Бир танишимнинг жароҳат сабабли оёқлари кесилди, унга ҳамдардлик билдириш учун ёнига бордим. У ақлли ва олим киши эди, уни зиёрат қилишга борган пайтимда: “Уммат сендан тез югурадиган спортчи ёки доим ғолиб бўладиган курашчи бўлишингни кутаётгани йўқ, улар сендан нурли ва тўғри фикрларингни кутишади. Бу нарса эса сенда бор, алҳамдулиллаҳ”, деб ҳамдардлик билдираман дея ният қилдим. Ёнига етиб борганимда у менга: “Алҳамдулиллаҳ, бу оёғим узоқ йиллар менга гўзал ҳамроҳ бўлди. Қалб рози бўладиган нарса аслида диннинг саломатлигидадир”, деди.
Ҳакимлардан бири айтади: “Қалб хотиржамлиги бошга тушган энг ёмон нарсаларга ҳам рози бўла олиш билан ҳосил бўлади. Бундай ҳолатларга рози бўлиш инсоннинг кишанланган шижоатини озод этади. Шунга қарамай жуда кўпчилик инсонлар ҳаётларини ғазаб оловида барбод этишади. Чунки улар аччиқ ҳақиқатга таслим ва халос бўлиш мумкин бўлган нарсадан қутулишдан бош тортадилар. Орзуларини янгидан бунёд этиш ўрнига мозий билан охири йўқ жангга киришадилар ва изтиробларни бефойда маломат қиладилар. Аслида эса ўтиб кетган нарсага афсус-надомат чекиш муваффақиятсизликка олиб боради. Шунинг учун бундай нарсалардан сақланишга уриниш лозим”.
Шуъла: Йиқилганингизни тан олиш энг катта душманинингиздир. У сизнинг хотиржамлигингизни йўқотади.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан
Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Қашқадарё вилоятида «Инсон қадри улуғланган юртда меҳр ва эътибор ҳар бир хонадонга кириб боради» шиори остида хайрли тадбир ўтказилди.
Мазкур ташаббусга Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари Фарҳод Кушаков ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакили, бош имом-хатиб Раҳматилло домла Усмонов бошчилик қилди.
Тадбир доирасида шаҳар ва туман бош имом-хатиблари ҳудудлардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ва бемор фуқароларнинг хонадонларига ташриф буюрдилар.
Самимий мулоқотлар давомида фуқароларнинг ҳол-аҳволи ва эҳтиёжлари ўрганилиб, уларга маънавий далда берилди. Хонадон эгаларига байрамона кайфият улашиш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотлари, эҳсон ва совға-саломлар топширилди.
Шунингдек, имом-хатиблар юртдошларимиз билан оила мустаҳкамлиги, ўзаро меҳр-оқибат, сабр-қаноат ҳамда саховатнинг фазилатлари ҳақида диний-маърифий суҳбатлар олиб бордилар. Бу каби хайрия тадбирлари жамиятда ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга, одамлар қалбида эртанги кунга ишонч уйғотишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати