Кўҳна ва боқий Бухоро шаҳридаги Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасасида навбатдаги 57-хатмона маросими бўлиб ўтди.
Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланган тадбирни таълим муассасаси директори Жалолиддин домла Сабуров очиб бериб, йиғилганларни қутлади ва битирувчи талабаларнинг ўқиш даврида қўлга киритган ютуқларига тўхталиб ўтди.
Маросимда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Бухоро вилояти вакили Жобир домла Элов, таниқли уламо Абдулғофур Раззоқ Бухорий ҳамда вилоят ҳокими ўринбосари Азизбек Қаландаров сўзга чиқиб, битирувчиларни қутлуғ қадам билан муборакбод этдилар ва уларнинг келгуси диний-маърифий фаолиятларида муваффақиятлар тиладилар.
Тантанали тадбир давомида устозлар ва ота-оналарга чексиз миннатдорлик изҳор этган битирувчилар орасидан Қуръони каримни тўлиқ ёд олган қорилар, хусусан, Каломуллоҳни бир ўтиришда ёддан тиловат қилиб топширган иқтидорли талабалар алоҳида тақдирландилар.
Муқаддас китобни қалбига жо қилган бу ёшларга таълим муассасасининг ташаккурномалари ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллиги, «Вақф хайрия» жамоат фонди ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида кам таъминланган оилаларнинг 35 нафар фарзанди учун суннат тўйи ўтказилди.
Хайрли тадбир давомида болажонларга кийим-кечаклар ва совға-саломлар тақдим этилиб, уларнинг қувончига қувонч улашилди. Тўйхонада ош дамланиб, меҳмонлар ва юртдошларга дастурхон ёзилди.
Бундай хайрли ва саховатли ишлар мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида амалга оширилиб, халқимизга бўлган меҳр-эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Сирдарё вилояти вакиллиги матбуот хизмати