Имом Мотуридий яшаган давр Сомонийлар ҳукмронлик қилган даврга тўғри келиб, Ислом оламида эътиқод масалаларида бир-бирига қарама-қарши бўлган хилма-хил ғоялар кенг тарқалган. Қадарийлар, шиалар, жаҳмийлар, муътазилийлар, рофизийлар каби ўнлаб оқимлар орасидаги тортишувлар баъзан қонли можаролар билан якунланган. Ана шундай мураккаб даврда Самарқандда Имом Мотуридий ва у зот каби улуғ уламолар ўзларининг илму маърифатлари, чуқур ва теран тафаккурлари билан жаҳолатни енгишга ҳаракат қилдилар. Шу тариқа соф исломий ақидани сақлаб қолиш учун ўзларининг бор салоҳиятлари ва куч-қувватларини аямадилар. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, улар Қуръони карим ва суннат таълимотлари асосида ҳамда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари услубида ақида масалаларини ёрита бошладилар. Мусулмонларни тарқоқликка олиб келувчи ақидавий оқимларга қарши курашда Абу Мансур Мотуридий биринчилар сафида бўлди.
Имом Мотуридий соф ақидани исботлашда мўтазилийлар каби фақат ақлга суяниш эмас, балки, биринчи навбатда, нақлдан фойдаланишни зарур деб билади. Ушбу олимнинг ақида борасида қўшган яна бир ҳиссаси шуки, жуда кўплаб фирқалар эътиқод борасида ўз фикрлари билан мусулмон аҳлини турли йўлларга бошлаган бир пайтда, ўлкада ягона сунний ақида тизимини ўрнатадилар. У зот турли адашган фирқаларнинг Қуръони карим ва суннати набавийяга зид бўлган барча ботил ақидаларини далиллар асосида исботлаб берадилар. Натижада турли хилдаги майда оқимлар кўпайишининг олди олинди. Имом Мотуридий ўз услуби ва илмий асарлари билан Мовароуннаҳр илоҳиёт мактаби ривожига катта ҳисса қўшди. Шунингдек, ҳанафия мазҳабининг Ўрта Осиё халқлари урф-одатлари билан чамбарчас боғлиқ эканини ўз қарашлари орқали кўрсатиб бердилар.
Буюк имомнинг “Таъвилот аҳли сунна” ёки бошқа бир номи “Таъвилот ал-Қуръон” деб номланган асарларида аҳли сунна вал жамоа ақидасига зид бўлган оқимларга раддия билдиришда Имом Абу Ҳанифанинг қарашларига суянган ҳолда иш кўради.
Ҳозирги кунга келиб сохта салафийлар томонидан мотуридия ақидавий йўналишини аҳли сунна вал жамоанинг муқобилига қўядилар ва кескин танқид остига оладилар. Ваҳоланки, Имом Абу Мансур Мотуридий ва Имом Абул Ҳасан Ашъарий аҳли суннатнинг ақоид боби имоми эканликлари ҳақида кўп уламолар таъкидлашган. Жумладан, Имом Ибн Ҳажар Ҳайтамий шундай дейдилар:
المراد بالسنة ما عليه إماما أهل السنة والجماعة الشيخ أبو الحسن الأشعري وأبو منصور الماتريدي
яъни: “(“Аҳли сунна” сўзидаги) Суннатдан мақсад – аҳли сунна вал жамоа имомлари Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий тутган йўлдир” (“Аз завожир ан иқтирофил кабоир” китоби).
Машҳур муҳаддис олим Муртазо Зубайдий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:
«إذا أطلق أهل السنة والجماعة فالمراد بهم الأشاعرة والماتريدية»
яъни: “Агар ҳеч қандай қайдларсиз “Аҳли сунна вал жамоа” дейилса, Ашъарийлар ва Мотуридийлар тушунилади” (“Итҳафу саадатил муттақин шарҳу иҳёи улумид дин” китоби).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам турли фирқалар кўпайган пайтда мусулмонларнинг катта жамоасини лозим тутишни таъкидлаб, шундай дейдилар:
«فَإِذَا رَأَيْتُمُ اخْتِلَافًا فَعَلَيْكُمْ بِالسَّوَادِ الْأَعْظَمِ»
яъни: “Агар ихтилофни кўрсангиз, катта қора (жамоа)ни лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривояти).
Демак, бугунги кунгача ва ҳозирда ҳам катта жамоат – Имом Мотуридий ва Имом Ашъарийларнинг ақидада тутган йўллари ҳамда фиқҳда тўрт мўътабар мазҳаб (Ҳанафий, Моликий, Шофеий ва Ҳанбалий)ларга мувофиқ келади. Мана шулар аҳли сунна вал жамоани ташкил этади. Аҳли сунна вал жамоа ичида булардан бошқа эътиқодий ва фиқҳий мазҳаблар мавжуд эмас.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ асос солган диний таълимот – мотуридия мактаби Шарқ мамлакатларида катта шуҳрат топишига сабаб шуки, унда илгари сурилган ғоялар Ислом динининг моҳиятини тўғрилик, эзгулик, инсонийлик деб биладиган жамики мўмин-мусулмонларнинг қарашлари ва интилишлари билан ҳамоҳангдир.
Тугалбоев Жамшид
“Ҳидоя” ўрта махсус
ислом билим юрти талабаси
Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо Хадижа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо вафот этганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиққанлар.
Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо Ислом даъватининг илк йилларида биринчи турмуш ўртоғи Сакрон ибн Амр билан бирга Аллоҳнинг динини қабул қилганлар. Аммо Исломга кирмаган қариндошларининг аксарияти Савда розияллоҳу анҳога ёмон муносабатда бўлишган. Қолаверса, мушрикларнинг таъқиблари, азоб-уқубатлари ва ҳақоратларини ҳам бошдан кечирди.
Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга Эфиопия (Ҳабашистон)га ҳижрат қилишни буюрдилар. Бу сафар мушриклар тўсқинлик қилмасликлари учун махфий тарзда амалга оширилди. Савда розияллоҳу анҳо ва турмуш ўртоғи Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида уй-жойлари ва мол-мулкларини ташлаб, мусофирликка чиқдилар.
Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Зулмга дучор бўлганларидан сўнг Аллоҳнинг йўлида ҳижрат қилганларни бу дунёда, албатта, гўзал(жой)га жойлаштирамиз. Ва охират ажри каттароқдир, агар биладиган бўлсалар” (Наҳл сураси, 41-оят).
Кейинчалик муҳожирларга Маккада мушриклар мусулмонларга тазйиқ қилишни тўхтатгани ҳақида хабар етди. Шу боис айримлари юртларига қайтишга қарор қилдилар. Савда розияллоҳу анҳо ҳам улар орасида эдилар. Аммо Маккага етиб келгач, бу хабар ёлғон экани маълум бўлди. Ана шу оғир кунларда яна бир мусибат юз берди – касаллик сабабли турмуш ўртоғи Сакрон ибн Амр вафот этди.
Милодий 619 йилда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларида икки катта мусибатни бошдан кечирдилар: дастлаб амакилари Абу Толиб, ортидан эса завжаи муҳтарамалари Хадижа розияллоҳу анҳо вафот этдилар. Бу йўқотишлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қаттиқ маҳзун қилди.
Кунларнинг бирида Ҳавла бинти Ҳаким розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга уйланишни таклиф қилиб, Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо ҳақида сўз очди. Шундан сўнг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳавла розияллоҳу анҳони Савда розияллоҳу анҳонинг розилигини билиш учун юбордилар. Савда розияллоҳу анҳо бу никоҳга розилик билдирдилар. Кейин эса Ҳавла розияллоҳу анҳони оталарининг фикрини сўраш учун юбордилар. Оталари ҳам ушбу никоҳга розилик бердилар. Шу тариқа Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиқдилар.
Бу орада Маккада мусулмонларга нисбатан таъқиблар янада кучайди. Шу сабабли мусулмонлар Мадинага ҳижрат қилишга қарор қилдилар. Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳижрат қилиб, муҳожирлар сафидан ўрин олдилар.
Мўминларнинг бошқа оналари каби Савда розияллоҳу анҳо ҳам кўплаб юксак фазилатларга эга эдилар. Айниқса, саховатлари билан ажралиб турардилар.
Ибн Сириндан ривоят қилинадики, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик даврида Савда розияллоҳу анҳога дирҳамлар солинган катта халта юбордилар.
Савда розияллоҳу анҳо:
— Бу нима? — деб сўрадилар.
Улар:
— Дирҳамлар, — дедилар.
Шунда у киши:
— Хурмо солинган идиш каби тўлиб кетибди-ку, — дедилар.
Сўнг хизматкорини чақириб:
— Уни тарқатиб юбор, — дедилар.
Ва барча молни камбағалларга садақа қилиб юбордилар.
Савда розияллоҳу анҳо хушчақчақ ва очиқкўнгил аёл эдилар. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга “Ё Аллоҳнинг Расули, кеча сиз билан намоз ўқидим. Сиз рукуни шу қадар узоқ қилдингизки, ҳатто бурнимдан қон оқиб кетмасин деб ушлаб турдим”, дедилар. Бу гапдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилдилар.
Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо бутун умрларини тақво, саховат ва юксак ахлоқ билан ўтказдилар. У киши ўз даврларида ҳам, бугунги кунда ҳам мусулмон аёллари учун ибрат намунаси бўлиб қолмоқдалар.
Оиша розияллоҳу анҳо: “Савдадан кўра ўзимни унга ўхшатишни кўпроқ истайдиган бирор кишини билмайман”, деганлар.
Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳо халифаликларининг сўнгги йилларида вафот этдилар.
Аллоҳ таоло Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳодан рози бўлсин, у зот каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли, динимизга содиқ, сабрли ва саховатли бандаларидан қилсин.
Аллоҳим, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтлари ва барча саҳобаларидан рози бўлгин. Бизни ҳам уларнинг гўзал хулқларига эргашувчилардан қилгин. Қалбларимизни иймон нури билан мунаввар, оилаларимизга барака, ҳаётларимизга тақво ва амалларимизга ихлос ато этгин.
Даврон НУРМУҲАММАД