Ҳар бир мамлакатнинг байроғи, герби ва мадҳияси унинг мустақиллиги ҳамда халқаро майдондаги обрў-эътиборини кўрсатувчи муқаддас тимсоллардир. Шу маънода, бизнинг бош гербимиз ҳам халқимизнинг бой ўтмиши, меҳнатсеварлиги, тинчликсевар табиати ва ёруғ келажакка бўлган қатъий ишончини ўзида мужассам этган. Ушбу давлат рамзлари халқнинг ўтмиши, бугуни ва эртасини боғловчи маънавий кўприк ва куч бўлгани сабабли, уларнинг туб моҳиятини ёш авлодга чуқур тушунтириш ватанпарварлик тарбиясининг асосий вазифаларидан ҳисобланади.
1992 йил 2 июль куни «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги Қонун қабул қилиниб, мустақил юртимизнинг рамзларидан бири тасдиқланган эди. Бу тарихий қадам миллий давлатчилик анъаналаримизни тиклаш ҳамда халқимизнинг олий орзу-истакларини қонуний мустаҳкамлашда муҳим пойдевор бўлди. Шу боис, ҳар йили 2 июль санаси юртимизда шунчаки тарихий кун сифатида эмас, балки миллий ғурур ва Ватанга бўлган чексиз садоқатни ҳис этиш байрами ўлароқ кенг нишонланади. Мазкур қутлуғ айём ҳар бир юртдошимизни давлат рамзларини қадрлашга ва жонажон Ўзбекистонимиз равнақи учун дахлдорлик туйғуси билан яшашга чорлайди.
Бугун Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш ва кучли фуқаролик жамиятини қуриш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мана шундай тарихий янгиланишлар даврида давлат рамзлари халқимизни умумий ва эзгу мақсадлар атрофида жипслаштирувчи асосий маънавий суянчга айланди. Мустақиллигимиз, бирлигимиз ва юрт тараққиётининг рамзи бўлган давлат герби қалбларимизда юксак фахр ва ифтихор туйғусини уйғотаверади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
27 август куни Жидда шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида Мавританиянинг собиқ ташқи ишлар вазири Исмоил Вилд Шайх Аҳмад ИҲТнинг янги бош котиби этиб сайланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Туркиянинг “Anadolu” ахборот агентлигининг маълум қилишича, 66 ёшли Исмоил Вилд аш-Шайх Аҳмад ИҲТ Бош котиби лавозимида 2021–2026 йилларда ташкилотга раҳбарлик қилган чадлик дипломат Ҳусайн Иброҳим Таҳанинг ўрнини эгаллайди.
Янги бош котиб 2015–2018 йилларда БМТ Бош котибининг Яман бўйича махсус вакили лавозимида ишлаган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати