Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ҳамда “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўртасида ўзаро илмий-маърифий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган меморандум имзоланди.
Мазкур ҳужжат юртимизда исломшунослик, ҳадисшунослик ва манбашунослик соҳаларидаги тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, бой миллий-маънавий меросимизни чуқур ўрганиш ҳамда ёш авлодни миллий қадриятлар ва бағрикенглик руҳида тарбиялаш мақсадида тузилди.
Ҳамкорлик доирасида биргаликда илмий-амалий конференциялар, семинарлар ва давра суҳбатлари ташкил этиш, тарихий манбалар ва қўлёзмаларни ўрганиб, уларни илмий тавсифлаш ҳамда кенг тарғиб қилиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, тадқиқотчилар ва талабалар учун ўзаро тажриба алмашиш имкониятларини кенгайтириш, қўшма илмий лойиҳаларни амага ошириш орқали миллий меросимизни халқаро миқиёсда кенг намойиш этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Ушбу келишув илм-фан ва маърифат йўлидаги изчил ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, бой илмий-маънавий хазинамизни асраб-авайлаш ҳамда уни халқимизга тизимли етказиш борасида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига янги қабул қилинган 1-курс талабалари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари устоз Зайниддин домла ҳамроҳлигида идора фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Танишув давомида талабаларга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг тарихи, тузилмаси, асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар, таълим ва маърифат йўналишидаги лойиҳалар хусусида сўз юритилди.
Талабалар идора фаолиятига оид ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, келгусидаги таълим ва касбий фаолиятлари учун муҳим маълумотларга эга бўлдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати