Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Август, 2026   |   28 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:58
Қуёш
05:28
Пешин
12:30
Аср
17:24
Шом
19:32
Хуфтон
21:00
Bismillah
11 Август, 2026, 28 Сафар, 1448

Оталик бурчини бажармаган отамнинг розилигини олишим шартми?

08.07.2026   30030   1 min.
Оталик бурчини бажармаган отамнинг розилигини олишим шартми?

Савол: Менинг отам оталик бурчини бажармаган, моддий ва маънавий таъминламаганлар, ҳозир камдан кам кўришиб турамиз, лекин улар бефарқлар. Бу дунёда уларни розилигини олишим керакми? Нотўғри савол берган бўлсам узр


Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Шариатимизда отанинг ҳам, фарзанднинг ҳам ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари бор.  Аммо отанинг масъулиятсиз ёки золим бўлиши фарзанд зиммасидан унга яхшилик қилиш, ҳурмат кўрсатиш ва силаи раҳм қилиш мажбуриятини асло соқит қилмайди. Қолаверса, ҳадисларда Аллоҳнинг розилиги отанинг розилигига боғлиқ экани айтилган.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Роббнинг розилиги отанинг розилигида ва Роббнинг ғазаби отанинг ғазабидадир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Шу сабабли, отангизнинг ўтмишдаги хатолари ва ҳозирги бепарволигига қарамай, бу дунёда унинг розилигини олишга ҳаракат қилишингиз, учрашганда очиқ юз ва ҳурмат билан кутиб олиб, ҳол-аҳвол сўрашингиз ва ундан алоқани бутунлай узиб юбормаслигингиз лозим. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

ЮЗДАН ЗИЁД ОИЛАГА КЎМАК БЕРИЛДИ

10.08.2026   11996   1 min.
 ЮЗДАН ЗИЁД ОИЛАГА КЎМАК БЕРИЛДИ

Сайёр йиғилиш

Бир кишига кўмаклашсангиз, у қанчалик шод бўлади.
Энди бир эмас, ўн эмас, юздан зиёд оилага ҳам маънавий, ҳам маърифий, ҳам моддий кўмак берилса, қанча кишининг кўнгли кўтарилишини, сизни алқашини тасаввур қилиб кўринг-а.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида пойтахтимизнинг Янги ҳаёт туманидаги «Ниёзмат ота» жоме масжидида маънавий-маърифий сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Эргашали домла Рустамов, Тошкент шаҳар туманлари бош имомлари, имом-домлалар, «Ҳаж 2026» иштирокчилари қатнашдилар.
Тумандаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш мақсадида маҳаллаларга ташриф буюрилди. Адашиб ақидаси бузуқ турли оқимлар таъсирига тушиб қолган шахслар, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан ҳам суҳбатлар олиб борилди.
Катта ҳаёт тажрибасига эга ҳожи оталар, ҳожи оналар имом-хатиблар, отинойилар билан биргаликда олиб борган маърифий тарғиботлари ўз самарасини берди: юздан зиёд хонадонга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам кўрсатилди.
* * *
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Янги ҳаёт туманидаги маҳаллаларга ташриф буюриб, у ердаги бир қанча хонадонларга кириб, хонадон эгаларининг қалбларига хурсандчилик улашдилар.
Қувонарлиси, янги ўқув йили арафасида ҳомийларни жалб қилган ҳолда 30 та ҳақдор хонадон соҳиблари фарзандларига сумка, ўқув қуроллари ҳадя этилди.
Юздан зиёд хонадон эгаларининг кўнгли кўтарилиб, улар эзгу ишларнинг бошида турган барча азиз инсонларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилишди.

Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари