Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан Термиз давлат университети талабалари иштирокида марказ фаолияти ва сўнгги йилларда чоп этилган нашрларга бағишланган маънавий-маърифий учрашув ташкил этилди.
Тадбирда университетнинг Хорижий филология факультети профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари иштирок этди. Учрашув давомида Термиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг бой илмий мероси, марказ томонидан амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишлари ва янги нашр этилган китобларнинг ёшлар маънавиятини юксалтиришдаги аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, қатнашчилар марказ кутубхонасида сақланаётган ноёб манбалар, қўлёзмалар, илмий адабиётлар ҳамда сўнгги йилларда чоп этилган янги асарлар билан яқиндан танишдилар.
Тадбир якунида талаба-ёшларни қизиқтирган саволларга соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоб берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
"Жидда – Наманган" йўналиши бўйича "Uzbekistan Airways" авиакомпаниясининг замонавий ҳаво лайнерларида Наманган вилоятининг Чортоқ, Поп, Норин ва Тўрақўрғон туманларидан бўлган жами 490 нафар ҳожи эсон-омон она диёримизга етиб келди.
Муборак заминда Ҳақ таолонинг улуғ фарзини чиройли адо этиб, соғ-саломат ўз юртига қайтган зиёратчилар яқинлари дийдорига етишганлари учун чексиз шукроналар айтишмоқда. Ҳожилар сафар давомида кўрсатилган юксак даражадаги ташкилотчилик ва яратилган қулай шароитлардан мамнун эканликларини билдириб, юртимиз тинчлиги, эл-юрт фаровонлиги ҳаққига хайрли дуолар қилишди.
Наманган вилоятига ҳаж зиёратчиларини олиб келувчи навбатдаги рейслар изчил давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати