Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Август, 2026   |   15 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:21
Қуёш
05:45
Пешин
12:24
Аср
17:06
Шом
19:07
Хуфтон
20:26
Bismillah
28 Август, 2026, 15 Рабиъул аввал, 1448

“Ота жаннатнинг ўрта эшигидир” ҳадиси шарҳи

07.07.2026   24755   1 min.
“Ота жаннатнинг ўрта эшигидир” ҳадиси шарҳи

Савол: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота жаннатнинг ўрта эшигидир. Хоҳла, бу эшикни сақла, хоҳла зое қил”, деган эканлар. Шуни изоҳлаб берсангиз. Ўрта эшик деганда нима тушунилади?


Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ҳа, ҳақиқатан ҳам шундай ҳадис бор, уни имом Термизий раҳимаҳуллоҳ Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ота жаннат эшикларининг ўртасидир. Хоҳласанг, ўша эшикни муҳофаза қил ёки зое қил”, деганларини эшитганман”.

Муҳаддис уламолар мазкур ҳадисни шарҳлаб, мазмунини тушунтириб берганлар. “Ўрта” деб таржима қилинган сўз ҳадисда “авсат” деб келган. Авсат сўзининг бир эмас, бир неча маънолари бор. Ўрта деган маънодан ташқари энг яхши, энг тўғри, мўътадил деган маъноларда ҳам келади.

Аллома Қози Байзовий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Яъни (жаннат) эшикларининг энг яхшиси ва энг олийсидир. Бунинг маъноси шуки: Жаннатга киришга ва унинг олий даражаларига эришишга восита бўладиган энг гўзал нарса ота-онага итоат қилиш ҳамда уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва кўнгилларини риоя қилишдир”.

Бошқа уламолар бундай дейишган: “Албатта, жаннатнинг бир неча эшиклари бор ва уларнинг ичида кириш учун энг гўзали ўртадагисидир. Ўша ўрта эшикдан киришга сабаб бўладиган амал эса ота-онанинг ҳақларини адо этишдир”. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Юртимиз бўйлаб 6000 нафарга яқин ободонлаштириш ходимларига байрам ҳадялари улашилди

26.08.2026   27272   1 min.
Юртимиз бўйлаб 6000 нафарга яқин ободонлаштириш ходимларига байрам ҳадялари улашилди

Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда юртимиз озодалигига беқиёс ҳисса қўшиб келаётган 2500 нафардан ортиқ ободонлаштириш хизмати ходимларига озиқ-овқат жамланмалари тарқатди.

Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад машаққатли ва шарафли меҳнати ҳар доим ҳам кўзга кўринавермайдиган соҳа ходимларининг меҳнатини эътироф этиш, уларнинг қалбига байрам шукуҳи, хонадонларига қувонч киритишдир.

Инсон қадрини улуғлаш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлашга қаратилган бу каби хайрли ишлар шу кунларда янада кенг қулоч ёзиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилди.

Шунингдек, ҳомийлар томонидан Республикамиз бўйлаб 3500 нафарга яқин ана шундай фидойи ходимларнинг кўнгли хушнуд этилди.

Бу каби хайр-саховатга йўғрилган байрам тадбирлари ўлкамизнинг барча гўшаларида давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари