Савол: Менинг отам оталик бурчини бажармаган, моддий ва маънавий таъминламаганлар, ҳозир камдан кам кўришиб турамиз, лекин улар бефарқлар. Бу дунёда уларни розилигини олишим керакми? Нотўғри савол берган бўлсам узр
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Шариатимизда отанинг ҳам, фарзанднинг ҳам ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари бор. Аммо отанинг масъулиятсиз ёки золим бўлиши фарзанд зиммасидан унга яхшилик қилиш, ҳурмат кўрсатиш ва силаи раҳм қилиш мажбуриятини асло соқит қилмайди. Қолаверса, ҳадисларда Аллоҳнинг розилиги отанинг розилигига боғлиқ экани айтилган.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Роббнинг розилиги отанинг розилигида ва Роббнинг ғазаби отанинг ғазабидадир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Шу сабабли, отангизнинг ўтмишдаги хатолари ва ҳозирги бепарволигига қарамай, бу дунёда унинг розилигини олишга ҳаракат қилишингиз, учрашганда очиқ юз ва ҳурмат билан кутиб олиб, ҳол-аҳвол сўрашингиз ва ундан алоқани бутунлай узиб юбормаслигингиз лозим. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Наманганда эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинмоқда.
“Меҳр-саховат” маърифий тадбири доирасида соҳа ходимлари шаҳардаги 125 та хонадонга ташриф буюриб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатдилар. “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамда саховатпеша юртдошларимиз ҳамкорлигида кўрсатилган ушбу кўмак кўнгилларга илиқлик, юзларга табассум улашди.
Дилдан кечган самимий суҳбатлар ва кўтарилган дуолар юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати