Саломатликни мустаҳкамлаш, танани тетик ва бардам сақлашнинг энг самарали йўли жисмоний тарбия ва спортдир. Халқимизда “Соғ танда — соғлом ақл” деган ҳикматли ибора бежиз айтилмаган. Тана соғлом бўлса, инсоннинг фикрлаши ва иш унумдорлиги ҳам юқори бўлади.
Айни мақсадни кўзлаган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари билан тизимда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ва соҳа ходимларининг жисмоний фаоллигини ошириш мақсадида ҳафтанинг ҳар жума куни “Спорт куни” деб белгиланган.
Шу хайрли ташаббуснинг амалий ижроси сифатида бугун Диний идора ходимлари ўртасида стол тенниси бўйича мусобақа ўтказилди. Унда ходимлар ўзларининг чаққонлик ва спортдаги маҳоратларини намойиш этди.
Мазкур спорт тадбири орқали диний соҳа ходимлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Кучли мўмин кучсиз мўминдан кўра Аллоҳга яхшироқ ва севимлироқдир» (Имом Муслим ривояти), деган муборак ҳадисларини амалда исботладилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳам жисмоний фаол бўлиб, саҳобаларни от миниш, камондан ўқ отиш, югуриш ва курашга чақирганлар.
Бу каби мусобақалар ходимлар ўртасида ўзаро аҳиллик, ҳамжиҳатлик ва соғлом рақобат муҳитини кучайтиришга, уларнинг ижодий ва иш фаолиятини янада юқори босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Маълумот ўрнида, стол тенниси – нафақат юрак-қон томир тизимини мустаҳкамловчи ажойиб машқ, балки кўриш қобилиятини табиий равишда яхшовчи энг фойдали спорт туридан биридир. Айниқса, телефон ва гаджетлардан фойдаланиш кўпайган бугунги кунда бу ўйин – доимий ҳаракатдаги тўпни кузатиш орқали кўз мушакларини чиниқтиради, чарчоқни олади ва диққатни жамлашга ёрдам беради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Шайх Нуриддин Холиқназар ташаббуслари билан Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Қорақалпоғистон мусулмонлари қозияти ва қозиётга қарашли барча масжид имом-хатиблари томонидан нуроний кексалар, меҳнат фахрийлари ҳамда ёрдамга муҳтож оилаларнинг ҳолидан хабар олинди. Тадбир доирасида муҳтож оилаларнинг турмушини енгиллаштириш мақсадида бир оилага замонавий қуёш панели ўрнатиб берилиб, қўшимча байрам совғалари топширилди. Бундай хайрия ташаббуслари жамиятда ўзаро аҳиллик, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти