frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Аёллар жанозадан кейин таъзия билдиришлари мумкинми?

07.07.2026   23136   2 min.
Аёллар жанозадан кейин таъзия билдиришлари мумкинми?

Савол: Қўшнимизникида эркак киши вафот этди. Қўшни аёллар жаноза ўқилмасдан олдин таъзия бўлган хонадонга чиқишлари тўғрими? Чунки таъзия бўлган хонадонда дарвоза олдида эркаклар тизилиб ўтиришади. Аёлларни уларнинг олдидан ўтиши жуда ноқулай. Аёллар жанозадан кейин таъзия билдиришлари мумкинми?


Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мусибат етган хонадон эгаларига таъзия билдириш мустаҳаб амал саналади.

Амр ибн Ҳазм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қайси бир мўмин мусибат етган биродарига таъзия билдирса, Аллоҳ унга қиёмат куни улуғлик либосини кийгазади” (Ибн Можа ривояти).

Ҳар бир нарсанинг ўзига хос тартиби бўлгани каби таъзия билдиришнинг ҳам шариат белгилаб берган тартиби бор.

Хусусан, аёллар қўшни хонадонда мусибат бўлиб қолганда таъзия билдиришлари, уларнинг дардларига шерик бўлиб, сабрга чақиришлари, маййитнинг ҳақига истиғфор айтишлари яхши амал ҳисобланади. Чунки мусибат вақтида ҳар бир юпатувчи гап далда беради, мусибатни аритишда ёрдам беради. Лекин бу ҳолатда аёллар эркаклар тўпланган жойда улар билан аралашиб кетмаслиги керак. Яна бир эътиборли жиҳат шуки, аёл ўзи иддада бўлса, таъзия билдириш учун, гарчи қўшнисиникига бўлса ҳам чиқмаслиги зарур.

Бизда одатда маййитга жаноза ўқилгандан кейин барча эркаклар маййитни дафн қилиш учун қабристонга кетадилар ва хонадон улардан фориғ бўлади. Шу пайтда қўшни аёллар чиқиб, мусибатзада аёлларга ҳамдард бўлиб, таъзия билдирсалар, шариат талабини бажарган ҳамда таъзия билдиришни том маънода амалга оширган бўладилар.

Демак, аёлларнинг бир-бирларига таъзия билдиришлари шариатда қўллаб-қувватланади. Фақат бунда номаҳрам эркаклар билан аралашиб кетмаслик, жанозага эргашиб қабристонга бормаслик ва агар иддада бўлса, уйдан чиқмаслик талаб этилади. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистон Президенти Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди

24.08.2026   16095   1 min.
Ўзбекистон Президенти Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Ўзбекистон–Озарбайжон саммитининг иккинчи куни тадбирларида иштирок этиш учун Бухоро шаҳрига келди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, ташриф хайрли амалдан – Баҳоуддин Нақшбанд мақбараси зиёратидан бошланди. Қуръон оятлари тиловат қилиниб, халқимизга тинчлик-фаровонлик тилаб, дуо ўқилди.

Мажмуа ислом оламининг улуғ қадамжоларидан бири ҳисобланади. Мазкур зиёратгоҳ Нақшбандия тариқатининг асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд дафн этилган жойда барпо этилган бўлиб, бугунги кунда мақбара, хонақоҳ, масжидлар, дахма ва сўфийлик тарихи музейини ўз ичига олади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари