Савол: Директоримиз менга 15 соат дарс ёзган. Лекин мен 10 соат дарс ўтаман. Директор ўтилмаётган 5 соатнинг пулини менга берасиз, мен у пулни мактабнинг турли тўловларга ишлатаман, деди. Унинг бу гапи қанчалик рост билмайман. Шу вақтгача унинг айтгани бўйича 5 соатнинг пулини унга бериб келяпман. Директорнинг ортиқча иш соати ёзиб, пулини олиши ҳалолми, менинг бу ишга рози бўлганим-чи?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу иш ўзганинг ҳақини ноҳақ ўзлаштириш бўлиб, буни Аллоҳ таоло Ўз каломида очиқ-ойдин тақиқлаган:
﴿وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُم بَيْنَكُم بِالْبَاطِلِ﴾
“Мол-дунёларингизни ораларингизда ноҳақ – ҳаром йўллар билан емангиз!” (Бақара сураси, 188-оят).
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ҳаромдан озиқланган ҳеч бир жасад жаннатга кирмайди” (Абу Яъло, Баззор ва бошқалар ривояти).
Директорингизнинг мактаб чиқимларини рўкач қилиб олаётган пуллари ҳалол эмас. Дарҳол бу ишни тарк этиб тавба қилиши, сизга ўтадиган дарс соатларингизни тўғри ёзиши лозим.
Сизнинг унинг таклифига рози бўлишингиз ҳам гуноҳ саналади. Чунки шариатимизда маъсиятларга ёрдам бериш ҳам гуноҳ саналади. Шунинг учун сиз унга қилаётган ишини хато эканини бир иложини қилиб тушунтиринг ва бу иш унинг бошига дунёда ҳам, охиратда ҳам улкан мусибатлар олиб келишини айтинг. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Жорий йилнинг 13–16 сентябрь кунлари Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ҳамда унинг доирасидаги бир қатор тадбирлар бўлиб ўтади.
Йиғинларда туркий дунёнинг етакчи дин пешволари – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров, Туркманистон муфтийcи Раҳмон Қурбонмуродов кабилар бошчилигидаги туркий давлатлар уламоларидан иборат делегациялар иштирок этади.
Мамлакатимиз делегацияси сафидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши, Фатво маркази, ҳудудий вакилликлар ҳамда олий диний таълим муассасаларидан вакиллар жой олган.
Тадбирлар доирасида уламолар мусулмон уммати учун муҳим бўлган шаръий масалалар, замонавий фатволар ва муштарак ташаббусларни муҳокама қилиб, якуний ҳужжатларни имзолайдилар. Шунингдек, илмий-амалий анжуман, икки томонлама музокаралар ҳамда табаррук қадамжолар зиёрати ҳам режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати