Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ кўп тавба қилувчилар ва кўп покланувчиларни суяди. Ҳатто у бандасининг тавбасидан хурсанд бўлади. Унинг хурсандлиги жазирама, қуш учса қаноти куядиган чўлда туясида ичимлиги ва таомлари билан кетаётиб уни йўқотиб қўйган, қидира-қидира умидини узиб ўлимга тайёрлана бошлаган ва хушидан кетган ҳамда ўзига келиб туясини топиб олган кишининг хурсандчилигидан кўра қаттиқроқ бўлади. Аллоҳ таоло Ўзининг мўмин бандаларига бундай марҳамат қилади:
﴿وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعًا أَيُّهَا الْمُؤْمِنُونَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ﴾
“Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар” (Нур сураси, 31-оят).
Тавба – кўз ёшлар суви ва надомат олови билан қалбни поклашдир. Тавба қалбда олов, нафсда алам, кўнгилда синиқлик ва кўздаги ёшдир. У Аллоҳ томон юрувчилар йўлларининг боши ва муваффақиятга эришганларнинг сармоясидир. Тавба қилувчи инсон тазарру қилиб ёлворади, ҳўнграб йиғлайди, инсонлар хотиржам бўлсаларда унинг қалби сокинлашмайди, махлуқотлар тинчлансада унинг қўрқуви тинмайди. Шунинг учун ҳам кечалари Роббисининг ҳузурида маҳзун қалби, ғамга тўлган кўнгли билан қалтираб туради. Агар хатолари кўплиги ва гуноҳлари катта эканини ҳис қилса қалби қайтадан ёниб кетади, кўз ёшлари сел бўлиб оқади ва бу дунёни оддий бир матоҳ деб била бошлайди.
Шуъла: Ижобий ва оптимист бўлиб фикрланг. Агар кунларингиз ёмонлашиб кетган бўлса, бу – тез орада келадиган шодлик ва сурурга тўлган кунларнинг бошланишидир.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг Модуль таълим тизимида янги ўқув машғулотлари бошланди.
12 сентябрь куни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов талабалар учун «Хатоба» (нотиқлик санъати) фанидан илк дарсни ўтиб берди.
Машғулот давомида устоз ваъз-насиҳат қилиш санъати, минбар одоблари, тингловчи билан жонли мулоқот ўрнатиш сирлари ҳамда бугунги кун имом-хатиби зиммасидаги масъулиятли вазифаларга алоҳида тўхталди. Нотиқлик маҳоратига оид нозик жиҳатлар ҳаётий ва амалий мисоллар орқали очиб берилди.
Қизғин ва самимий руҳда ўтган дарс сўнггида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати