Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Сентябр, 2026   |   7 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:47
Қуёш
06:06
Пешин
12:17
Аср
16:38
Шом
18:32
Хуфтон
19:47
Bismillah
18 Сентябр, 2026, 7 Рабиъус сони, 1448

“Эгизак”лар

19.06.2026   24841   3 min.
 “Эгизак”лар

Ота-онага яхшилик қилиш билан ҳаётда муваффақиятга эришишни шартли равишда “эгизак”лар дейиш мумкин! Чунки биринчиси бор жойда албатта иккинчиси бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу хонасидан чиқиб, онасининг ҳужраси олдидан ўтаётганида унинг эшиги олдида тўхтар ва: “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ, онажон!” дерди. Онаси жавобан: “Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ, болажоним!” деб алик оларди. Сўнг ўғил: “Мени кичиклигимда тарбиялаганингиздек, Аллоҳ сизга раҳм қилсин!” дер, она: “Кексайганимда менга яхшилик қилганингдек, Аллоҳ сенга раҳм айласин!” дерди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бу ишни ҳар куни қиларди.

Ёдда тутингки, бахт-саодат турлари қанча кўп бўлмасин, улар ичра энг гўзали ота-она дуосидир! Кимки ота-онаси дуосига муяссар бўлиб яшаса, улар хизматида қоим турса, унинг бандалик мақоми кўтарилади, ҳаёти давомида муваффақиятларга ноил бўлади!

Буюк тобеинлардан Ҳужр ибн Адий онасининг тўшагини ўз қўли билан солиб, юмшоқ ва текислигига ишонч ҳосил қилгач, онасини ётқизарди.

Шу замонамизда бир йигит масжид совиткич (кондиционер)ларини созлаш билан шуғулланар экан. Ундан қанча маош олиши ҳақида сўрашганида, онаси унга масжиддаги иши учун маош олмасликни насиҳат қилгани, шу боис у масжидлардан мутлақо ҳақ олмаслигини айтди. Фарзанди онгига шундай гўзал тушунчани сингдирган онага тасанно! Онасининг насиҳатини маҳкам тутиб, унга ҳурмат кўрсатаётган у йигитга офарин!

Энди бунинг мутлақо акси бўлган ҳолат – ота-онага яхшилик қилмаган ҳолатда ҳам бу ёмон иллат билан ютқизиқ, хорлик “эгизак”дир. Ундай банда дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳақиқий мақом-мартаба, эҳтиром топмайди.

Бир йигит отаси вафотидан кейин онасини қариялар уйига олиб бориб, бир-бир хабар олиб турадиган бўлибди. Бир куни қариялар уйидан онасининг ўлим ёқасида экани ҳақида хабар келибди. Ўғил онаси тиригида бир кўриб қолиш мақсадида дарҳол етиб борибди. Онасидан сўрабди: “Онажон, сиз учун нима қилишимни хоҳлайсиз?”. Онаси: “Елпаррак олиб беришингни истайман, чунки бу ерда димиқиб кетяпман. Егулик сақлаш учун музлаткич ҳам олиб берсанг. Неча кундан бери оч ухлаяпман”, дебди. Ўғил бу гаплардан ҳайрон қолиб: “Ахир нега бу нарсаларни энди сўраяпсиз? Нега аввалроқ айтмадингиз?” дебди. Онаси маъюс ҳолда: “Ўғлим, мен-ку иссиққа ҳам, очликка ҳам кўникдим. Лекин эртага сен ҳам қариб, болаларинг бу ерга олиб келишганида қийналмагин, деб айтяпман”, дея жавоб берибди.

Ота-онасига етарлича эҳтиром ва яхшилик қилмаётганлар ўзларини ўнглаб, кўзларини очиб олишсин! Шайх Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Онасининг яхшилигини унутган ёки онасига битта гап билан бўлса ҳам озор берадиган одамни кўрсангиз, унга асло ишонманг, ишларингизни унга топширманг! Онасининг яхшилигини билмаган бошқанинг яхшилигини билармиди, қадрига етармиди?!”.


Ҳассон Шамсий Пошонинг “Метин қоялар” китобидан
Неъматуллоҳ Исом, Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Озарбайжон президенти туркий давлатлар муфтийларини қабул қилди

15.09.2026   33126   1 min.
Озарбайжон президенти туркий давлатлар муфтийларини қабул қилди

Бугун, 15 сентябрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар муфтийлари йиғилиши ва халқаро анжуманнинг нуфузли иштирокчиларини қабул қилди.

Самимий ва дўстона руҳда ўтган мулоқотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Озарбайжон етакчисига Давлатимиз Раҳбарининг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказдилар.

Учрашувда қардош давлат Раҳбари нутқ сўзлаб, халқаро анжуманларнинг аҳамиятига тўхталди. Мулоқот чоғида сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва дўстона алоқалар янги босқичга кўтарилгани алоҳида эътироф этилди.

Туркий давлатлар етакчиларининг қатъий сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари натижасида илм-фан, таълим, маданий-гуманитар ҳамда диний-маърифий жабҳаларда ҳамкорлик жадал суръатларда ривожланаётгани таъкидланди. Бу эзгу саъй-ҳаракатлар Диний идоралар раҳбарларининг муштарак мақсадлар йўлида бирлашиши, халқларимиз ўртасидаги қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, тинчлик-осойишталикни асраш ҳамда замоннинг долзарб масалалари бўйича муштарак фатво ва баёнотлар қабул қилишда муҳим пойдевор бўлаётгани қайд этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари