“Халқ сўзи” газетаси
2026 йил 7 июль, № 137 (9308)
МАЪРИФАТГА ТАЯНГАН ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИ
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида 7 — 11 июль кунлари мамлакатимизда бўлиб ўтадиган “Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” мавзуидаги I Халқаро ислом цивилизацияси форуми олдидан брифинг ташкил этилди.
Унда анжуманнинг мақсад ва вазифалари, тадбирлар дастури ҳамда халқаро аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Таъкидланганидек, мазкур форум Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган маърифат ва диний бағрикенглик ғояларининг амалий давоми ҳисобланади.
Форумнинг бош мақсади ислом цивилизациясининг бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, буюк алломаларимиз меросини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, турли мамлакатлар олимлари ўртасидаги илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан иборат.
Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида ўтказиладиган анжуманда 50 дан ортиқ давлатлардан қарийб 300 нафарга яқин хорижлик меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда. Улар орасида давлат ва жамоат арбоблари, вазирлар, муфтийлар, академиклар, исломшунос олимлар, қўлёзмашунослар, музей ва кутубхоналар раҳбарлари, нуфузли халқаро ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари бор. Бу эса анжуманнинг ҳақиқий халқаро мулоқот ва академик ҳамкорлик майдонига айланишидан далолат беради.
Брифингда қайд этилганидек, форум Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Дин ишлари бўйича қўмита, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ҳамда ICESCO ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Тадбирнинг очилиш маросими Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилиши ҳам рамзий аҳамият касб этиши таъкидланди. Зеро, қисқа вақт ичида мазкур марказ нафақат мамлакатимиз, балки бутун минтақадаги энг йирик ва нуфузли илмий-маърифий масканлардан бирига айланиб улгурди.
Форум ўз кўлами жиҳатидан ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Унинг доирасида 4 та халқаро конференция, 10 та ялпи мажлис, 15 та пленар йиғилиш ҳамда 6 та соҳавий шуъба ташкил этилади. Уларда ислом цивилизацияси тарихи, ҳадис илми, калом, қўлёзмашунослик, музейшунослик, археология, маданий меросни муҳофаза қилиш, рақамлаштириш, маданий дипломатия ҳамда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган маънавий-маърифий ислоҳотлар муҳокама қилинади.
Анжуман доирасида китоблар ва илмий нашрлар тақдимотига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. ICESCO билан ҳамкорликда тайёрланган “Имом ал-Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асари — “Уммат китоби” мавзуидаги халқаро конференция тезислар тўплами, IRCICA билан шерикликда нашр этилаётган “Шавкат Мирзиёев — маърифатпарвар йўлбошчи” китоб-альбоми, Россия мусулмонлари диний идораси билан биргаликда чоп этилган Имом Термизийнинг “Шамоили Муҳаммадия” асарининг рус тилидаги академик нашри ва бошқа фундаментал лойиҳалар намойиши форумнинг энг эсда қоларли воқеаларидан бири бўлади.
Форумнинг биринчи кунги ялпи мажлисларида ислом цивилизациясининг маънавий мероси, Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро илмий-маърифий платформа сифатидаги ўрни, шунингдек, қўлёзмаларни асраш, музейлар ва кутубхоналар ҳамкорлигини ривожлантириш каби долзарб мавзулар муҳокама қилинади.
Тадбир давомида Ўзбекистондаги илмий-маърифий марказлар ва хорижнинг етакчи илмий муассасалари ўртасида қўшма лойиҳалар, янги илмий нашрлар, археологик кашфиётлар, ноёб қўлёзмалар ва рақамли лойиҳалар тақдимоти ўтказилади. Шунингдек, ҳамкорликка оид “йўл хариталари” муҳокама қилиниб, меморандум ва битимлар имзоланиши режалаштирилган. Бу эса форумнинг фақат илмий муҳокама билан чекланмасдан, аниқ амалий натижаларга хизмат қилишини кўрсатади.
Тадбирнинг муҳим қисми Самарқанд ва Термиз шаҳарларида бўлиб ўтадиган халқаро конференциялардир. Улар буюк алломаларимиз — Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизийнинг бой илмий меросини ҳар томонлама ўрганишга бағишлангани билан аҳамиятли.
Жумладан, Самарқандда ўтказиладиган “Имом ал-Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асари — “Уммат китоби” мавзуидаги халқаро конференцияда буюк муҳаддиснинг ҳаёти, унинг илмий камолоти, ҳадисларни саралаш услублари “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”нинг яратилиш тарихи, қўлёзмалари ҳамда мазкур асарнинг ислом цивилизацияси тараққиётидаги ўрни атрофлича муҳокама қилинади. Бу конференция доирасида бешта пленар йиғилиш ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, уларда Саудия Арабистони, Миср, Марокаш, Туркия, Ҳиндистон, Бангладеш, Буюк Британия, Тунис ва бошқа мамлакатлардан келган етакчи ҳадисшунос олимлар маърузалар қилади.
Имом Мотуридийнинг бебаҳо меросига бағишланган конференцияда эса мўътадиллик, диний бағрикенглик, ақл ва нақл уйғунлиги каби масалалар замонавий нуқтаи назардан таҳлил этилади.
Термиз шаҳрида ўтказиладиган анжуман Термиз ҳадис мактаби ва Имом Термизийнинг жаҳон ҳадисшунослигига қўшган беқиёс ҳиссасини ўрганишга бағишланади. Бу конференциялар орқали Ўзбекистон нафақат буюк алломалар юрти, балки улар меросини тизимли ўрганиш ва халқаро миқёсда тарғиб этишнинг замонавий маркази сифатида ҳам намоён бўлади.
Брифингда таъкидланганидек, I Халқаро ислом цивилизацияси форуми мамлакатимиз тарихида илк бор ўтказилаётган йирик халқаро маърифий анжуман сифатида Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси бой меросини асраб-авайлаш ва уни жаҳон ҳамжамиятига кенг танитиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини яна бир бор намоён этади. Шу маънода, форум нафақат илмий мулоқот майдони, балки тинчлик, бағрикенглик ва маърифат ғояларини бирлаштирувчи нуфузли халқаро платформа бўлиши кутилмоқда.
«Халқ сўзи».
Покистоннинг “The Diplomatic insight” порталида Покистон тинчлик ва дипломатик тадқиқотлар институти ижрочи директори Муҳаммад Асиф Нур қаламига мансуб Ўзбекистоннинг маърифатпарвар мероси сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
“Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги фақат Самарқанд, Бухоро ва Хиванинг маҳобатида эмас. Бу қадим юртнинг энг катта бойлиги инсониятга ҳисоблашни, даволашни, осмон жисмларини кузатишни, эътиқодни англашни, адолат билан бошқаришни ва тилга тамаддуний оҳанг бағишлашни ўргатган буюк тафаккур соҳибларининг ворислигидадир”, –деб ёзган муаллиф.
Муҳаммад Асиф Нурнинг таъкидлашича, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бугун Ўзбекистонда музейлар, илмий марказлар, ихтисослаштирилган мактаблар, китобхонлик дастурлари ва маданий дипломатия орқали Учинчи Ренессанснинг пойдеворига тамал тоши қўйиляпти.
“Бу мақсад 2026 йил 17 март куни Тошкентда Ислом цивилизацияси марказининг очилиши билан янада аниқ ифода топди. 1 июнга қадар марказга ярим миллион киши, жумладан, 150 дан ортиқ хорижий делегация ташриф буюрди. Қарийб 2 000 нафар олим 810 та тегишли лойиҳада иштирок этди, 1 000 дан ортиқ маданий ашё эса хориждан Ўзбекистонга қайтарилди. Расмий маълумотлар мамлакат хотирани таълим ва миллий ишончга айлантираётганини кўрсатади”, – дея қайд этилган нашрда.
Шунингдек, мақолада 2026 йилда Самарқанд яқинидаги Имом Бухорий мажмуаси қайта қурилиб, зиёратчилар учун очилгани эътироқ этилган. Унда 10 минг кишилик масжид, музей ва илмий-тадқиқот муассасалари барпо этилди. Мажмуанинг кунлик ташриф буюрувчиларни қабул қилиш имконияти 65 минг кишига етди ва биринчи ойнинг ўзида мажмуага бир миллиондан ортиқ одам ташриф буюрди. Бу маскан зиёратни билим, тадқиқот ва маънавий тарбия билан уйғунлаштиради.
Муаллиф ўз мақоласида Амир Темур ва Темурийлар меросининг Ўзбекистон тарихи ва тараққиётида тутган ўрнига алоҳида эътибор қаратган.
“Темурийлар даври нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон тамаддунида ҳам муҳим палла ҳисобланади. Амир Темур Самарқандни қудратли давлат марказига айлантирди ва меъморчилик, илм-фан ҳамда маданият тараққиётини қўллаб-қувватлади. 2026 йилда Ўзбекистонда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланмоқда, Темурийлар тарихи давлат музейи қайта реконструкция қилинди ва апрель – Амир Темур ойи деб эълон қилинди”, – дейилади манбада.
Асиф Нурнинг эътироф этишича, Ўзбекистонда маърифатпарварлик ғоялари ҳеч қачон фақат қўлёзмалар билан чекланиб қолмаган. У маҳаллада, устоз ва кексаларга ҳурматда, устоз-шогирд анъаналарида ва меҳмондўстликда яшайди. У Шашмақом оҳангларида янграйди, Лазги рақсида намоён бўлади, Аския санъатида тилга киради, бахшилар ижросида ҳикоя қилинади, атлас ва адрас матоларида ўз ифодасини топади. ЮНЕСКО томонидан тан олиниши бу анъаналарнинг жаҳон миқёсидаги аҳамиятини тасдиқлайди.
Муаллиф ўз мақоласини “Ўзбекистоннинг маърифатпарвар меросининг илдизлари қадимий – аммо унинг ҳақиқий манзили – келажакдир”, – деган сўзлар билан якунлаган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати