Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарлари 7-11 июл кунлари мезбонлик қилаётган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми доирасида Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган “Имом Мотуридий мероси: мўътадиллик, бағрикенглик ва илм-маърифат пойдевори” мавзусидаги халқаро конференцияда Имом Мотуридий инновацион музейи лойиҳаси ва унинг илмий концепциясига бағишланган тақдимот ўтказилди, хабар бермоқда iccu.uz.
Тақдимотда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари ҳақида маълумот берилди. Қайд этилганидек, бугунги кунда Самарқанд шаҳрида Имом Мотуридий мажмуаси ва унга туташ қадимий Чокардиза қабристони ҳудудида янги мақбара, замонавий масжид ҳамда илмий-маърифий объектлар барпо этилмоқда. Шунингдек, археологик тадқиқотлар натижасида ислом ҳуқуқшунослиги тарихида ўчмас из қолдирган буюк аллома, «Ҳидоя» асари муаллифи Бурҳониддин Марғиноний мақбараси аниқланиб, у ҳам мажмуа таркибида қайта тикланмоқда.
Тақдимотда Имом Мотуридий мажмуасининг муҳим таркибий қисми бўлган Имом Мотуридий инновацион музейи концепцияси алоҳида таништирилди. Лойиҳа Туркиянинг Outdoor Factory компанияси томонидан Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази тақдим этган илмий манбалар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, музейнинг экспозициялари замонавий дизайн, рақамли технологиялар ва интерактив ечимлар асосида шакллантирилмоқда.
Тақдимот давомида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази етакчи илмий ходими Ихтиёр Абдураҳмонов музейнинг илмий концепцияси ва экспозиция залларининг мазмуни ҳақида батафсил маълумот берди.
Унинг сўзларига кўра, музейда ақида ва калом илмининг шаклланиш тарихи, Имом Мотуридийнинг ҳаёти ва илмий мероси, мотуридийлик таълимотининг Мовароуннаҳрдан бутун ислом оламига тарқалиш жараёни, Чокардиза қабристони тарихи ҳамда бугунги кунда аллома меросини ўрганиш ва тарғиб қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар замонавий мультимедиа технологиялари орқали ёритилади.
– Музейнинг асосий мақсади Имом Мотуридийнинг бой илмий меросини замонавий технологиялар воситасида кенг жамоатчиликка етказишдир. Барча экспозициялар ишончли тарихий манбаларга таяниб яратилмоқда. Интерактив ечимлар орқали ташриф буюрувчилар нафақат экспонатларни томоша қилади, балки алломанинг ҳаёти, илмий мактаби ва мотуридийлик таълимотининг мазмун-моҳиятини чуқур англаш имкониятига эга бўлади. Бу музей келгусида халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қиладиган йирик илмий-маърифий ва рақамли зиёрат марказига айланади», — деди Ихтиёр Абдураҳмонов.
Тақдимотда музейнинг асосий экспозиция заллари ҳам намойиш этилди. Хусусан, ақида ва калом илмининг шаклланиши, Имом Мотуридий яшаган давр илмий муҳити, мотуридийлик таълимотининг дунёга тарқалиши, Чокардиза қабристони тарихи ҳамда археологик топилмалар замонавий музей ечимлари орқали акс эттирилиши таъкидланди.
Форум иштирокчилари тақдим этилган лойиҳани юксак баҳолаб, унинг Имом Мотуридийнинг бой илмий меросини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, ёш авлодни маърифат ва бағрикенглик руҳида тарбиялаш ҳамда зиёрат туризмини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Инсон дардига шерик бўлиш, оғирини енгиллатиб, кўнглига шодлик улашиш — ислом динининг энг гўзал қадриятларидан биридир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишини аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади», дея марҳамат қилганлар.
Ана шу эзгу таълимотга мувофиқ, бугун, 30 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари навбатдаги фуқаролар қабулини ўтказдилар. Унда Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Андижон, Фарғона, Наманган, Бухоро, Самарқанд вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистондан келган 70 га яқин юртдошларимизнинг арз, таклиф ва мурожаатлари тингланди.
Қабулда фуқароларнинг ҳар бир масаласига алоҳида эътибор қаратилди: ижтимоий кўмак ва даволаниш учун моддий ёрдам сўраб келган эҳтиёжмандларга тегишли тартибда ёрдам чоралари белгиланди, ҳудудлардаги масжидлар ҳолати ва диний хизмат билан боғлиқ масалалар назоратга олинди, таълим олиш, оилавий муроса ҳамда шаръий ҳукмлар бўйича келган юртдошларимизга зарур йўл-йўриқ ва тавсиялар берилди. Шунингдек, қабулга шукроналик изҳор этиб, дуо олиш ниятида келган нуроний отахон-онахонларнинг эзгу тилаклари қабул қилинди.
Ўз муаммоларига амалий ечим ва кўнглига таскин топган юртдошларимиз диний соҳа мутасаддиларидан мамнун бўлиб, юзида табассум ва қалбида дуолар билан қайтдилар.
Эслатиб ўтамиз, халқ билан яқиндан мулоқот қилиш ва уларнинг мурожаатларига ечим топиш жараёнлари юртимиздаги барча жоме масжидларда ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан мунтазам олиб борилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати