Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Август, 2026   |   4 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:06
Қуёш
05:34
Пешин
12:27
Аср
17:18
Шом
19:24
Хуфтон
20:47
Bismillah
17 Август, 2026, 4 Рабиъул аввал, 1448

Фарзанд тарбияси — ота-она қўлидаги омонат

09.06.2026   12143   4 min.
Фарзанд тарбияси — ота-она қўлидаги омонат

Фарзанд — Аллоҳ таолонинг энг улуғ неъматларидан биридир. У нафақат қувонч ва бахт манбаи, балки ота-она зиммасидаги катта масъулият ҳамдир. Фарзанд тарбияси Ислом динида ибодат даражасидаги муқаддас вазифа ҳисобланади. Чунки бугунги тарбия эртанги жамиятнинг қиёфасини белгилайди. Солиҳ фарзанд — ота-онага дунёда ҳам шараф, охиратда ҳам нажот топишига сабабидир.

Фарзанд тарбиясида ота она ва устозлар бир ёқадан бош чиқариб фарзандлар келажакда буюк инсонлардан бўлиб улгайишлари учун этиборлар масулиятларини кучайтиришлари керак шунда кутилган орзу ва қилинган нийятларга эришилади. эришилади. 

Фарзанд — омонат

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Эй мўминлар! Ўзларингизни ва оилаларингизни дўзах оловидан сақлангиз!” (Таҳрим сураси, 6-оят).

Бу оят ота-онага улкан вазифани юклайди. Яъни, фарзандни фақат едириб-ичириш эмас, балки уни иймонли, одобли, ҳалол ва ватанпарвар қилиб тарбиялаш ҳам ота-онанинг бурчидир.
Бугунги кунда айрим ота-оналар фарзандининг кийими, овқати, ўқиши ҳақида қайғуради, аммо унинг қалби, одоби, намози ва дўстлари ҳақида етарлича эътибор бермайди. Ҳолбуки ота онадан фарзандлари учун қоладиган энг катта мерос — бойлик эмас, чиройли тарбиядир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарбия ҳақидаги биз умматларига қилган насиҳатларини эслаймиз. 

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳеч бир ота ўз фарзандига чиройли одобдан афзалроқ ҳадя бера олмайди” (Имом Термизий ривояти).

Бу ҳадисдан маълум бўладики, фарзандга қимматбаҳо уй ёки мол-дунё эмас, балки гўзал ахлоқ бериш энг катта бойликдир.

Яна бир ҳадисда: “Барчангиз масъулсиз ва қўл остингиздагилардан сўраласиз” деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Демак, ота ҳам, она ҳам фарзанди тарбияси учун Аллоҳ ҳузурида жавоб беради.
 

Тарбия оиладан бошланади

Фарзанд энг аввало ота-онанинг феъл-атворидан таъсирланади. Уйда ёлғон гапирилса, фарзанд ҳам ёлғончи бўлади. Уйда ҳурмат бўлса, фарзанд ҳам одобли бўлиб улғаяди. Ота-онанинг ҳар бир амали болага дарсдир.

Шунинг учун:

Ота ҳалол ризқ топиши;

Она иффати ва одоби билан намуна бўлиши;

Оилада намоз, Қуръон ва яхши муҳит бўлиши;

Фарзандга меҳр билан насиҳат қилиниши жуда муҳимдир.

Қаттиққўллик ёки фақат койиш билан эмас, меҳр ва ҳикмат билан қилинган тарбия самарали бўлади.

Луқмони Ҳакимнинг ўғлига қилган насиҳати ва тарбиясини Аллоҳ таоло қуронда баён қилиниш фарзанд тарбияси нақадар масулиятли вазифалигини билиб олсак бўлади: “Эй ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирма. Албатта ширк катта зулмдир” (Луқмон сураси, 13-оят).
Бу оятда аввало ақида ва иймон тарбияси биринчи ўринга қўйилганини кўрамиз. Фарзандга энг аввало Аллоҳни танитиш, ҳалол-ҳаромни ўргатиш лозим.

Фарзанд тарбиясидаги энг катта хатолар

Бугунги даврда айрим ота-оналар:

Фарзандини телефон ва интернетга топшириб қўймоқда;

Унинг дўстлари ва муҳитини назорат қилмаяпти;

Диний тарбияга эътиборсизлик қилмоқда;

“Катта бўлса ўзи ўрганади”, деб бепарво бўлмоқда.

Аммо ёш ниҳол қандай эгилса, катта дарахт ҳам шундай шакл олади. Кичикликда берилган тарбия умр бўйи таъсир қилади.

Солиҳ фарзанд — ота-онага садақаи жория бўлади. 

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Инсон вафот этса, уч нарсадан бошқа амали узилади: садақаи жория, фойдали илм ва ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд" (Имом Муслим ривояти).

Демак, яхши тарбия топган фарзанд ота-онасининг вафотидан кейин ҳам уларга савоб етказиб туради.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида айтиб ўтмоқчимиз

Фарзанд тарбияси — энг улуғ ва энг масъулиятли вазифадир. Ота-она фарзандига нафақат дунёвий таълим, балки иймон, одоб, ҳаё, ватанпарварлик ва инсонийликни ҳам ўргатиши керак. Чунки бугунги фарзанд — эртанги ота-она, устоз ва жамият эгасидир.
Аллоҳ таоло барча ота-оналарга фарзандларини солиҳ, илмли, одобли қилиб тарбиялашда тавфиқ ато эцин. Фарзандларимизни динига, ватанига ва ота-онасига садоқатли инсонлардан бўлиб улгайишларини насиб этсин.


Муҳаммадшокир Бобохўжаев,
Норин туманидаги “Умархўжа эшон” жоме масжиди имом-хатиби

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Мустақиллик шукуҳи — эзгулик ва саховат тимсоли

14.08.2026   19826   1 min.
Мустақиллик шукуҳи — эзгулик ва саховат тимсоли

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан юртимизда тинчлик, меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик каби юксак қадриятларни кенг тарғиб этишга қаратилган хайрли тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан,13 август куни Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайрулла домла Абдуллаев бошчилигида туман бош имом-хатиблари, отинойилар, «Ҳаж–2026» зиёратидан қайтган ҳожи оталар ва ҳожи оналар ҳамда маҳалла фаоллари иштирокида Урганч шаҳридаги «Охун бобо» жоме масжидида сайёр йиғилиш ўтказилди. Тадбирда Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари Р.Собитов иштирок этди. Тадбир доирасида    «Мустақиллик шукуҳи» шиори остида Урганч шаҳридаги боқувчисини йўқотган, етим, ночор ва кам таъминланган оилалардан 100 нафарига ВАҚФ жамоат фонди вилоят бўлими билан ҳамкорликда моддий ёрдамлар кўрсатилди. Бу хайрли амал орқали эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий кўмак ва самимий меҳр-эътибор улашилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакиллиги матбуот хизмати