Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарлари 7-11 июл кунлари мезбонлик қилаётган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми доирасида Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган “Имом Мотуридий мероси: мўътадиллик, бағрикенглик ва илм-маърифат пойдевори” мавзусидаги халқаро конференцияда Имом Мотуридий инновацион музейи лойиҳаси ва унинг илмий концепциясига бағишланган тақдимот ўтказилди, хабар бермоқда iccu.uz.
Тақдимотда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари ҳақида маълумот берилди. Қайд этилганидек, бугунги кунда Самарқанд шаҳрида Имом Мотуридий мажмуаси ва унга туташ қадимий Чокардиза қабристони ҳудудида янги мақбара, замонавий масжид ҳамда илмий-маърифий объектлар барпо этилмоқда. Шунингдек, археологик тадқиқотлар натижасида ислом ҳуқуқшунослиги тарихида ўчмас из қолдирган буюк аллома, «Ҳидоя» асари муаллифи Бурҳониддин Марғиноний мақбараси аниқланиб, у ҳам мажмуа таркибида қайта тикланмоқда.
Тақдимотда Имом Мотуридий мажмуасининг муҳим таркибий қисми бўлган Имом Мотуридий инновацион музейи концепцияси алоҳида таништирилди. Лойиҳа Туркиянинг Outdoor Factory компанияси томонидан Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази тақдим этган илмий манбалар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, музейнинг экспозициялари замонавий дизайн, рақамли технологиялар ва интерактив ечимлар асосида шакллантирилмоқда.
Тақдимот давомида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази етакчи илмий ходими Ихтиёр Абдураҳмонов музейнинг илмий концепцияси ва экспозиция залларининг мазмуни ҳақида батафсил маълумот берди.
Унинг сўзларига кўра, музейда ақида ва калом илмининг шаклланиш тарихи, Имом Мотуридийнинг ҳаёти ва илмий мероси, мотуридийлик таълимотининг Мовароуннаҳрдан бутун ислом оламига тарқалиш жараёни, Чокардиза қабристони тарихи ҳамда бугунги кунда аллома меросини ўрганиш ва тарғиб қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар замонавий мультимедиа технологиялари орқали ёритилади.
– Музейнинг асосий мақсади Имом Мотуридийнинг бой илмий меросини замонавий технологиялар воситасида кенг жамоатчиликка етказишдир. Барча экспозициялар ишончли тарихий манбаларга таяниб яратилмоқда. Интерактив ечимлар орқали ташриф буюрувчилар нафақат экспонатларни томоша қилади, балки алломанинг ҳаёти, илмий мактаби ва мотуридийлик таълимотининг мазмун-моҳиятини чуқур англаш имкониятига эга бўлади. Бу музей келгусида халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қиладиган йирик илмий-маърифий ва рақамли зиёрат марказига айланади», — деди Ихтиёр Абдураҳмонов.
Тақдимотда музейнинг асосий экспозиция заллари ҳам намойиш этилди. Хусусан, ақида ва калом илмининг шаклланиши, Имом Мотуридий яшаган давр илмий муҳити, мотуридийлик таълимотининг дунёга тарқалиши, Чокардиза қабристони тарихи ҳамда археологик топилмалар замонавий музей ечимлари орқали акс эттирилиши таъкидланди.
Форум иштирокчилари тақдим этилган лойиҳани юксак баҳолаб, унинг Имом Мотуридийнинг бой илмий меросини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, ёш авлодни маърифат ва бағрикенглик руҳида тарбиялаш ҳамда зиёрат туризмини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Талабалик инсон ҳаётининг олтин даври ҳисобланади. Талабалик ва ёшлик чексиз имкониятлар, улкан мақсадлар сари олиб борувчи, завқ-шавққа тўлган энг гўзал палласидир. Ҳар бир фасл сингари, ҳар бир даврнинг ҳам ўз фазилати ва хислати бор.
Айни пайтда юртимиз таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланди. Шу муносабат билан Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида ҳам “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида маънавий-маърифий байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Академия Жамоатчилик кенгаши раиси Иқболжон Мирзаалиев, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов, Академия профессор-ўқитувчилари, талабалар, ота-оналар, Академик лицейнинг ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этди.
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси Матбуот хизмати хабарига кўра, маросим Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси билан бошланди. Мадҳия садоларидан сўнг Академия биринчи проректори Ҳабибулло Садибақосев сўзга чиқиб, йиғилганларга ректор Музаффар Комиловнинг байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Академия проректори сўнгги йилларда мамлакатимиз таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини эътироф этди. Ёшларни олий таълимга қамровини ошириб бориш, замонавий ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш борасида изчил сиёсат олиб борилаётгани, бу борада Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси нафақат юртимиз, балки минтақамиздаги энг нуфузли ва шарафли ўқув муассасаси ҳисобланишини қайд этди.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан ташкил этилган Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида жамият ривожига ҳиссасини қўшадиган, ўз соҳасининг малакали мутахассисларини камолга етказиш устувор вазифа саналади.
Бугунги кунда Академияда Ислом иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар, Мумтоз шарқ филологияси ҳамда Исломшунослик факультетлари, “Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ICESCO”, “Ислом тарихи ва манбашунослиги IRCICA”, “Ижтимоий фанлар ва ҳуқуқ”, “Диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш UNESCO”, “Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари”, “Дин психологияси ва педагогика” кафедраси каби 10 та кафедра фаолият олиб бормоқда.
Тадбир давомида Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Академия Жамоатчилик кенгаши раиси Иқболжон Мирзаалиев, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси профессори, “Имом Бухорий” ордени соҳиби Зоҳиджон Исломов сўзга чиқиб, йиғилганларни байрам билан муборакбод этишди.
Шунингдек, маросимда талабаларнинг ота-оналари сўз олди. Талабалар томонидан Академия мадҳияси ижро этилди. Тадбир якунида Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов сўз олиб, барчага янги ўқув йили хайрли келишини сўраб, дуо қилди.
Тантанали маросим аудиториялардаги “Мустақиллик дарслари” билан давом этди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати