Бугун, 11 июнь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти тарихида биринчи марта магистрантларнинг диссертация ҳимояси старт олди!
Тадбир Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Қуръони карим тиловати билан бошланди.
Ушбу муҳим воқеада Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов, Дин ишлари бўйича қўмита бошқарма бошлиғи Муҳиддин Ҳакимов, Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази директори Комилжон Шермуҳаммедов, институт ўқитувчи ва талабалари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Институт ректори Уйғун Ғофуров ва бошқалар бу тарихий қадам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббусларининг амалий натижаси эканини, мамлакатимизда диний-маърифий соҳани янги босқичга олиб чиқиш ва юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш тизимининг самараси эканини алоҳида таъкидлашди.
Ҳозирда Тошкент ислом институтида «Ислом илоҳиёти, фалсафаси ва мотуридийлик таълимоти» ҳамда «Ҳадис илмлари» мутахассисликлари бўйича жами 20 нафар магистрант таҳсил олмоқда.
Илк 10 нафар магистрант ўқиш давомида 52 та илмий мақола ва тезис нашр эттиргани, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Ислом цивилизацияси марказида илмий амалиёт ўтаб, ноёб қўлёзмалар билан ишлаш кўникмаларини мустаҳкамлагани эътироф этилди.
Бу ҳимоялар юртимиз диний таълим тизими ривожидаги муҳим босқич бўлиб, келажакда бой илмий-педагог кадрлар салоҳиятини оширишга ва аждодларимизнинг бебаҳо меросини чуқур ўрганишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бугунги жамиятимизда одоб-ахлоқ жиҳатидан оқсоқликлар кўзга ташланмоқда. Салом бериш, ёрдамга муҳтожларни кўрганда кўмаклашиш, ўзидан катталарга ҳурмат кўрсатиш каби қадриятлар камайиб бораётганини ҳеч ким инкор қилмаса керак. Ҳолбуки, ҳар бир ота-она фарзандининг илмли, солиҳ ва етук инсон бўлиб камол топганини кўришни орзу қилади. Бироқ “ҳолва” деган билан оғиз ширин бўлмайди. Яъни қуруқ орзу-ҳаваснинг ўзи кифоя қилмайди. Балки доимий ва тартибли таълим-тарбия ишига киришиш лозим бўлади. Бу борада жамиятдаги инсонларни уч тоифага бўлиш мумкин:
1. Ўзи ҳам амал қилиб, фарзандини ҳам эзгуликка етаклайдиганлар. Бу тутум дунё ва охират саодатини кўзлаган мўминнинг йўли. Тарбияда энг самарали омил ота-онанинг шахсий намунасидир. Болага, аввало, Аллоҳни танитиш ва солиҳ амаллар билан ўрнак бўлиш лозим. Қуръони каримда таъкидланганидек, иймон келтириб, эзгу амал қилганларга дунёда покиза ҳаёт, охиратда эса абадий жаннат башорати берилган (Наҳл сураси, 97-оят).
2. Ўзи амал қилмай, фарзанди тарбиясига мол-дунё сарфлайдиганлар. Унутманг, пул ҳамма нарсани ҳал қилмайди. Ота-онанинг ўзи диний ва ахлоқий мажбуриятларни бажармаса, панд-насиҳатлари фарзандга таъсир қилмайди. Оилавий муҳитда ота таъминотга, она тарбияга масъул бўлиб, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик бўлиши шарт.
Шунингдек, ота-оналарнинг беҳуда ишлар, масалан, телефонга кўп боғланиб қолиши тарбиядаги энг катта бўшлиқни юзага келтиради. Фарзанд камолоти учун унинг вақтини тўғри тақсимлаш, уйқу ва дарс тартибини доимий назоратда тутиш, тартибни ушлаш лозим. Энг муҳими, хулқ илмдан устун туради: хулқсиз берилган илм инсонни залолатга етаклайди, шу боис фарзандга гўзал ахлоқий тарбия бериб, сўнг илм билан зийнатлаш керак.
3. Ўзи ҳам амал қилмай, фарзандини ҳам бунга чақирмайдиганлар. Бу тоифанинг оқибати хатарлидир. Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида бундай марҳамат қилади: “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унинг учун танг ҳаёт бўлур...” (124-оят). Мана шу оятнинг ўзиёқ кишини сергак торттириб, бу тоифадан бўлиб қолмасликка ундаши лозим.
Хулоса шуки, фарзанд қалби ва руҳияти илдиз отиши керак бўлган дарахт кўчати кабидир. Унинг илдизини иймон ва тақво мустаҳкамлайди. Шундай экан, ким фарзандлари камолини кўришни истаса, амали ва эътиборини билан шунга ҳаракат қилсин. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда бардавом қилиб, зурриётларимиз камолини кўрсатсин.
Азиза РАҲМАТОВА,
Самарқанд тумани бош отинойиси