Савол: Азон дуосини ҳар ким ўзи қиладими ёки имом ё муаззин ўқиса, бошқалар омин деб турадими? Чунки бу ҳолат турли жойларда турлича экан.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Азонга жавоб бериш, дуоларини қилиш шариатимизда жорий этилган ва ҳар бир шахс айтиши керак бўлган зикр ҳисобланади. Ҳожатхонага кириш ва чиқишдаги, тонгги ва кечки дуолар ҳам шу туркумдаги зикрга киради. Яъни ҳар бир шахс алоҳида қилиши афзал саналади. Шу боис ҳам айрим фуқаҳолар азон тугагач, унинг дуосини муаззин ҳам, эшитувчи ҳам ўқийди, деганлар. Шуни унутмаслик лозимки, бу ишнинг асоси фарз ёки суннат амалга эмас, балки афзалликка бориб тақалади.
Агар қавмдан кўпчилик азон дуосини билмаса, имом ёки муаззин бир муддат таълим учун баланд овозда ўқиб туришида гуноҳ йўқ, лекин доимий равишда баланд овозда бир киши ўқиб беришни одат қилиб олмаслик тавсия қилинади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Азон дуоси: Аллоҳумма, Робба ҳазиҳид даъватит тааммати вас-солатил қоимати ати Муҳаммаданил василата вал фазилата вабъасҳу мақомам маҳмудан аллазий ваъадтаҳ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан аҳоли билан ўтказилаётган очиқ мулоқотлар фуқаролар масалаларини жойида ва ижобий ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда.
Хусусан, бугун, 9 сентябрь куни Диний идора раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказди.
Унда масжидлар очилиши, диний таълим, хайрия, ишга жойлашиш, оилавий ва уй-жой масалалари ҳамда моддий ёрдам сўраб қилинган мурожаатлар атрофлича кўриб чиқилди.
Мулоқотлар жараёнида оилавий масалалар юзасидан шаръий ечим ва зарур маслаҳатлар берилган бўлса, моддий кўмакка муҳтож юртдошларимизга белгиланган тартибда амалий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, бошқа масалалар ҳам ваколат доирасида кўриб чиқилиб, масъуллар тегишли кўрсатма ва топшириқлар олишди.
Бу каби қабуллар аҳолининг диний ва ижтимоий муаммоларини тезкор ҳамда манзилли ҳал этишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати