Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: «“Оҳ, Юсуф!” деб кўзларига оқ тушди» (Юсуф сураси, 84-оят).
Бу оят узоқ вақтдан бери муфассир ва тиббиёт тадқиқотчиларини ўзига жалб қилиб келади. Баъзи талқинларга кўра, бу “оқ тушиш” ҳозирда бутун дунёда кўрликнинг асосий сабаби сифатида тан олинган “катаракта”га ишора қилади.
Кўзга оқ тушиши – кўз гавҳарининг хира тортиши бўлиб, табобат илмида “катаракта” дейилади. Бунда кўз гавҳарида хиралик пайдо бўлиб, кўришни қисман ёки тўлиқ тўсиб қўяди. Баъзида бу хиралик кўзни шу даражада заифлаштирадики, ҳатто инсон буткул кўрмай қолади.
Мисрлик биокимёгар доктор Абдул Босит Муҳаммад Саййид айтади: “Кунларнинг бирида бомдод намозида Юсуф сурасини ўқидим. Ундаги ажойиб қисса эътиборимни тортди. Юсуфга акаларининг қилган фитнаси, отаси уни йўқотиб қўйиб, қаттиқ қайғудан кўзи кўрмай қолгани, сўнгра Юсуф алайҳиссаломнинг кўйлагини юзига босганида кўзи яна очилгани ҳақида фикр юритдим. Ўзимга ўзим: “Юсуфнинг кўйлагида нима бўлиши мумкинки, бундай шифога сабаб бўлса ва кўз ўз ҳолатига қайтса?” дедим. Ишончим комилки, бу ерда фақат руҳий даво эмас, балки моддий шифо ҳам бўлган. Қуръоннинг ҳақ эканини тасдиқлаш учун бу масалани ўрганиб, охирига етказишим керак. Мен бу масала устида тадқиқот ўтказдим ва Аллоҳ мени бунга муваффақ қилди”.
Доктор Абдул Босит Муҳаммад Саййид тернинг Яқуб алайҳиссаломнинг кўриш қобилиятини тиклашда рол ўйнаши мумкинлиги борасида илмий тадқиқотлар олиб борди.
Доктор Абдул Босит инсон танасидан ажраладиган тернинг асосий таркибий қисми бўлган карбамидга эътибор қаратди ва у катаракта ҳосил бўлишини қайтаришга ёрдам бериши мумкин деган гипотезани илгари сурди.
Катаракта линзаларини тер эритмаларига ботириб, линзаларнинг хиралашишини аста-секин йўқ қилишини кузатди. У тер таркибий қисмларидан олинган кўз томчиси формуласини ишлаб чиқди ва уни 250 нафар беморда синаб кўрди.
Натижада, 90 фоиздан ортиқ беморнинг кўзидаги оқлик кетиб, кўриши аввалги ҳолига қайтди. Қолган 10 фоиз кишиларнинг кўз гавҳарида шаффофлик кузатилган, аммо кўзида бошқа касаллик бўлгани учун уларнинг кўриши яхшиланмаган. Доктор Абдул Босит Муҳаммад бу илмий кашфиётлари учун Европа ва Америка Қўшма Штатларида патентларни олди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
اللَّهُمَّ اجْعَلْ فِي بَصَرِي نُورًا
Аллоҳуммажъал фий басорий нурон
“Ё Аллоҳим, кўзимда нур қил” деб дуо қилардилар (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло беминнат берган кўз неъматининг шукрини адо этишимизни насиб айласин. Кўзларингиз ҳамиша қувончдан порлаб турсин!
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
2026 йилнинг 16 июнь куни – янги 1448 ҳижрий йил – Муҳаррам ойи бошланишининг 1 кунидир. Ашуро куни 2026 йилнинг 25 июнь, пайшанба кунига тўғри келади.
Муҳаррам ойи қандай ой?
Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.
Ашуро қандай кун?
Бу кун ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади.
Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Ашуро кунини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказардилар?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Ашуро куни рўзасини Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).
Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ниятларига эътиборан, Ашуро кунига қўшиб бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутмоқ афзал дейдилар.
Аллоҳ таоло ушбу ойнинг фазилатларидан барча мўмин-мусулмонларни тўлиқ баҳраманд этсин. Ўзининг розилигини топадиган амалларда бардавом қилсин.
Даврон НУРМУҲАММАД