Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, юртдошларимизнинг бу йилги ҳаж ибодатлари ҳам юқори савияда, тартибли ва муваффақиятли ўтди. Шу муносабат билан мавсум давомида кечани кеча, кундузни кундуз демай сидқидилдан хизмат қилган ишчи гуруҳи, малакали шифокорлар ҳамда моҳир ошпазларни тақдирлашга бағишланган тадбир ўтказилди.
Бир пиёла чой устида ташкил этилган йиғин анъанага мувофиқ Қуръони карим тиловати билан бошланди.
Йиғилганларга мавсумнинг энг ҳаяжонли ва фидокорона лаҳзалари муҳрланган махсус видеоролик намойиш этилди.
Тадбирда дастлаб Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев сўзга чиқиб, мавсум давомида кўрсатилган фидокорлик учун иштирокчиларга миннатдорлик билдирди.
Ҳаж мавсуми давомида юртимиз ҳожилари, айниқса, бу йил илк бор “Президент ҳожиси” сифатида борган жорий этилган 100 нафар фидоий юртдошларимиз Давлатимизнинг бевосита кўмаги ва ғамхўрлигини ҳис қилиб турганлари, улар учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилганини алоҳида қайд этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ўз нутқида бу йилги ҳаж сафари Муҳтарам Юртбошимизнинг бевосита кўрсатмалари, мутасадди ташкилотларнинг ҳамкорликдаги хизмати эвазига янги босқичга кўтарилганини эътироф этдилар. Бу нарса, айниқса, Мино, Арафот, Муздалифа ва Жамарот майдонларида зиёратчиларнинг хавфсиз ва тартибли ҳаракатланиши, ибодатларини хотиржам адо этишларида кузатилганини таъкидладилар. Шунингдек, ҳамюртларимизнинг ҳаж ибодати кўтаринки руҳда ўтгани Саудия Арабистони мутасаддилари томонидан ҳам юқори баҳолангани қайд этилди.
Шундан сўнг «Ҳаж-2026» мавсумида жонбозлик кўрсатган Ишчи гуруҳи аъзолари, шифокорлар жамоаси ҳамда моҳир ошпазларга ташкилотчиларнинг ташаккурномалари, эсдалик ҳадялари топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Шайх Нуриддин Холиқназар ташаббуслари билан Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Қорақалпоғистон мусулмонлари қозияти ва қозиётга қарашли барча масжид имом-хатиблари томонидан нуроний кексалар, меҳнат фахрийлари ҳамда ёрдамга муҳтож оилаларнинг ҳолидан хабар олинди. Тадбир доирасида муҳтож оилаларнинг турмушини енгиллаштириш мақсадида бир оилага замонавий қуёш панели ўрнатиб берилиб, қўшимча байрам совғалари топширилди. Бундай хайрия ташаббуслари жамиятда ўзаро аҳиллик, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти