Ҳижрий тақвими бўйича йилнинг биринчи ойи Муҳаррам бўлиб, ҳурматли ойлар сирасига киради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда тўртта ойни – Муҳаррам, Ражаб, Зулқаъда ва Зулҳижжани ҳурматли, яъни уруш ҳаром қилинган ойлар деб зикр қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазондан кейинги энг фазилатли рўза Аллоҳнинг ойи Муҳаррамдаги рўзадир” деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).
Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро куни деб аталади. “Ашуро” сўзи арабча “ашара”, ўн сонидан олинган бўлиб, айнан ойнинг ўнинчи кунига ишора қилади. Бу кун ислом тарихида ва ундан аввалги умматларда ҳам улуғ аҳамият касб этган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларида, яҳудийларнинг Ашуро куни рўза тутаётганини кўрдилар ва бунинг сабабини сўрадилар. Улар: “Бу Аллоҳнинг Мусо алайҳиссаломни ва Бани Исроилни Фиръавндан қутқарган кунидир, Мусо алайҳиссалом бу куни шукроналик юзасидан рўза тутганлар” деб жавоб бердилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биз Мусога улардан кўра ҳақлироқмиз” деб, ўзлари ҳам рўза тутдилар ва саҳобаларга ҳам рўза тутишни буюрдилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Ашуро рўзаси тутишнинг фазилати ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ашуро куни тутиладиган рўза бир йиллик гуноҳларни кафорат қилади деб умид қиламан” (Имом Муслим ривояти). Бу катта фазилат бўлиб, Аллоҳнинг бандаларига кўрсатган улкан раҳматидир.
Шунингдек, уламолар Ашуро рўзасини тутишда тўртта даража борлигини зикр этганлар. Муҳаррамнинг тўққизинчи, ўнинчи ва ўн биринчи кунларида рўза тутиш энг мукаммал даража, тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўза тутиш иккинчи даража, ўнинчи ва ўн биринчи кунлари рўза тутиш учинчи даража, фақат ўнинчи кун рўза тутиш тўртинчи даража. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли китобларга хилоф қилиш мақсадида тўққизинчи кунни ҳам Ашуро рўзасига қўшиб тутишни назарда тутганлар.
Олимлар Ашуро кунида кўплаб тарихий воқеалар юз берганини зикр этганлар. Жумладан, Нуҳ алайҳиссаломнинг кемаси Жудий тоғида тўхтаган, Мусо алайҳиссалом ва Бани Исроил Фиръавн зулмидан нажот топган, Иброҳим алайҳиссалом оловдан омон чиққан, Юнус алайҳиссалом балиқ қорнидан қутулган кун сифатида тилга олинади. Буларнинг ичидаги энг асосий ва ишончлироғи Мусо алайҳиссаломнинг Фиръавндан нажот топишидир. Бу Имом Бухорий ва Имом Муслим каби муҳаддислар нақл қилган саҳиҳ ҳадислар билан собитдир.
Ашуро кунида аза тутиш, йиғлаш ва бошқа маросимларни ўтказиш шариатда асоси йўқ амаллардир. Аҳли сунна вал жамоа уламолари бундай амаллардан қайтарганлар. Ашуро куни шукроналик ва тоат-ибодат кунидир.
Муҳаррам ойининг 10-куни жорий йил 25 июнь кунига тўғри келмоқда. Мазкур Ашуро кунида мўминга лозим бўлган энг асосий амал рўза тутишдир. Рўзага қодир инсонлар Муҳаррамнинг тўққизинчи ва ўнинчи кунларини қўшиб тутсалар мустаҳаб бўлади. Шунингдек, бу кунда кўп зикр айтиш, Аллоҳга истиғфор айтиш, нафл намозлар ўқиш, Қуръон тиловат қилиш ва дуо қилиш ибодатнинг гўзал кўринишларидир.
Ашуро куни оила аъзолари ва яқинларга сахийлик қилиш, моддий таъминотини яхшилаш, эҳсон қилиш ҳақида ҳам баъзи ривоятлар зикр этилган. Олимлар бу масалада турлича фикр билдирган бўлсалар-да, яхшилик ва сахийлик ислом ахлоқининг асосий белгиси бўлгани боис, оила аъзоларига моддий жиҳатдан кенгчилик қилиш савобли амаллар сарасига киради.
Муҳаррам ойи ва Ашуро куни ислом умматига Аллоҳ таоло томонидан ато этилган муборак фурсатдир. Аллоҳ таоло барчамизни Ашуро рўзасини ихлос билан тутишга муяссар этсин.
Тошкент ислом институти “Қуръон илмлари” кафедраси
ўқитувчиси Зафар қори Маҳмудов
Шри-Ланканинг “Uthaym” нашрида Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, уни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга безавол етказиш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Материалда Янги Ўзбекистонда миллий қадриятларни тиклаш, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, илм-фан ва маърифатни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар юксак баҳоланган.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда маънавий-маърифий соҳани тубдан такомиллаштириш, халқнинг кўп асрлик бой илмий-маданий меросини ўрганиш ҳамда уни жаҳон ҳамжамиятига кенг тарғиб этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Мамлакатда тарихий обидаларни реставрация қилиш, музейлар ва архивлар фаолиятини модернизация қилиш, қўлёзмаларни асраб-авайлаш ва рақамлаштириш, миллий маданий меросни халқаро миқёсда тарғиб қилишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилган.
Мақолада Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган Учинчи Ренессанс ғояси мамлакат тараққиётининг муҳим стратегик йўналиши сифатида алоҳида эътироф этилган. Муаллиф фикрича, мазкур ғоя нафақат тарихий меросни асраб-авайлаш, балки илм-фан, таълим, маданият ва инновацияларни уйғун ривожлантириш орқали мамлакатнинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Учинчи Ренессанс концепцияси Ўзбекистоннинг буюк илмий анъаналарини қайта тиклаш, ёш авлодни билимли ва ватанпарвар этиб тарбиялаш ҳамда мамлакатнинг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлашга қаратилган умуммиллий дастур сифатида баҳоланмоқда.
Газетанинг ёзишича, Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришлар фақат маданий соҳадаги ислоҳотлар билан чекланмайди. Улар мамлакатнинг илмий, маънавий ва интеллектуал тараққиётини таъминлашга қаратилган узоқ муддатли стратегиянинг ажралмас қисми ҳисобланади. Илмий муассасалар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, тарихий манбаларни тадқиқ этиш, маданий меросни муҳофаза қилиш ва замонавий таълим тизимини ривожлантириш каби йўналишлар ягона мақсад — Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам маънавий пойдеворини яратишга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилган.
Мақолада Тошкент шаҳрида барпо этилган Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига кенг ўрин ажратилган.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ғояси асосида барпо этилган мазкур бетакрор мажмуа Ўзбекистоннинг маданий ва илмий сиёсатидаги энг муҳим истиқболли лойиҳалардан бири бўлди. Марказда VII асрга оид ноёб Усмон Мусҳафи сақланаётгани унинг тарихий аҳамиятини янада оширади.
Шу билан бирга, бу ерда қўлёзмаларни илмий ўрганиш, реставрация қилиш, архив материалларини тизимлаштириш ва замонавий технологиялар асосида рақамлаштириш учун барча зарур шароитлар яратилган.
Газетада Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ва бошқа халқаро ташкилотлар билан маданий меросни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлиги, тарихий обидаларни асраб-авайлаш, уларни халқаро туризм ва илмий тадқиқотлар билан уйғун ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари ҳақида сўз юритилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати