Африканинг Гвинея давлатидаги “Ислом уйи” уюшмаси ҳамда “Тадқиқот ва таржима” маркази томонидан 4 йиллик ҳамкорликдан сўнг Қуръони каримнинг фула тилидаги таржимасининг электрон варианти чоп этилди.
Ушбу электрон вариант ҳозирда Қуръон энциклопедиясининг расмий веб-сайтида мавжуд бўлиб, у 23 тилга, жумладан, ҳауса ва суаҳили тилларига таржима қилинган.
Лойиҳа расмийларига кўра, Қуръонни фула тилига таржима қилиш қийин кечган, чунки таржимонлар китобнинг тили барча ўқувчилар учун тушунарли бўлишини таъминлаш керак эди. Шу боис имкон қадар Қуръон маънолари таржимасига ўта жиддий ёндашилди. Ушбу таржиманинг қоғоз нусхаси тез орада тақдим этилади.
Африкадаги фула тилида сўзлашувчилар Сенегал, Мавритания, Гамбия ва Ғарбий Малида яшайди. Бу тил Сенегалдаги иккинчи маҳаллий тил ва мамлакат аҳолисининг тахминан 22 фоизининг асосий тилидир.
Фула тили энг кенг тарқалган Aфрика тилларидан бири ҳисобланади. У бир неча асрлар олдин ёзила бошлаган, Aфрика ва хорижий таълим ҳамда илмий муассасалар унга эътибор қаратган. Фула тили ХХ асрнинг иккинчи ярмида уни ёзишнинг аҳамияти ортган, шу сабабли турли тил, маданият, диний, адабий ва бошқа соҳаларда юқори кўрсаткичга эришган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бугун, 2 сентябрь куни Бухоро шаҳридаги Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасасида янги ўқув йилига пухта тайёргарлик кўриш, олдинда турган устувор вазифаларни белгилаш ҳамда таълим сифатини янги босқичга олиб чиқишга бағишланган кенгайтирилган мударрислар кенгаши бўлиб ўтди.
Анъанага кўра, тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди. Тинчлик-осойишталик, илм даргоҳи фаолияти ривожи ҳамда талабаларнинг илм йўлидаги саъй-ҳаракатларига муваффақият ва барака тилаб хайрли дуолар қилинди.
Шундан сўнг таълим муассасаси директори Жалолиддин домла Сабуров, ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Нарзилло домла Аҳмедов ҳамда маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари Асадуллоҳ домла Нажмиддиновлар кун тартибидаги асосий масалалар юзасидан маъруза қилдилар.
Кенгаш давомида янги ўқув йилида амалга ошириладиган ташкилий ва ўқув-услубий ишлар атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан:
Таълим сифатини ошириш: Дарс машғулотларини юқори илмий савияда, замонавий педагогик технологиялар ва интерфаол усуллар асосида ташкил этиш;
Маънавий-маърифий тарбия: Талаба-ёшларни асрий миллий ва диний қадриятларимизга садоқат руҳида камол топтириш, уларда китобхонлик ва илмга бўлган рағбатни янада кучайтириш;
Ижро интизоми ва масъулият: Устоз-мударрисларнинг йиллик режалари, янги ўқув дастурлари талаблари ва белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш.
Йиғилиш якунида янги ўқув йилида масъулият ва фидойилик билан меҳнат қилиш лозимлиги қайд этилиб, устоз-мураббийларнинг машаққатли ва шарафли фаолиятига улкан зафарлар тиланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати