Жорий йилнинг 8 июнь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилояти вакиллиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур келишувдан кўзланган асосий мақсад — Қарши шаҳрида фаолият юритаётган “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курси фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда институт талабалари ва битирувчиларининг Қашқадарё вилоятидаги диний муассасаларда малакавий амалиёт ўташлари учун қулай шароитлар яратишдан иборатдир.
Учрашув давомида Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров ушбу меморандум икки муассаса ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишини таъкидлади. Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов эса воҳада фаолият юритаётган диний ходимлар, хусусан, имом-хатибларнинг катта қисми Тошкент ислом институти битирувчилари эканини қайд этиб, таълим ва тарбия жараёнларида олий маҳад устозлари билан изчил ҳамкорлик қилиб келинаётганини айтиб ўтди.
Меморандум доирасида, шунингдек, ҳудудлардаги ўқув курслари самарадорлигини ошириш, битирувчилар бандлигини таъминлаш ва ёш мутахассисларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиладиган бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Термиз давлат университети талабалари иштирокида марказ фаолияти ва сўнгги йилларда чоп этилган нашрларга бағишланган маънавий-маърифий учрашув ташкил этилди.
Тадбирда университетнинг Хорижий филология факультети профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари иштирок этди. Учрашув давомида Термиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг бой илмий мероси, марказ томонидан амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишлари ва янги нашр этилган китобларнинг ёшлар маънавиятини юксалтиришдаги аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, қатнашчилар марказ кутубхонасида сақланаётган ноёб манбалар, қўлёзмалар, илмий адабиётлар ҳамда сўнгги йилларда чоп этилган янги асарлар билан яқиндан танишдилар.
Тадбир якунида талаба-ёшларни қизиқтирган саволларга соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоб берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати