– Ўзбекистонда ташкил этилган мазкур нуфузли форум менда жуда илиқ таассурот қолдирди. Бу анжуман ислом динининг асл моҳияти – илм, маърифат, бағрикенглик ва эзгулик ғояларини халқаро миқёсда тарғиб қилиш учун муҳим мулоқот майдони эканини яна бир бор намоён этди.
Айниқса, Ўзбекистоннинг буюк муҳаддислар ва мутафаккирлар илмий меросини ўрганиш, уни замонавий илмий ёндашувлар асосида тадқиқ этиш ҳамда жаҳон жамоатчилигига етказишга қаратаётган эътибори юксак таҳсинга лойиқ. Бу саъй-ҳаракатлар диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, радикализм ва мутаассибликка қарши маърифат билан курашишда муҳим аҳамият касб этади.
Форум давомида билдирилган фикрлар ва илгари сурилган ташаббуслар келгусида Миср ва Ўзбекистон ўртасидаги диний-маърифий ҳамда илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонаман. Ўзбекистоннинг меҳмондўстлиги, юксак ташкилий савияси ва илм аҳлига бўлган юксак эҳтироми ҳар қандай иштирокчида унутилмас таассурот қолдиради.
Иброҳим Нажим,
Миср Араб Республикаси Бош муфтийсининг катта маслаҳатчиси, Жаҳон фатво идоралари кенгашининг Бош котиби
Британиянинг “Em Insight” журналида Ўзбекистонда бўлиб ўтган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусидаги халқаро медиафорумга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Нашрда ёзилишича, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази томонидан ташкил этилган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” халқаро медиафоруми хорижлик ОАВда катта қизиқиш уйғотган.
Рақамли платформалар, сунъий интеллект ва ахборот хуружлари авж олган ҳозирги замонда оммавий ахборот воситаларининг мамлакатлар, маданиятлар ва цивилизациялар ҳақидаги тасаввурларни шакллантиришдаги ўрни тобора ортиб бормоқда.
Мақолада таъкидланишича, Ал-Хоразмий, Ибн Сино, Беруний, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Мирзо Улуғбек каби жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк мутафаккирлар юрти бўлмиш Ўзбекистон бу каби глобал муҳокамалар учун энг мақбул майдондир.
Қатарнинг “The Peninsula” газетаси масъул муҳаррири Муҳаммад Осмон форумнинг рақамли ахборот асридаги аҳамиятига тўхталиб, Имом Бухорийнинг ҳадисларни тўплаш ва уларнинг ҳаққонийлигини текширишдаги қатъий ёндашувини тилга олди.
У ушбу методологияни манбаларни чуқур ўрганиш ва верификация қилишнинг ўчмас намунаси деб атади ва бу тамойиллар фейк хабарлар ҳамда сунъий интеллект маҳсулотлари кўпайган ҳозирги даврда жуда аҳамиятли эканини билдирди.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги муҳаррири Ўткир Алимов форумнинг Мустақилликнинг 35 йиллиги остонасида ўтказилаётганига эътибор қаратган. У 50 мамлакатдан 300 га яқин ОАВ вакилларининг Тошкентда жамлангани Ўзбекистоннинг цивилизациялар чорраҳаси сифатидаги ўрни ортиб бораётганидан далолат беришини таъкидлади.
Мақолада Тошкентдаги халқаро медиафорум журналистика масъулияти, тарихий тадқиқотлар чуқурлиги ва замонавий технологиялар имкониятларини бирлаштирган ҳолда Ислом цивилизациясини янги, замонавий қиёфада дунёга танитишга хизмат қилиши баён этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати