Юртимизда спортга катта эътибор қаратилмоқда, алҳамдулиллаҳ. Шу билан бирга, Ислом шариатида ҳам бунга катта эътибор берилган.
Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўплаб ҳадислари бор.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан мусобақалашган эдилар, мен у зотдан ўзиб кетдим. Бир муддатдан сўнг жисмим оғирлашганида яна мен билан мусобақалашиб, мендан ўзиб кетдилар ва “ҳалиги билан биру бир”, дедилар» (Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари Оиша онамиз розияллоҳу анҳо билан югуриш мусобақаси ўтказган эканлар, субҳаналлоҳ.
Бу югуриш мусобақаси пайтида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшлари эллик учдан ўтган эди. Оиша онамиздан ўзиб кетган югуриш мусобақада эса, у зотнинг ёшлари бундан ҳам катта бўлган. Бу, оилавий равишда бадантарбия билан шуғулланишдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш авлоднинг соғлом бўлиб ўсишини таъминлаш борасида ота-оналарни фарзандларини бадантарбия билан шуғуллантиришга тарғиб қилганлар.
У зот алайҳиссалом: “Фарзандларингизга сузишни, отишни ва от минишни таълим беринглар”, деганлар.
Яна бошқа бир ҳадиси шарифда эса: “Ёзишни, сузишни ва отишни таълим бериш фарзанднинг ота-онадаги ҳаққидандир”, дейилган.
Ўйлаб кўрадиган бўлсак, Ислом ўзининг бутун борлиғи билан ҳаракат динидир. Унда ҳаракатсиз ҳеч нарса бўлмайди.
Бир вақт намоз ўқиш учун инсон қанчалар ҳаракат қилади. Саҳарда уйқусидан туриб, таҳорат қилиб, икки ракат намоз ўқигунича инсоннинг ҳар бир бўғини ҳаракатга тушади.
Рўза ҳам шунга ўхшаш: саҳарликка турилади, ҳаракат қилинади, хуфтонга қўшиб йигирма ракат таровеҳ намози ўқилади. Ҳаж ва умра ҳам асосан қаттиқ жаҳд ва ҳаракатлардан иборат ибодатлар.
Буларнинг ҳаммаси соғлиқ учун фойдали эканини ҳозирги пайтда мусулмон бўлмаган инсонлар ҳам яхши билади. Аммо афсуски, биз мусулмонлар эса кўпчилигимиз спортдан узоқлашиб кетмоқдамиз.
Ҳеч бўлмаса нафл намозларни кўпайтирсак ҳам танамизга анчагина ҳаракат қўшган, шу билан бирга улкан ажрларга эга бўламиз иншааллоҳ. Зеро, биз мусулмонлар барчага ҳар соҳада (Аллоҳ рози бўладиган ишларда) намуна ва ибрат бўлмоқлигимиз лозим.
Муҳаммад Қуддус Абдулманнон,
“Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.
Бугунги жамиятимизда одоб-ахлоқ жиҳатидан оқсоқликлар кўзга ташланмоқда. Салом бериш, ёрдамга муҳтожларни кўрганда кўмаклашиш, ўзидан катталарга ҳурмат кўрсатиш каби қадриятлар камайиб бораётганини ҳеч ким инкор қилмаса керак. Ҳолбуки, ҳар бир ота-она фарзандининг илмли, солиҳ ва етук инсон бўлиб камол топганини кўришни орзу қилади. Бироқ “ҳолва” деган билан оғиз ширин бўлмайди. Яъни қуруқ орзу-ҳаваснинг ўзи кифоя қилмайди. Балки доимий ва тартибли таълим-тарбия ишига киришиш лозим бўлади. Бу борада жамиятдаги инсонларни уч тоифага бўлиш мумкин:
1. Ўзи ҳам амал қилиб, фарзандини ҳам эзгуликка етаклайдиганлар. Бу тутум дунё ва охират саодатини кўзлаган мўминнинг йўли. Тарбияда энг самарали омил ота-онанинг шахсий намунасидир. Болага, аввало, Аллоҳни танитиш ва солиҳ амаллар билан ўрнак бўлиш лозим. Қуръони каримда таъкидланганидек, иймон келтириб, эзгу амал қилганларга дунёда покиза ҳаёт, охиратда эса абадий жаннат башорати берилган (Наҳл сураси, 97-оят).
2. Ўзи амал қилмай, фарзанди тарбиясига мол-дунё сарфлайдиганлар. Унутманг, пул ҳамма нарсани ҳал қилмайди. Ота-онанинг ўзи диний ва ахлоқий мажбуриятларни бажармаса, панд-насиҳатлари фарзандга таъсир қилмайди. Оилавий муҳитда ота таъминотга, она тарбияга масъул бўлиб, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик бўлиши шарт.
Шунингдек, ота-оналарнинг беҳуда ишлар, масалан, телефонга кўп боғланиб қолиши тарбиядаги энг катта бўшлиқни юзага келтиради. Фарзанд камолоти учун унинг вақтини тўғри тақсимлаш, уйқу ва дарс тартибини доимий назоратда тутиш, тартибни ушлаш лозим. Энг муҳими, хулқ илмдан устун туради: хулқсиз берилган илм инсонни залолатга етаклайди, шу боис фарзандга гўзал ахлоқий тарбия бериб, сўнг илм билан зийнатлаш керак.
3. Ўзи ҳам амал қилмай, фарзандини ҳам бунга чақирмайдиганлар. Бу тоифанинг оқибати хатарлидир. Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида бундай марҳамат қилади: “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унинг учун танг ҳаёт бўлур...” (124-оят). Мана шу оятнинг ўзиёқ кишини сергак торттириб, бу тоифадан бўлиб қолмасликка ундаши лозим.
Хулоса шуки, фарзанд қалби ва руҳияти илдиз отиши керак бўлган дарахт кўчати кабидир. Унинг илдизини иймон ва тақво мустаҳкамлайди. Шундай экан, ким фарзандлари камолини кўришни истаса, амали ва эътиборини билан шунга ҳаракат қилсин. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда бардавом қилиб, зурриётларимиз камолини кўрсатсин.
Азиза РАҲМАТОВА,
Самарқанд тумани бош отинойиси