Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари билан ҳаж мавсуми, хизматлар, шароитлар, ибодатлар ва ўзаро алоқалар тўғрисида бўлиб ўтган суҳбат Саудия Арабистонида чоп этиладиган машҳур “Уккоз” газетасида эълон қилинди.
Мазкур интервьюда жорий йилги ҳаж мавсуми юқори даражада ташкил этилгани, юксак савияли хизматлар кўрсатилгани, намунали тартиб-интизом ва инсонпарварлик тамойиллари асосида ўтгани алоҳида таъкидланган. Шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилиб, жадал тараққий этаётгани эътироф этилган.
“Ҳаж – 2026” мавсумининг муваффақиятли ўтишида ўзбекистонлик зиёратчилар учун барча чора-тадбирларни амалга оширишга раҳнамолик қилган Давлатимиз Раҳбарига миннатдорлик билдирилган. Ўз навбатида Саудия Арабистони раҳбариятига ташаккур айтилган.
Айниқса, шу йилда илк бор жорий этилган 100 нафар юртдошимиз “Президент ҳожиси” сифатида Саудия Арабистони масъуллари томонидан юксак эҳтиром билан кутиб олингани ва кўрсатилган олий даражадаги эътиборга алоҳида урғу қаратилган.
Мино ва Арафотдаги замонавий чодирлар, шинам шароитлар, совутиш тизимлари ҳамда рақамли хизматлар зиёратчилар ибодатларини хотиржам адо этишларига омил бўлгани қайд этилган. Шунингдек, юртимизда зиёратчиларга кўрсатилган хизматлар, хусусан 9 та халқаро аэропорт орқали авиақатновлар йўлга қўйилгани, муборак манзиллардаги озиқ-овқат, тиббий ва транспорт хизматларининг юқори даражада бўлгани икки давлат идоралари ўртасидаги ҳамкорлик самаралари экани баён қилинган.
Маълумот ўрнида: “Уккоз” газетаси 1960 йилда ташкил этилган бўлиб, Саудия Арабистонида чоп этиладиган энг йирик ва нуфузли кундалик нашрлардан бири. Газета номи қадимги араб дунёсида адабиёт, маданият ва савдо маркази ҳисобланган тарихий “Уккоз бозори” шарафига номланган. Бугунги кунда нашр босма ва рақамли форматда чиқиб, қироллик ҳамда Ислом дунёсидаги сиёсий, ижтимоий ва диний жараёнларни кенг ёритади.
24–29 август кунлари Ўзбекистон пойтахтида “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусида халқаро медиафорум ўтказилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тадбирнинг асосий қисми Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ва медиа соҳаси мутахассислари жам бўлади.
Форум дастуридан тантанали очилиш маросими, ялпи мажлислар, мавзуга оид медиа-кўргазмалар, матбуот анжуманлари ва икки томонлама учрашувлар ўрин олган. Шўба йиғилишлари доирасида ҳужжатли кино ва тарихий хотира, нашриёт лойиҳалари, замонавий технологиялар, шунингдек, медиа соҳасидаги халқаро лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон талабалари учун жаҳон медиа саноатининг етакчи мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Иштирокчилар замонавий журналистика, медиа маҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш борасида тажриба алмашади.
27 август куни форум қатнашчилари учун Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштирилади. Дастур доирасида меҳмонлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилади ва шаҳарнинг тарихий-маданий мероси билан танишади. Шунингдек, Тошкент шаҳрида хорижий ОАВ вакиллари учун махсус медиа-тур ўтказилиши режалаштирилган.
Форум 28 август куни якуний ялпи мажлис ва тантанали ёпилиш маросими билан ўз ишини якунлайди. Хорижлик меҳмонлар, Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати