frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

“Ота жаннатнинг ўрта эшигидир” ҳадиси шарҳи

07.07.2026   24590   1 min.
“Ота жаннатнинг ўрта эшигидир” ҳадиси шарҳи

Савол: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота жаннатнинг ўрта эшигидир. Хоҳла, бу эшикни сақла, хоҳла зое қил”, деган эканлар. Шуни изоҳлаб берсангиз. Ўрта эшик деганда нима тушунилади?


Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ҳа, ҳақиқатан ҳам шундай ҳадис бор, уни имом Термизий раҳимаҳуллоҳ Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ота жаннат эшикларининг ўртасидир. Хоҳласанг, ўша эшикни муҳофаза қил ёки зое қил”, деганларини эшитганман”.

Муҳаддис уламолар мазкур ҳадисни шарҳлаб, мазмунини тушунтириб берганлар. “Ўрта” деб таржима қилинган сўз ҳадисда “авсат” деб келган. Авсат сўзининг бир эмас, бир неча маънолари бор. Ўрта деган маънодан ташқари энг яхши, энг тўғри, мўътадил деган маъноларда ҳам келади.

Аллома Қози Байзовий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Яъни (жаннат) эшикларининг энг яхшиси ва энг олийсидир. Бунинг маъноси шуки: Жаннатга киришга ва унинг олий даражаларига эришишга восита бўладиган энг гўзал нарса ота-онага итоат қилиш ҳамда уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва кўнгилларини риоя қилишдир”.

Бошқа уламолар бундай дейишган: “Албатта, жаннатнинг бир неча эшиклари бор ва уларнинг ичида кириш учун энг гўзали ўртадагисидир. Ўша ўрта эшикдан киришга сабаб бўладиган амал эса ота-онанинг ҳақларини адо этишдир”. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Мустақиллик байрами арафасида Қашқадарёда бош имомлар йиғилиши бўлиб ўтди

24.08.2026   10930   1 min.
Мустақиллик байрами арафасида Қашқадарёда бош имомлар йиғилиши бўлиб ўтди

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилояти вакиллигида шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари иштирокида йиғилиш ўтказилди.


Тадбирни вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов кириш сўзи билан очиб, йиғилганларни яқинлашиб келаётган Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами билан самимий муборакбод этди. Учрашувда давлатимиз Раҳбарининг тегишли Фармони билан бир гуруҳ диний соҳа ходимлари «Имом Бухорий» ордени билан тақдирлангани юртимизда маънавий-маърифий соҳага кўрсатилаётган юксак эътибор ва тарихий воқеа экани алоҳида эътироф этилди.


Йиғилишда «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» эзгу шиори остида воҳада амалга оширилаётган хайрли ишлар, ёшларни Ватанга садоқат ва миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги фаолият сарҳисоб қилинди.


Шунингдек, тадбир давомида имом-хатибларга қуйидаги устувор вазифалар юклатилди:

  • Эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган ва якка-ёлғиз кексалар ҳолидан мунтазам хабар олиш;

  • Оилалар тотувлигини мустаҳкамлаш ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш;

  • Масжидлар, қадамжолар ва қабристонларни ободонлаштириш ҳамда тозалик тадбирларида фаоллик кўрсатиш.


Йиғилиш якунида диний соҳа ходимларининг келгуси фаолиятига муваффақиятлар тиланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати

Мустақиллик байрами арафасида Қашқадарёда бош имомлар йиғилиши бўлиб ўтди
Ўзбекистон янгиликлари