Шу йил 9 июнь куни Бекобод туманидаги «Далварзин» жоме масжидида навбатдаги маънавий-маърифий йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Мусохон домла Бобоев, вилоятнинг туманлар/шаҳарлар бош имом-хатиблари, шунингдек, Бекобод туманидаги масжидлар имом-хатиблари, ноиблар, ҳожилар ва маҳалла фаоллари иштирок этди.
Йиғилиш қатнашчилари Бекобод туманининг 19 та масжиди ҳамда 22 та маҳалласига бириктирилди.
Тадбир доирасида ҳар бир маҳалланинг камида 5 тагача муаммоли хонадонига кирилиб, у ерда яшаётган кишилардан ҳол-аҳвол сўралди.
Имом-хатиблар 7 тоифага мансуб 110 та оилага кириб, маънавий-маърифий тарғибот ҳамда амалий ёрдам тадбирлари олиб борди.
Жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинган 2 нафар фуқароа билан суҳбатлашилди, уларнинг тушунчалари тўғриланди.
Нотинч оилалар ўрганилиб, улар яраштирилди.
Шунингдек, 20 та хонадонда ичкиликка ружу қўйган кишилар билан суҳбатлар ўтказилди.
Маънавий кўмакка муҳтож 7 та оила ила мулоқот қилинди.
Мухтасар айтганда, биргина шу тадбир доирасида барча жиҳат қамраб олинди.
Ишчи гуруҳ аъзолари – имом-хатиблар ўзларига бириктирилган масжидларда пешин намозидан сўнг қавмга «Тинчлик-хотиржамлик неъмати», «Ўзаро ҳамжиҳатлик», «Оила – муқаддас даргоҳ», «Янги Ўзбекистонда инсон қадри», «Шукроналик – буюк фазилат», «Фарзанд тарбияси», «Яхшиликнинг мукофоти яхшиликдир», «Қўни-қўшничилик ҳуқуқлари», «Ислоҳотлар – халқ манфаати учун», «Мазҳабга эргашиш ва ёт ғоялар таъсиридан сақланиш» каби долзарб мавзуларда мавъизалар қилишди.
Бу жараёнда 1370 нафардан ортиқ тингловчи (намозхон) қамраб олинди.
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида Қуръон мусобақаси ўтказилди.
Очилиш маросимида Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир домла Элов сўзга чиқиб, мазкур маърифий тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб, иштирокчиларга муваффақият тилади.
Мусобақани ўтказишдан кўзланган мақсад диний соҳа ходимларининг Қуръони карим бўйича билим ва маҳоратини янада ошириш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришдир.
Беллашувда вилоятнинг туман ва шаҳарларида фаолият юритаётган 10 нафар имом-хатиб ва имом-ноиб иштирок этиб, Қуръони каримни ўқиш ва ёддан билиш борасидаги билим ва маҳоратини намойиш этишди.
Биринчи ўринга Пешку тумани “Чиқирчи” жоме масжиди имом-ноиби Афзал Шавкатов сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Бухоро шаҳридаги “Волиди Абдулазизхон” жоме масжиди имом-ноиби Абдувоҳид Акрамовга, учинчи ўрин Жондор тумани “Работўғлон” жоме масжиди имом-хатиби Шуҳрат Шеровга насиб этди.
Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати