Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ислом цивилизацияси халқаро I форуми иштирокчиларига мурожаатини Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди.
Мурожаатда таъкидланганидек, бугунги мураккаб вазиятда азалдан башариятнинг тинч-тотув ҳаёти, ҳамжиҳатлик ва маърифатга интилиши, тадрижий ривожланиши учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилиб келган эзгу тушунчалар, жумладан, исломий қадриятлар алоҳида аҳамият касб этади. Бу қадриятлар асрлар давомида илмий тараққиёт, маданий юксалиш ва маънавий камолотнинг қудратли манбаи сифатида жаҳон тафаккури ривожига беқиёс ҳисса қўшган ва умуминсоний мероснинг ажралмас қисмига айланган.
Шу маънода, 2017 йилда БМТнинг юксак минбаридан Ўзбекистон илгари сурган “Жаҳолатга қарши маърифат” деган концептуал ғоя оддий, аммо ўзгармас бир ҳақиқатни тасдиқлайди: бугунги нотинч ва таҳликали дунёда фақат илм-фан, таълим-тарбия, маданият ва юксак ахлоқий қадриятларгина ер юзида тинчлик, ўзаро тушуниш, ижтимоий ҳамжиҳатлик ва барқарор ривожланиш учун ишончли пойдевор бўла олади.
Дарҳақиқат, муқаддас ислом динимиз инсониятни тинчликка, меҳр ва оқибат, бағрикенглик, ижтимоий адолат, бунёдкорлик ва тараққиётга, эзгу амалларга ундаши билан ғоят қадрлидир.
Ислом цивилизациясининг бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва уни жаҳон ҳамжамиятига кенг танитиш мақсадида мамлакатимизда Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси каби йирик маърифий ва илмий-маънавий масканлар барпо этилди. Бугунги кунда мазкур мажмуалар нафақат миллий маънавий ҳаётимизнинг муҳим марказлари, балки халқаро илмий ҳамкорлик, тадқиқот ва маърифат алмашинуви учун муҳим платформа сифатида шаклланиб бормоқда.



























“I Халқаро ислом цивилизацияси форуми: тинчлик, бағрикенглик ва илм–маърифат йўли”нинг асосий мақсади – ислом цивилизациясининг ҳақиқий мазмун-моҳиятини очиб бериш, унинг илм-фан, маданият ва маънавий тараққиётга қўшган улкан ҳиссасини намоён этиш, шунингдек, замонавий дунёда тинчлик, бағрикенглик ва маърифат ғояларини кенг тарғиб қилишдек мақсадларга қаратилгани билан диққатга сазовордир.
Форум доирасида ўндан ортиқ ялпи мажлислар ташкил этилиб, мавзуга доир долзарб масалалар кенг ва атрофлича таҳлил этилиб, галдаги вазифалар белгилаб олинмоқда.
Назокат Усмонова,
Аслиддин Алижонов (сурат),ЎзА
Бугун, 2 сентябрь чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказиб, юртдошларимизнинг мурожаат ва таклифларини атрофлича тинглади.
Очиқ ва самимий руҳда кечган қабул жараёнида Тошкент шаҳри, Наманган, Фарғона, Андижон, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларидан келган фуқароларнинг диний таълим муассасаларига ўқишга кириш, Умра зиёрати тартиби ҳамда масжидлар фаолиятига доир мурожаатлари бирма-бир кўриб чиқилди.
Учрашув давомида билдирилган масалалар юзасидан фуқароларга шаръий ва ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, баъзи муҳим масалалар бўйича тегишли масъул ходимларга мурожаатларни қисқа фурсатларда қонуний ҳамда ижобий ҳал этиш бўйича аниқ топшириқлар юклатилди.
Эслатиб ўтамиз, аҳоли билан очиқ мулоқотни таъминлашга қаратилган бу каби фуқаролар қабуллари Ўзбекистон мусулмонлари идораси, унинг ҳудудий вакилликлари ҳамда юртимиздаги барча жоме масжидларида ҳар ҳафтанинг чоршанба куни мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати