Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мушкули борнинг дуоси будир: "Аллоҳумма, роҳматака аржу ва лаа такилний ила нафсий торфата ъайн ва аслиҳ лий шаьний куллаҳ. Лаа илаҳа илла анта", дедилар» (Имом Абу Довуд ривояти).
Маъноси: "Аллоҳим, раҳматингдан умидворман. Мени кўз очиб-юмгунча ҳам ўз ҳолимга ташлаб қўйма. Барча ишларимни Ўзинг ўнгла. Сендан ўзга илоҳ йўқ".
«Вақф» хайрия жамоат фонди Фарғона вилояти филиалининг фидойи ходимлари ва волонтёрлари томонидан саховатпеша халқимиз томонидан қилинган хайр-эҳсонлар эзгу мақсадлар йўлида сарфланмоқда.
Навбатдаги хайрия тадбири доирасида Учкўприк туманида яшовчи, жигар циррози касаллигига чалинган оғир бемор Казаков Илёсжон Ёқубовичнинг ҳолидан хабар олиниб, унга жарроҳлик амалиёти харажатлари учун 132 миллион 500 минг сўм миқдорида хайрия маблағи, озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси, Мусҳаф ва бошқа эҳсонлар топширилди.
Бугун беморлар ва эҳтиёжманд инсонларга кўрсатилаётган бундай кўмак — халқимизнинг меҳр-оқибати, саховати ва ҳамжиҳатлигининг ёрқин ифодасидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати