«Гиёҳвандлик ва наркожиноятликка қарши курашиш нафақат
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки кенг жамоатчилик,
маҳалла ва ҳар бир фуқаронинг виждоний иши ҳамда
муқаддас бурчига айланиши шарт».
Ш.М.Мирзиёев
Ислом инсониятни барча ёмонликлардан сақланишга, илоҳий амрларни адо этишга, ихтиёрий яхши амалларни қилишга, виждонли, ўта сезгир, иродаси маҳкам, ақли соғлом, хулқи чиройли, жисми бақувват, ўзига аҳамият берувчи ва бошқаларни ислоҳ этувчи, динига қимматли, жамиятга наф келтирувчи, Ватанини ҳимоя қилувчи, умматга қалқон бўлувчи, Парвардигорига ибодат қилувчи, барча халойиққа яхшилик қилувчи, ер юзини обод қилувчи бўлишга, ўзига юклатилган вазифани мукаммал адо қилишга даъват этади.
Ислом шариатида инсон жони ва ақлини сақлаш ўта долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Шунга биноан шариатда жон ва ақл ўз вазифасини мукаммал равишда адо этишида риоя қилиниши лозим бўлган илоҳий кўрсатмалар батафсил баён этилган.
Давлат сиёсати фуқаролар жамиятининг ҳар томонлама комил, соғлом, олижаноб фазилатлари, юксак тафаккури ва маънавияти, ижтимоий фаоллиги билан ажралиб турадиган намунали жамият бўлишига қаратилган. Мана шу халқчил сиёсатга асосланган ҳукуматимиз барча турдаги гиёҳвандликка қарши изчил кураш олиб бормоқда. Оммавий ахборот воситалари орқали дунёда “аср вабоси” деб ном олган гиёҳвандликнинг инсон соғлиғига зарари ва унинг аянчли оқибатлари ҳақида баралла айтилмоқда ва кенг суратда тушунтирилмоқда.
Инсон ҳаёти, айниқса, ёшларимиз келажагига раҳна солиши мумкин бўлган гиёҳвандликка қарши курашиш Ватанимизнинг ҳар бир онгли фуқароси, қолаверса, ҳар биримизнинг муҳим вазифаларимиздан ҳисобланади. Зеро, жамият ҳаётида мавжуд зарарли иллатни йўқ қилиш ва унинг олдини олиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг шарафли бурчидир.
Ҳар бир инсон бу дунёга пок ниятлар, улуғ мақсадлар ва гўзал орзулар билан қадам қўяди. Кимдир эл таниган олим бўлишни, кимдир ота-онасининг суянчиғи ва фахрига айланишни, яна кимдир жамиятга наф келтирадиган солиҳ инсон бўлишни истайди. Бироқ, бугун инсоният қаршисида шундай бир мудҳиш ва кўринмас хавф турибдики, у инсоннинг нафақат соғлиғини, балки унинг борлиғини, иймонини ва энг гўзал орзуларини ҳам тириклай гўрга тиқади.
Бу офатнинг номи — гиёҳвандликдир. Гиёҳвандлик — бу шунчаки тиббий муаммо эмас, бу инсон ўз қўли билан ўз келажагини кўмадиган «Орзулар қабристони»дир. Муқаддас динимиз инсон ҳаётини, унинг ақли ва соғлиғини энг олий қадрият — Аллоҳнинг буюк омонати деб билади. Ислом шариатининг асосий мақсадларидан бири ҳам айнан инсон ақли ва жонини муҳофаза қилишдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонни ўз-ўзини ҳалокатга ташлашдан қатъий қайтариб, шундай марҳамат қилади: «Ўзингизни (ўз қўлларингиз билан) ҳалокатга ташламанг!» (Бақара сураси, 195-оят).
Гиёҳвандлик моддасини истеъмол қилиш — бу Аллоҳ берган энг улуғ неъмат, яъни онг ва танани ўз қўли билан заҳарлаш, демакдир. Бу эса тўғридан-тўғри оятда қайтарилган ҳалокат эшигини очиш билан баробардир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам инсон соғлиғига ва ақлига зарар етказадиган, уни карахт қиладиган ҳар қандай нарсани тақиқлаганлар. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай маст қилувчи ва (баданни, ақлни) бўшаштирувчи, сустлаштирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар» (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).
Уламоларимиз ушбу ҳадисга таяниб, гиёҳвандлик моддалари (хоҳ у анъанавий, хоҳ замонавий кимёвий-синтетик воситалар ёки капсулалар бўлсин) баданни ва ақлни тамоман ишдан чиқариши, инсонни мутеликка бошлаши сабабли, уларни истеъмол қилишни, сотишни ва тарқатишни ҳаром деб фатво берганлар. Буюк валий ва тобеин олим Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ ақл неъматининг қадри ҳақида гапириб, шундай деган эканлар: «Агар ақлни бозорда сотиб олишнинг иложи бўлганида, инсонлар унга эга бўлиш учун бор жаҳонни тўлаган бўлардилар. Қандай қилиб инсон ўз ихтиёри билан пулига ўзини ақлдан жудо қиладиган заҳарни сотиб олиши мумкин? Бу ақлсизликнинг энг олий даражасидир».
Улуғ фақиҳ олим Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий раҳматуллоҳи алайҳ ўз асарларида гиёҳвандликнинг зарарларини баён этар экан, у инсонни ибодатдан тўсиши, юздаги ҳаё нурини кетказиши, мардлик ва ғурурни йўқотиши ҳамда инсонни энг пасткаш даражага тушириб қўйишини алоҳида таъкидлаган. Гиёҳванд кимса аввало ақлдан, кейин ҳаёдан, сўнгра оиласи, мол-мулки ва энг ачинарлиси, иймонидан ажралади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: «Ароқ (ва ҳар қандай маст қилувчи нарса) барча ёмонликларнинг калитидир».
Сохта лаҳзаларнинг аччиқ баҳоси: жарлик ёқасига келиб қолган ёшлар кўпинча бу қора йўлга «бир марта синаб кўриш», «замонавийликдан орқада қолмаслик» ёки «муаммоларни унутиш» мақсадида қадам қўядилар. Бироқ шайтоннинг бу алдови инсонни вақтинчалик сохта дунёга олиб киради-ю, реал ҳаётдаги барча гўзал туйғуларини ва мақсадларини кул қилади. Бу сохта бахтнинг якунида нималар бой берилади?
Илм ва заковат сўнади: Олим ёки шифокор бўлмоқчи бўлган ёшнинг зеҳни заҳарланиб, фикрлашдан маҳрум бўлади.
Оилавий бахт вайрон бўлади: Ота-онасига хизмат қилиб, дуосини олмоқчи бўлган фарзанд уларнинг қотилига, энг катта доғи ва армонига айланади.
Порлоқ келажак гўрга топширилади: Гўзал оила қуриб, бахтли яшашни истаган қалб зулмат соясида, ёлғизлик ва жисмоний азоблар ичида қолади.
Мана шу тарзда умид билан суғорилган порлоқ ҳаёт — ўз эгасининг қўли билан Орзулар қабристонига айлантирилади.
Фарзандларимизга Аллоҳ таоло берган умр, соғлиқ ва жамият омонат эканини, қиёмат кунида ҳар бир дақиқа ва танамизнинг ҳар бир аъзоси учун ҳисоб беришимизни англатайлик. Орзуларимиз қабристонга эмас, ҳаётни гўзаллаштирадиган, Ватанга ва ислом умматига хизмат қиладиган буюк мақсадларга элтсин! Умр неъматини сохта туйғулар эвазига заҳарламайлик.
Абдураҳмонжон домла Абдураҳмонов,
Олтиариқ тумани
“Бирлашган” масжиди имом-ноиби
Мисрнинг нуфузли оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон муфтийси, шайх Нуриддин Холиқназарнинг Муҳаммад алайҳиссалом таваллуд топган муқаддас Рабиул аввал ойига бағишланган туркум мақолалари чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, Мисрнинг “Al Gomhuria” нашри саҳифаларида Рабиул аввал ойи мусулмонлар қалбида алоҳида ўрин тутиши ва Умманинг Пайғамбаримизга бўлган чексиз муҳаббати туфайли бу ой анъанавий равишда “Мавлид ойи” деб аталиши ҳақидаги фикрлар кенг ёритилган. Материалда Муфтийнинг ушбу даврни янги маънавий кўтаринкилик билан кутиб олиш, уни “Набавий сийрат ойи” ва “Ибратли уммат ойи”га айлантириш, ибодат, ахлоқ ва маданият масалаларида Пайғамбаримиз ўгитларини амалий ўзлаштиришга қаратилган даъвати алоҳида таъкидланган.
“Ya7dosal2an” нашри ҳам Ислом эътиқодининг ажралмас қисми ва чин имоннинг асосий шарти бўлган Пайғамбаримизга бўлган муҳаббат сабаблари ҳақидаги методологик масалани қайд этган. Мақолада саҳобаларнинг садоқатига оид тарихий мисоллар ва гувоҳликлар келтирилган.
“Aldawlanews” ресурсида Исломни амалий тушунишнинг олий манбаи сифатида Набавий сийратни ўрганишнинг аҳамияти кўриб чиқилган бўлиб, унда шунчаки саналарни ёдлаш ўрнига ҳар бир тарихий воқеадан сабр, адолат ва раҳмат каби ҳаётий сабоқларни чиқариш зарурлиги урғуланган.
“Al Diplomacy” нашри эса Пайғамбаримизга бўлган чин муҳаббатнинг уч асосий белгисига — сийрат ҳақида тафаккур қилиш, суннатга сўзсиз эргашиш ва руҳлар шифоси ҳамда жамиятда ахлоқни мустаҳкамлашнинг маънавий асоси бўлган кўп салавот айтишга эътибор қаратди.
“Sada El Balad” расмий ресурси Ўзбекистон муфтийсининг Рабиул аввал ойини оилалар ва таълим муассасалари учун кенг қамровли тарбиявий лойиҳага айлантириш ташаббусини ёритиб, мусулмонларни ушбу ойни юксак ахлоқ ва жипсликнинг олий намунасига эргашиш йўлидаги янги дебочага айлантиришга чақирди.
“Eldameer” ахборот портали ҳам Ўзбекистон муфтийсининг асарларини атрофлича тақдим этиб, Рабиул аввал ойининг чуқур мазмуни ва суннатга эргашиш орқали маънавий покланишнинг муҳимлигига эътибор қаратди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати