Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи ҳақларида Тамимий қуйидагиларни ёзади: "У киши тенгдошларидан устун бўлган. Замон у билан зийнатланган эди. Унинг таълифотлари кенг тарқалган, унинг таснифотлари ҳар тарафга сайр этган эди. Унга мувофиқ бўлган ҳам, мухолиф бўлган ҳам унинг қадри олийлигига ва ўрни буюклигига иттифоқ қилган эди. У киши илмига иқтидо қилинадиган ва нуридан ҳидоят топиладиган катта ва машҳур уламолардан эди".
"Ҳидоят имоми" китобидан
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги “Жиззахлик”, “Яккатут” ва “Ардахшон” жоме масжидларининг янги бинолари фойдаланишга топширилди.
Тантанали очилиш маросимида соҳа мутасаддилари, Жиззах вилояти бош имом-хатиби Меҳмонхон домла Жабборов, маҳаллий ҳокимлик вакиллари ҳамда намозхонлар иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар Аллоҳнинг уйларини обод этишнинг улуғ фазилати, масжид қурилишига ҳисса қўшган инсонларнинг ажру мукофотлари ҳақида тўхталиб ўтдилар. Шунингдек, масжидларни нафақат моддий, балки жамоат билан ибодатларни адо этиб, маънавий жиҳатдан обод қилиш ҳар бир мўмин учун муҳим экани таъкидланди.
Юртимизда истиқлол айёми муносабати билан эшикларини очган ушбу янги масжидлар намозхонлар учун замонавий ва қулай шароитларда ибодатларини адо этишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Жиззах вилояти
Матбуот хизмати