Баъзан айб ўзимиздан ўтса-да, кечирим сўрашга шошилмаймиз. Хўш, бизни боримизча суйган, ардоқлаган инсонлар билан арзимас майда-чуйдалар, жиловланмаган ҳиссиётлар ва сохта ғурур туфайли деворлар қураётганимизда, аслида ким ғолиб бўлади?..
Ҳаёт бизга узоқ бир сафардек туюлади, аммо у аслида жуда қисқа. Бугун кимгадир заҳрингизни сочаётган, жаҳл отига минаётган бўлсангиз, бир лаҳза тўхтанг... Эртага ўша инсонни бағрингизга босиш, овозини эшитиш имкониятидан бутунлай маҳрум бўлиб қолишингиз мумкинлигини ўйлаб кўринг.
Вақт — шафқатсиз ҳакам. Йиллар биз ўйлагандан ҳам шиддат билан учиб ўтади. Кўзни очиб юмгунча болаларимиз улғайганини, сочларига оқ оралаган ота-онамизнинг янада чўкиб, кексайиб қолганларини сезмай қоламиз. Ва бир куни... атрофимизни фақат совуқ ва сукунат қоплагандагина кеч англаймиз.
Гоҳида телефонингизга келган ўша оддий хабар ҳақиқатан ҳам энг охиргиси бўлади. Гоҳида «кейин гаплашамиз» дея айтилган сўздан сўнг, ўша «кейин» ҳеч қачон келмайди.
Ёнингиздаги инсонларнинг тириклигида, нафас олиб турганида қадрига етинг. Кўксингизни тўлдириб турган сохта ғурурни енгиб, биринчи бўлиб қадам ташланг: «Кел, урушмайлик, сен мен учун азизсан», дейишга куч топинг. Чунки бу дунёда ҳақ бўлиб чиқишдан кўра армонларсиз, бахтли яшаш муҳимроқдир.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ
Ўзбекистон мусулмонлари идорасида аҳоли билан мулоқот тизимини такомиллаштириш ва мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини оширишга қаратилган амалий семинар-тренинг бўлиб ўтди. Унда мазкур йўналишга масъул бўлган мутахассислар бевосита ҳамда масофавий тарзда иштирок этди.
Тадбирни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков кириш сўзи билан очиб, фуқароларнинг мурожаатларига юксак ҳурмат билан қараш ва уларнинг дардига оқилона ечим топиш ҳар бир раҳбар ҳамда ходимнинг нафақат вазифаси, балки олий инсоний бурчи эканини алоҳида таъкидлади.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонасининг масъул вакиллари – Давлат ташкилотлари томонидан мурожаатлар кўриб чиқилишини назорат қилиш шўъбаси бош инспектори Саидакмал Ходжаев ҳамда шўъба етакчи инспектори Рашид Курганов иштирок этиб, тизимдаги ҳолатни қонунчилик талаблари асосида атрофлича таҳлил қилиб бердилар.
Соҳа масъул мутахассислари томонидан айни йўналишдаги Президент Фармони ижроси доирасида мурожаатларни кўриб чиқишда қонунийлик ва тезкорликни таъминлаш, жараён шаффофлигини ошириш ҳамда мурожаатларни назоратдан олишнинг механизмларини тўғри қўллаш бўйича муҳим тавсиялар берилди.
Очиқ мулоқот руҳида ўтган мазкур тадбир тизим ходимларининг мурожаатлар билан ишлаш маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини янада оширишга хизмат қилади. Амалий таҳлилларга бой бўлган ушбу семинар фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилиш ҳамда халқимизнинг диний-маърифий соҳага бўлган ишончини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим ва тизимли қадам бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати