Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Фазилатли имом, муҳаддис, шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ зиёратларига келган талабаларга айтадилар: “Мен сизнинг баъзи умумий ёки муайян масалаларга оид саволларингизга жавоб беришга вақт ажратишим мумкин ва сиз улардан фойда кўрасиз. Лекин бунинг ўрнига мен сизга илм йўлида 60 йилдан узоқроқ муддатда тўплаган айрим насиҳатларимни етказишни афзал кўраман.
“Унутмангки, ихлос – мўъжизалар яратади. Буюк олим Мавлоно Қосим Нанутвий раҳимаҳуллоҳ на шоҳ, на қудратли ҳукмдор бўлган, балки қишлоқдан келган оддий одам эди. Девбандда мадрасага асос солди ва натижада бутун дунё бўйлаб сон-саноқсиз олимларнинг етишиб чиқишига хизмат қилди.
Покистонлик Шайх Муҳаммад Амин Харвалий айтади: “Покистоннинг биргина Карачи шаҳрида 30 мингта исломий таълим муассасаси мавжуд бўлиб, уларнинг илдизи Дорул Улум Девбандга бориб тақалади. Худди шундай, Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш, Жанубий Африка, Англия, Америка ва бошқа кўплаб мамлакатлардаги минглаб институтларнинг барчасининг онаси Дорул Улум Девбанд саналади. Бу унинг асосчисининг ихлоси ва мусулмонлар манфаати учун хизмат қилишга бўлган холис ниятининг мевасидир.
Бомдод намозидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги дуоларини ўқишни унутманг:
اللهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ عِلْمًا نَافِعًا وَرِزْقًا طَيِّبًا وَعَمَلاً مُتَقَبَّلاً
Ўқилиши: Аллоҳумма инний асалука ъилман наафиъан ва ризқон тоййибан ва ъамалан мутақоббалан.
Маъноси: Ё Аллоҳим, Сендан фойдали илм, покиза ризқ, қабул бўладиган амал сўрайман!
Шом намозидан кейин эса, Қуръонда келган ушбу дуони ўқинг:
﴿رَبَّنَا لاَ تُزِغْ قُلُوبَنَا بَعْدَ إِذْ هَدَيْتَنَا وَهَبْ لَنَا مِن لَّدُنكَ رَحْمَةً إِنَّكَ أَنتَ الْوَهَّاب﴾
Ўқилиши: Роббанаа лаа тузиғ қулубанаа баъда из ҳадайтанаа ваҳаб ланаа милладунка роҳматан иннака антал ваҳҳааб.
Маъноси: Эй Роббимиз, бизни ҳидоят қилганингдан сўнг қалбларимизни оғдирмагин ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ато қилгин. Албатта Сенинг Ўзинг кўплаб ато қилувчисан.
Аллоҳ таоло Шайх Муҳаммад Аввома ва у кишининг оиласини икки дунё яхшиликлари билан мукофотласин, уларга барака ато этсин, ҳамиша Ўз паноҳида сақласин ва илмларидан тўлиқ фойдаланишимизни насиб этсин.
Даврон НУРМУҲАММАД
Сайёр йиғилиш
Бир кишига кўмаклашсангиз, у қанчалик шод бўлади.
Энди бир эмас, ўн эмас, юздан зиёд оилага ҳам маънавий, ҳам маърифий, ҳам моддий кўмак берилса, қанча кишининг кўнгли кўтарилишини, сизни алқашини тасаввур қилиб кўринг-а.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида пойтахтимизнинг Янги ҳаёт туманидаги «Ниёзмат ота» жоме масжидида маънавий-маърифий сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Эргашали домла Рустамов, Тошкент шаҳар туманлари бош имомлари, имом-домлалар, «Ҳаж 2026» иштирокчилари қатнашдилар.
Тумандаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш мақсадида маҳаллаларга ташриф буюрилди. Адашиб ақидаси бузуқ турли оқимлар таъсирига тушиб қолган шахслар, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан ҳам суҳбатлар олиб борилди.
Катта ҳаёт тажрибасига эга ҳожи оталар, ҳожи оналар имом-хатиблар, отинойилар билан биргаликда олиб борган маърифий тарғиботлари ўз самарасини берди: юздан зиёд хонадонга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам кўрсатилди.
* * *
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Янги ҳаёт туманидаги маҳаллаларга ташриф буюриб, у ердаги бир қанча хонадонларга кириб, хонадон эгаларининг қалбларига хурсандчилик улашдилар.
Қувонарлиси, янги ўқув йили арафасида ҳомийларни жалб қилган ҳолда 30 та ҳақдор хонадон соҳиблари фарзандларига сумка, ўқув қуроллари ҳадя этилди.
Юздан зиёд хонадон эгаларининг кўнгли кўтарилиб, улар эзгу ишларнинг бошида турган барча азиз инсонларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилишди.
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати