Ҳижрий тақвими бўйича йилнинг биринчи ойи Муҳаррам бўлиб, ҳурматли ойлар сирасига киради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда тўртта ойни – Муҳаррам, Ражаб, Зулқаъда ва Зулҳижжани ҳурматли, яъни уруш ҳаром қилинган ойлар деб зикр қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазондан кейинги энг фазилатли рўза Аллоҳнинг ойи Муҳаррамдаги рўзадир” деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).
Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро куни деб аталади. “Ашуро” сўзи арабча “ашара”, ўн сонидан олинган бўлиб, айнан ойнинг ўнинчи кунига ишора қилади. Бу кун ислом тарихида ва ундан аввалги умматларда ҳам улуғ аҳамият касб этган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларида, яҳудийларнинг Ашуро куни рўза тутаётганини кўрдилар ва бунинг сабабини сўрадилар. Улар: “Бу Аллоҳнинг Мусо алайҳиссаломни ва Бани Исроилни Фиръавндан қутқарган кунидир, Мусо алайҳиссалом бу куни шукроналик юзасидан рўза тутганлар” деб жавоб бердилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биз Мусога улардан кўра ҳақлироқмиз” деб, ўзлари ҳам рўза тутдилар ва саҳобаларга ҳам рўза тутишни буюрдилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Ашуро рўзаси тутишнинг фазилати ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ашуро куни тутиладиган рўза бир йиллик гуноҳларни кафорат қилади деб умид қиламан” (Имом Муслим ривояти). Бу катта фазилат бўлиб, Аллоҳнинг бандаларига кўрсатган улкан раҳматидир.
Шунингдек, уламолар Ашуро рўзасини тутишда тўртта даража борлигини зикр этганлар. Муҳаррамнинг тўққизинчи, ўнинчи ва ўн биринчи кунларида рўза тутиш энг мукаммал даража, тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўза тутиш иккинчи даража, ўнинчи ва ўн биринчи кунлари рўза тутиш учинчи даража, фақат ўнинчи кун рўза тутиш тўртинчи даража. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли китобларга хилоф қилиш мақсадида тўққизинчи кунни ҳам Ашуро рўзасига қўшиб тутишни назарда тутганлар.
Олимлар Ашуро кунида кўплаб тарихий воқеалар юз берганини зикр этганлар. Жумладан, Нуҳ алайҳиссаломнинг кемаси Жудий тоғида тўхтаган, Мусо алайҳиссалом ва Бани Исроил Фиръавн зулмидан нажот топган, Иброҳим алайҳиссалом оловдан омон чиққан, Юнус алайҳиссалом балиқ қорнидан қутулган кун сифатида тилга олинади. Буларнинг ичидаги энг асосий ва ишончлироғи Мусо алайҳиссаломнинг Фиръавндан нажот топишидир. Бу Имом Бухорий ва Имом Муслим каби муҳаддислар нақл қилган саҳиҳ ҳадислар билан собитдир.
Ашуро кунида аза тутиш, йиғлаш ва бошқа маросимларни ўтказиш шариатда асоси йўқ амаллардир. Аҳли сунна вал жамоа уламолари бундай амаллардан қайтарганлар. Ашуро куни шукроналик ва тоат-ибодат кунидир.
Муҳаррам ойининг 10-куни жорий йил 25 июнь кунига тўғри келмоқда. Мазкур Ашуро кунида мўминга лозим бўлган энг асосий амал рўза тутишдир. Рўзага қодир инсонлар Муҳаррамнинг тўққизинчи ва ўнинчи кунларини қўшиб тутсалар мустаҳаб бўлади. Шунингдек, бу кунда кўп зикр айтиш, Аллоҳга истиғфор айтиш, нафл намозлар ўқиш, Қуръон тиловат қилиш ва дуо қилиш ибодатнинг гўзал кўринишларидир.
Ашуро куни оила аъзолари ва яқинларга сахийлик қилиш, моддий таъминотини яхшилаш, эҳсон қилиш ҳақида ҳам баъзи ривоятлар зикр этилган. Олимлар бу масалада турлича фикр билдирган бўлсалар-да, яхшилик ва сахийлик ислом ахлоқининг асосий белгиси бўлгани боис, оила аъзоларига моддий жиҳатдан кенгчилик қилиш савобли амаллар сарасига киради.
Муҳаррам ойи ва Ашуро куни ислом умматига Аллоҳ таоло томонидан ато этилган муборак фурсатдир. Аллоҳ таоло барчамизни Ашуро рўзасини ихлос билан тутишга муяссар этсин.
Тошкент ислом институти “Қуръон илмлари” кафедраси
ўқитувчиси Зафар қори Маҳмудов
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази номига хорижий давлатлар раҳбарлари, нуфузли халқаро ташкилотлар, илмий муассасалар ҳамда халқаро анжуманлар иштирокчилари томонидан йўлланаётган миннатдорлик ва ҳамкорлик мактублари Марказнинг халқаро майдондаги юксак нуфузи тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат бермоқда.
Хусусан, Малайзия Қироличаси Ража Зарит София Зоти Олиялари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов номига йўллаган миннатдорлик мактубида Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи давомида кўрсатилган юксак меҳмондўстлик ва самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдирган. Шунингдек, Қиролича Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф унда унутилмас таассурот қолдирганини таъкидлаб, Марказ экспозициялари Марказий Осиёнинг бой тарихи, маданий мероси ҳамда Ислом цивилизацияси тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларнинг илмий-маънавий меросини замонавий музей ечимлари орқали кенг ва таъсирчан тарзда намоён этаётганини юқори баҳолаган. Айниқса, Қуръон залидаги маънавий муҳит ва ноёб мерос намуналари унда катта ҳурмат ва ҳайрат туйғуларини уйғотгани қайд этилган.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда 2026 йил 7–11 июль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида бўлиб ўтган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми юксак халқаро эътирофга сазовор бўлмоқда. Форум якунларидан сўнг нуфузли халқаро ташкилотлар, илмий муассасалар ва жамоат арбоблари томонидан миннатдорлик ҳамда ҳамкорликни ривожлантиришга оид қатор мактублар келиб тушди.
Малайзия Халқаро Ислом университети (International Islamic University Malaysia – IIUM) ҳузуридаги Office of Strategic Institution Transformation раҳбари, профессор Шукрон бин Абд Раҳмон ўз мактубида I Халқаро ислом цивилизацияси форумининг халқаро аҳамиятига алоҳида тўхталган. Унинг қайд этишича, 40 дан ортиқ мамлакатдан олимлар, давлат арбоблари ва халқаро ташкилотлар вакилларини бирлаштирган мазкур анжуман ислом цивилизациясининг тинчлик, бағрикенглик ва маърифат ғояларини тарғиб этиш, давлатлар ўртасидаги илмий мулоқот ва академик ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутди. Шунингдек, форумнинг юқори савияда ташкил этилгани, иштирокчилар учун яратилган шароитлар ҳамда Ўзбекистоннинг бой илмий ва маънавий мероси халқаро жамоатчиликка муносиб тарзда намоён этилгани эътироф этилди.
Россиянинг “Россия – Ислом дунёси” стратегик қараш гуруҳи томонидан юборилган икки алоҳида мактубда ҳам Форум ва Марказ фаолиятига юксак баҳо берилди. Хусусан, мазкур мактубларда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиши XXI аср ислом оламидаги энг йирик гуманитар ва маданий-маърифий лойиҳалардан бири сифатида баҳоланиб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу ташаббусни амалга оширишдаги етакчи ўрни ва Марказни илм-фан, тинчлик, маърифат, гуманизм ҳамда бунёдкорлик маскани сифатида шакллантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари алоҳида эътироф этилган.
Шу билан бирга, Марказнинг келгусида дунё олимлари, тадқиқотчилари ва талабалари учун нуфузли илмий-маърифий марказга айланишига ишонч билдирилиб, музейшунослик, тарих, археология, таълим, китобшунослик ва нашриётчилик соҳаларида қўшма илмий ва маданий лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлик билдирилган.
Иордания Ҳошимийлар Қироллиги Маданият вазирлиги Бош котиби профессор Нидал Ал-Аҳмад ҳам ўз мактубида I Халқаро ислом цивилизацияси форуми юксак савияда ташкил этилганини таъкидлаб, анжуман Ислом цивилизациясининг инсоният тараққиётига қўшган улкан ҳиссасини халқаро майдонда яна бир бор намоён этганини қайд этган. Шунингдек, турли мамлакатлардан ташриф буюрган олимлар, давлат ва дин арбобларини бир майдонга жамлаган мазкур форум тинчлик, бағрикенглик ва маърифат ғояларини илгари суришга хизмат қилувчи муҳим халқаро мулоқот платформасига айлангани таъкидланган.
Марказнинг халқаро майдондаги фаолиятига билдирилаётган юксак ишончнинг яна бир амалий ифодаси сифатида ICESCO нинг Боку шаҳридаги минтақавий офиси томонидан Марказ раҳбариятига 2026 йил 27–28 июль кунлари бўлиб ўтган Global Foresight Focal Points Initiative халқаро тадбирида иштирок этиш учун расмий таклифнома юборилди. Таклифда ICESCOга аъзо давлатларда стратегик прогнозлаш, давлат бошқарувида инновацион ёндашувларни жорий этиш ва келажакни режалаштириш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани қайд этилган.
Хорижий давлатлар раҳбарлари, нуфузли олимлар ва халқаро ташкилотлар томонидан билдирилган мазкур эътирофлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг қисқа вақт ичида халқаро илмий-маърифий ҳамкорликнинг муҳим платформаларидан бирига айланганини яна бир бор тасдиқлайди. Бу эса Марказ томонидан ислом цивилизациясининг бой илмий ва маданий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва жаҳон ҳамжамиятига кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар халқаро даражада юксак баҳоланаётганининг ёрқин ифодасидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати