#тақдимот #форум #китоб
Аввал хабар қилинганидек, мамлакатимизда "Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли" мавзусидаги I Халқаро ислом цивилизацияси форуми бўлиб ўтди.
Самарқанд шаҳрида ўтказилган ушбу нуфузли анжуман Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, ислом илмлари бўйича тадқиқотларни ривожлантириш, хорижий илмий марказлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда ёш тадқиқотчилар учун янги илмий мулоқот майдонларини яратишга хизмат қилди.
Форум доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакили, "Имом Бухорий" ордени соҳиби, Уламолар кенгаши аъзоси, Мир Араб олий мадрасаси ректори Жобир домла Элов муаллифлигида нашр этилган "Имом Бухорий – муҳаддислар фахри" китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Асарда буюк муҳаддис Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг ҳаёти, илмий мероси, юксак ахлоқи ҳамда Ислом тамаддуни ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси содда ва равон услубда ёритилган.
Китоб Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг илмга садоқати, тақвоси ва машаққатли илмий сафарларини ўқувчига яқиндан таништириб, маънавий-маърифий жиҳатдан муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Наманганда эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинмоқда.
“Меҳр-саховат” маърифий тадбири доирасида соҳа ходимлари шаҳардаги 125 та хонадонга ташриф буюриб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатдилар. “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамда саховатпеша юртдошларимиз ҳамкорлигида кўрсатилган ушбу кўмак кўнгилларга илиқлик, юзларга табассум улашди.
Дилдан кечган самимий суҳбатлар ва кўтарилган дуолар юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати