Дастлаб юртимиз вакиллари университет тарихи, таълим тизими ва илмий фаолияти билан яқиндан танишдилар. Сўнг университет Илоҳиёт факультети декани, доктор Абдужаббор Кавак иштирокида илмий-амалий семинар ташкил этилди. Унда таълим даргоҳининг илмий салоҳияти ва халқаро ҳамкорлик йўналишлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Дастур доирасида Ўзбекистондаги диний таълим тизимидаги ижобий ўзгаришлар «Кўкалдош» билим юрти мисолида хорижлик ҳамкорларга тақдим этилди:
Аҳрор домла Абдуллаев (билим юрти мударриси) араб тилида маъруза қилиб, юртимиздаги диний-маърифий соҳада амалиётга тадбиқ этилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини очиб берди;
Алиакбар домла Абдуллаев эса ўқув жараёнларини ташкил этиш, таълим сифатини назорат қилиш ва илмий-амалий фаолиятни йўлга қўйиш бўйича мазмунли тақдимот ўтказди.
Тажриба алмашинув: Ҳафта давомида Қорабук университети профессор-ўқитувчилари билан замонавий педагогик ёндашувларни жорий этиш юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, вакилларимиз Туркиядаги машҳур «Имом-хатиб» лицейлари фаолияти ва уларнинг илғор тажрибаларини жойларга чиққан ҳолда ўргандилар.
Сафар якунида университет раҳбарияти билан расмий учрашув бўлиб ўтди. Мулоқотда икки таълим муассасаси ўртасида ўзаро тажриба алмашишни бардавом қилиш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш ва истиқболдаги ҳамкорлик режалари келишиб олинди.
"Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти
Матбуот хизмати
Бугун, 10 август куни Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги «Охун бобо» жоме масжидида хайрли ва саховатпеша тадбир ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда яқинлашиб келаётган янги ўқув йили муносабати билан Урганч шаҳар бош имом-хатиби Ҳасанбой домла ва саховатпеша ҳомийлар ташаббуси билан боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олинди.
Тадбир доирасида мактаб ёшидаги ўқувчиларга янги ўқув йили учун зарур бўлган мактаб формаси, сумка ва тўлиқ ўқув қуроллари тўпламлари тантанали равишда топширилди.
Маросим якунида юртимиз тинчлиги, хонадонлар файзу баракаси ва хайрли ишга ҳисса қўшган барча саховатпеша инсонлар ҳақига эзгу дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати