Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарлари 7-11 июл кунлари мезбонлик қилаётган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми доирасида Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган “Имом Мотуридий мероси: мўътадиллик, бағрикенглик ва илм-маърифат пойдевори” мавзусидаги халқаро конференцияда Имом Мотуридий инновацион музейи лойиҳаси ва унинг илмий концепциясига бағишланган тақдимот ўтказилди, хабар бермоқда iccu.uz.
Тақдимотда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари ҳақида маълумот берилди. Қайд этилганидек, бугунги кунда Самарқанд шаҳрида Имом Мотуридий мажмуаси ва унга туташ қадимий Чокардиза қабристони ҳудудида янги мақбара, замонавий масжид ҳамда илмий-маърифий объектлар барпо этилмоқда. Шунингдек, археологик тадқиқотлар натижасида ислом ҳуқуқшунослиги тарихида ўчмас из қолдирган буюк аллома, «Ҳидоя» асари муаллифи Бурҳониддин Марғиноний мақбараси аниқланиб, у ҳам мажмуа таркибида қайта тикланмоқда.
Тақдимотда Имом Мотуридий мажмуасининг муҳим таркибий қисми бўлган Имом Мотуридий инновацион музейи концепцияси алоҳида таништирилди. Лойиҳа Туркиянинг Outdoor Factory компанияси томонидан Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази тақдим этган илмий манбалар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, музейнинг экспозициялари замонавий дизайн, рақамли технологиялар ва интерактив ечимлар асосида шакллантирилмоқда.
Тақдимот давомида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази етакчи илмий ходими Ихтиёр Абдураҳмонов музейнинг илмий концепцияси ва экспозиция залларининг мазмуни ҳақида батафсил маълумот берди.
Унинг сўзларига кўра, музейда ақида ва калом илмининг шаклланиш тарихи, Имом Мотуридийнинг ҳаёти ва илмий мероси, мотуридийлик таълимотининг Мовароуннаҳрдан бутун ислом оламига тарқалиш жараёни, Чокардиза қабристони тарихи ҳамда бугунги кунда аллома меросини ўрганиш ва тарғиб қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар замонавий мультимедиа технологиялари орқали ёритилади.
– Музейнинг асосий мақсади Имом Мотуридийнинг бой илмий меросини замонавий технологиялар воситасида кенг жамоатчиликка етказишдир. Барча экспозициялар ишончли тарихий манбаларга таяниб яратилмоқда. Интерактив ечимлар орқали ташриф буюрувчилар нафақат экспонатларни томоша қилади, балки алломанинг ҳаёти, илмий мактаби ва мотуридийлик таълимотининг мазмун-моҳиятини чуқур англаш имкониятига эга бўлади. Бу музей келгусида халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қиладиган йирик илмий-маърифий ва рақамли зиёрат марказига айланади», — деди Ихтиёр Абдураҳмонов.
Тақдимотда музейнинг асосий экспозиция заллари ҳам намойиш этилди. Хусусан, ақида ва калом илмининг шаклланиши, Имом Мотуридий яшаган давр илмий муҳити, мотуридийлик таълимотининг дунёга тарқалиши, Чокардиза қабристони тарихи ҳамда археологик топилмалар замонавий музей ечимлари орқали акс эттирилиши таъкидланди.
Форум иштирокчилари тақдим этилган лойиҳани юксак баҳолаб, унинг Имом Мотуридийнинг бой илмий меросини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, ёш авлодни маърифат ва бағрикенглик руҳида тарбиялаш ҳамда зиёрат туризмини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари иштирокида Андижон вилояти имом-хатибларининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди.
Мажлисда Давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар сарҳисоб қилинди. Хусусан, мўмин-мусулмонлар тоат-ибодат қилиши учун кенг имкониятлар берилгани, юзлаб янги жоме масжидлар очилгани, мадрасалар таъсис этилгани, Қуръони карим курслари ишлаётгани, илмий-тадқиқот марказлари фаолияти йўлга қўйилгани ва соҳа ходимлари ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланаётганига урғу қаратилди.
Мана шундай хайрли ўзгаришлар Андижон вилояти мисолида ҳам ўз ифодасини топиб, жорий йилда иккита янги масжид очилиши, намозхонлар эҳтиёжларини таъминлаш йўлида самарали ишлар қилиниши, олий маълумотли имомлар салмоғи ошиши, хорижда касб-маҳоратини ошириш йўлга қўйилиши, тарғибот ишлари кенгайиши ва хайрия ишлари кўлами ортиши кабилар қайд этилди.
Йиғилишда диний соҳа ходимлари олдида турган устувор вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, ёшлар эътиқодини мустаҳкамлаш мақсадида манзилли ишлаш, жамоат намозларида қавм билан бўладиган маърифий суҳбатлар таъсирчанлигини ошириш, хорижда меҳнат қилаётган ватандошларимиз билан мулоқот ўрнатиш, уларни Фатво марказининг ишончли манбаларига йўналтириш каби вазифалар алоҳида таъкидланди.
Муфтий ҳазратлари имом-домлаларни шариат ходими сифатида меҳроб ва минбар масъулиятини қалбан ҳис этишга, қавмнинг илму маърифати ва тоат-ибодати йўлида сидқидилдан хизмат қилишга чақирдилар.
Масжидларда куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш, намозхонлар учун қулай шароитлар ҳозирлаш ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этиш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.
Тадбир сўнгида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати