27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа вакиллари ўртасида стол тенниси бўйича анъанавий «Журналистлар кубоги – 2026» спорт мусобақаси ўтказилди.
Мамлакатимизда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари ходимлари, ижодкорлар ва журналистларни касб байрами билан қутлаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган ушбу турнирда кўплаб соҳа вакиллари иштирок этди.
Турнирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Ориф, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Коммуникациялар департаменти раҳбарининг ўринбосари – Президент Халқ қабулхонаси раҳбари Фаррух Омонов ҳамда Ўзбекистон стол тенниси федерацияси раиси Шерзод Қутбиев ва федерация котиби Гавҳархон Муқаддасовалар сўзга чиқиб, иштирокчиларни қутладилар ва бу каби анъанавий мусобақалар ижодкорлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.
Қизғин ва дўстона рақобат руҳида кечган баҳсларда иштирокчилар яшил стол атрофида ўз маҳоратларини намойиш этдилар. Якунда ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Мусобақа ижодкорларга юқори кайфият бағишлаб, соҳа ходимлари учун чинакам байрам туҳфасига айланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Шайх Нуриддин Холиқназар ташаббуслари билан Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Қорақалпоғистон мусулмонлари қозияти ва қозиётга қарашли барча масжид имом-хатиблари томонидан нуроний кексалар, меҳнат фахрийлари ҳамда ёрдамга муҳтож оилаларнинг ҳолидан хабар олинди. Тадбир доирасида муҳтож оилаларнинг турмушини енгиллаштириш мақсадида бир оилага замонавий қуёш панели ўрнатиб берилиб, қўшимча байрам совғалари топширилди. Бундай хайрия ташаббуслари жамиятда ўзаро аҳиллик, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти