Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Август, 2026   |   14 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:20
Қуёш
05:44
Пешин
12:25
Аср
17:07
Шом
19:08
Хуфтон
20:28
Bismillah
27 Август, 2026, 14 Рабиъул аввал, 1448
Янгиликлар

Навоий вилоятида топилган энг қадимги масжид

13.07.2026   31957   1 min.
Навоий вилоятида топилган энг қадимги масжид

Навоий вилояти ҳудудида жойлашган қадимги Ҳазора қишлоғидаги меъморий ёдгорлик – Деггарон масжиди VII–IX асрларда қурилган бино ўрнига XI асрда бунёд этилган.

 

Бу Навоий вилоятида топилган масжидлардан энг қадимгиси. Кейинчалик, масжид, сопол қозон ясовчилар маҳалласи гузарида жойлашгани учун "Деггарон масжиди" деб номланган.

 

Ўрта асрларда Ҳазора ўртача шаҳар сифатида машҳур эди. Ёнида эса бир канал қазилгани эски араб манбаларида зикр этилган. Шаҳар Бухоро воҳасининг "Улкан чўл" билан чегарасида қўриқлаш функцияларини бажарган ва "Кампир дувол" деб аталмиш эски фортификация тизимига кирган. 

 

Масжиднинг ташқи кўриниши куб шаклида, усти гумбазлар билан ёпилган, хона ичида пишиқ ғиштдан тўрт ғўла (устун) ишланган. Қолган девори хом ғиштдан тикланиб, юзаси пишиқ ғишт билан қопланган. Тўрт рукн – устун (диаметри 128 см) хонақоҳ ичини деворсиз тўққиз қисмга ажратган. Марказий қисми нисбатан йирикроқ гумбаз билан ёпилган. Бошқа қисмларга – бир томонидан деворга, қарши томонидан устунга таянтириб, яна саккизта кичик гумбаз ишланган. XX асрда масжиднинг жанубий ва шарқий деворларига тақаб синчкор айвон қурилган. Айвон устунида бинонинг 1910 йили қайта қурилгани қайд этилган. Кейинчалик айвонлари вайрон бўлган. 

 

Деггарон масжиди – исломият даврининг Марказий Осиёда сақланиб қолган қадимий саждагоҳи сифатида меъморий ўзига хослиги ва содда салобати билан диққатга сазовор. 

Oyina.uz

Навоий вилоятида топилган энг қадимги масжид
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

«Асрларни бирлаштирувчи мерос»: медиафорумда Қуръон, қўлёзмалар ва сунъий интеллектга оид лойиҳалар тақдим этилади

26.08.2026   10163   2 min.
«Асрларни бирлаштирувчи мерос»: медиафорумда Қуръон, қўлёзмалар ва сунъий интеллектга оид лойиҳалар тақдим этилади

 «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» Халқаро медиафорумининг учинчи ялпи сессияси 26 август куни «Асрларни бирлаштирувчи мерос. Ислом цивилизациясининг маънавий мазмун-моҳияти» мавзусида бўлиб ўтмоқда. Сессияда Қуръон мероси, қадимий қўлёзмалар, хаттотлик, ҳужжатли кино ҳамда тарихий манбаларни ўрганишда сунъий интеллектдан фойдаланиш масалалари ўрин олган, хабар бермоқда iccu.uz.

Асосий лойиҳалардан бири — «114 Қуръон: ислом олами хаттотлигининг 114 дурдонаси» бўлади. Уни Mueller & Schindler нашриёт уйи вице-президенти Александр Вильгельм тақдим этди. Шунингдек, сессияда «Катта Лангар Қуръони: ҳақиқат ва афсоналар» халқаро лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди. Уни Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби Рустам Жабборов тақдим қилди.

Санкт-Петербург ҳужжатли фильмлар студияси бош директори Алексей Тельнов «Ягона тарихий мерос саҳифалари» лойиҳаси доирасида яратилган «Масжид» фильмининг трейлерини намойиш этди. Исломшунос ва маданият арбоби Кетлин Гёбель иштирокчиларни «Аллоҳнинг 99 исми: Унинг гўзал исмлари орқали Яратганни англаш» ноширлик лойиҳаси билан таништирди.

Алоҳида блок янги технологияларга бағишланади. Сбербанк Истиқболли технологияларни ривожлантириш бошқармаси ижрочи директори Владимир Кох ҳамда Ислом цивилизацияси маркази профессори, бош илмий ходими Зоҳидулло Мунавваров «Сунъий интеллект — қадимий қўлёзмаларни ўқишнинг рақамли калити» лойиҳасини тақдим этади. Дастурдан, шунингдек, «Пайғамбарнинг фазилатлари» китоби ва «Ўзбекистон тарих харитасида: империялар, цивилизациялар, даврлар» лойиҳаси ҳам ўрин олган.

Халқаро мунозара «Жаҳолатдан маърифат сари: стереотиплар ва исломофобияни бартараф этишда медианинг ўрни» мавзусида ўтказилади. Унда Ислом ҳамкорлик ташкилоти, шунингдек, Жазоир, Уммон, Покистон, Саудия Арабистони, Ироқ, Мали ва Ўзбекистоннинг давлат ва халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Ориф «Журналистикада тарих ва сунъий интеллект: меросни онлайн маконда қандай сақлаш мумкин?» лойиҳасини, Ислом цивилизацияси маркази медиа бўлими раҳбари Ўктам Усманов эса «Ўзбекистонни дунёга машҳур қилган олимлар» китобини тақдим этади. Сессия «Дунё Қуръони: хаттотлик анъаналаридан — келажак мероси сари» тақдимоти билан якунланади. Ислом цивилизацияси маркази ҳузуридаги Хаттотлик мактаби директори Ҳабибулло Солиҳ турли мамлакатлар ва ислом хаттотлик мактаблари анъаналарини бирлаштирувчи ноёб Қуръонни яратиш бўйича хаттотлар ўртасидаги Жаҳон танловини эълон қилади.
 
Форумнинг асосий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлади. Унда деярли 50 мамлакатдан медиа ва экспертлар ҳамжамиятининг 300 нафар вакили — медиакомпаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустрия мутахассислари иштирок этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари