِعَةٌ إِنَّمَا يُوَفَّى الصَّابِرُونَ أَجْرَهُمْ بِغَيْرِ حِسَابٍ﴾
«Сен менинг тарафимдан: "Эй иймон келтирган бандаларим, Роббингизга тақво қилинг. Бу дунёда гўзал амал қилганларга гўзаллик бордир. Аллоҳнинг ери кенгдир. Албатта, сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилур", деб айт» (Зумар сураси, 10-оят).
Мана, Қуръон сизга хурсанд ва хотиржам бўлишингиз, Роббингизга ишонишингизга чақирмоқда. Шундай экан, Аллоҳнинг ҳақ ваъдасидан кўнглингиз яйрасин. Чунки Аллоҳ бандаларини азоблаш учун эмас, уларни сайқаллаш ва одоб бериш учун яратган. Аллоҳ инсонга унинг ота-онасидан ҳам меҳрибон, У зотдан раҳмати ва рози бўлишини сўранг. Бу эса Унга шукр қилиш, зикрида бардавом бўлиш, Китобини тиловат қилиш ва Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш билан бўлади.
Шуъла: Ёмон иш келиб қолишига тайёр тураверинг, шунда уни тезда тўғри бўлиши сизга ҳадя бўлади.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан
Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Қашқадарё вилоятида «Инсон қадри улуғланган юртда меҳр ва эътибор ҳар бир хонадонга кириб боради» шиори остида хайрли тадбир ўтказилди.
Мазкур ташаббусга Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Фарҳод Кушаков ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, бош имом-хатиб Раҳматилло домла Усмонов бошчилик қилди.
Тадбир доирасида шаҳар ва туман бош имом-хатиблари ҳудудлардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ва бемор фуқароларнинг хонадонларига ташриф буюрдилар.
Самимий мулоқотлар давомида фуқароларнинг ҳол-аҳволи ва эҳтиёжлари ўрганилиб, уларга маънавий далда берилди. Хонадон эгаларига байрамона кайфият улашиш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотлари, эҳсон ва совға-саломлар топширилди.
Шунингдек, имом-хатиблар юртдошларимиз билан оила мустаҳкамлиги, ўзаро меҳр-оқибат, сабр-қаноат ҳамда саховатнинг фазилатлари ҳақида диний-маърифий суҳбатлар олиб бордилар. Бу каби хайрия тадбирлари жамиятда ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга, одамлар қалбида эртанги кунга ишонч уйғотишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати